Дунё

Археологлар Аристотел Александрга дарс берган мактабдан кутилмаган топилма аниқлади

Археологлар Аристотел Александрга дарс берган мактабдан кутилмаган топилма топди

Грецияда қадимий мактаб ҳудудида олиб борилган қазишмалар чоғида мозаикали ҳашаматли зиёфат заллари аниқланди. Айнан шу жойда файласуф Аристотел македониялик Александрга таълим берган.

Лабружулаверде хабарига кўра, кенг кўламли қазишмалар Грециянинг Салоники шаҳридан 65 километр узоқликда, қадимий ёдгорликлар фахрий археологи Анжелика Коттариди бощилигида амалга оширилган.

Археологлар мажмуанинг шарқий қисмини — дидаскалеён, яъни таълим уйини батафсил ўрганган. Бу ерда тош ўриндиқли ўқув хоналари ва гимнастика машғулотлари ўтказиладиган палестра жойлашган.

Аммо энг муҳим топилма 160 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган уч хонали бино бўлди. Унда эркаклар учун мўлжалланган иккита андрон — зиёфат зали аниқланган.

Ҳар икки хонада мозаикали поллар ҳамда камида 20 нафар меҳмон учун мўлжалланган, ётиб зиёфат қилишга хизмат қиладиган тош супалар яхши сақланган. Бу топилма Македония зодагонлари, жумладан, Александр билан бирга таълим олган ёшлар фақат мантиқ ва бошқа фанларни эмас, балки қироллик саройи анъаналарига мос ҳашаматли зиёфатлар уюштириш санъатини ҳам ўрганганини кўрсатади.

Греция Маданият вазирлиги маълумотига кўра, мажмуанинг безаклари ва мозаикали поллари Македония ҳукмдорларининг Эгалардаги қироллик саройи безакларига деярли ўхшайди.

Олимлар фикрича, Миезадаги гимназияни Македония ҳукмдорлари қароргоҳини қурган усталарнинг ўзи барпо этган.

Қарийб 3 гектар майдонни қамраб олган қазишма ҳудудидан ионий услубидаги фриз парчалари, қадимий кулолчилик буюмлари ва тангалар ҳам топилган.

Тизимли қазишмалар 2024-йилда бошланган. Шу вақт ичида археологлар бронза стилуслар ва қимматбаҳо амфораларни ҳам аниқлаган.

Қадимий мажмуа узоқ вақт фаолият юритмаган. У милоддан аввалги 148-йилда римликлар томонидан вайрон қилинган. Бироқ вайроналар ва ёнғин натижасида ҳосил бўлган қатлам қадимий мозаикалар ҳамда сувоқ қисмларини ўзига хос тарзда сақлаб қолган.

Шу тариқа, археологлар Аристотел македониялик Александрга таълим берган мактаб ҳудудида нафақат қадимги таълим тизимига оид изларни, балки Македония зодагонларининг ҳаёти ва сарой маданиятини акс эттирувчи ноёб мажмуани ҳам аниқлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.