Арманистон ва Озарбайжон халқаро судларда бир-бирига қарши қўзғатган даъволарини қайтариб олиши мумкин
Икки мамлакат ўртасида якуний тинчлик шартномаси имзоланса, ўзаро ҳуқуқий низоларга чек қўйилади. Томонлар 2021-йилдан буён БМТ Халқаро судида бир-бирини ирқий камситишда айблаб келаётганди.

Арманистон ва Озарбайжон халқаро судлардаги ўзаро даъволаридан воз кечиши мумкин
Тинчлик битими тузилиши доирасида Арманистон ва Озарбайжон бир-бирига қарши халқаро судларга топширган даъво аризаларини қайтариб олиши кутилмоқда. Бу ҳақда Арманистон бош вазири аппарати раҳбари Лилит Макунц маълум қилди, дея хабар берди “ТАСС”.
Макунцнинг айтишича, агар икки томон якуний тинчлик шартномасини имзоласа, ўзаро даъволарни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинади. Шу билан бирга, Ереван халқаро майдонда ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ҳеч қачон тўхтатмаслигини билдирди.
Икки давлат ўртасидаги низо 2021-йил сентябрда бошланган. Ўшанда Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини ирқий камситишга қарши халқаро конвенсияни бузганликда айблаб, БМТ Халқаро судига мурожаат қилган эди. Кейин эса ҳар икки томон суд ваколатини баҳслашгани сабабли ишни кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилган.
2024-йил ноябр ойида БМТ суди аксарият даъволар бўйича ўз ваколатини тасдиқлади. Шунингдек, 2024-йил декабрида Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам тинчлик шартномаси имзоланганидан сўнг барча даъволарни қайтариб олишга тайёрлигини билдирган эди.

