Арманистон бош вазирлигига мухолифатдан номзод Пашинянни судга берди

Арманистон бош вазирлигига мухолифатдан номзод Пашинянни судга берди
Уй қамоғида бўлган ва «Кучли Арманистон» блокини бошқараётган арманистонлик тадбиркор Самвел Карапетян Бош вазир Никол Пашинянга қарши даъво аризаси билан чиқди. У ҳақоратли сўзлар учун оммавий узр сўрашни ва тахминан 8,3 минг долларни ташкил этувчи 3 миллион драм миқдорида товон пули тўланишини талаб қилмоқда.
Даъво ҳақидаги маълумотлар Арманистоннинг Datalex суд ахборот тизимида жойлаштирилган. Шу билан бирга, эълон қилинган маълумотларда Карапетян Пашиняннинг айнан қайси сўзларини ҳақоратли деб ҳисоблашига аниқлик киритилмаган. Фақатгина гап бош вазирнинг 2026 йил 29 май кунги оммавий чиқиши чоғида айтган гаплари ҳақида кетаётгани маълум.
Судга мурожаат қилишга Пашиняннинг ўша куни сайловолди кампанияси доирасида қилган баёнотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин деб тахмин қилинмоқда. Ўшанда бош вазир Карапетяннинг гўёки у томонидан галлюциноген қўзиқоринлар истеъмол қилиниши ҳақидаги сўзларига изоҳ бериб, тадбиркорнинг ўзи шундай қўзиқоринларни истеъмол қилишини айтган эди.
Карапетян, шунингдек, узр сўраш матни Пашиняннинг расмий сайтида ва унинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинишини талаб қилмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорнинг вакиллари бош вазирдан ҳақорат учун компенсация сифатида 3 миллион драм ундиришни ҳамда суд харажатларини, жумладан, давлат божи ва адвокатлар гонорарларини қоплашни сўрамоқда.
Карапетяннинг ўзи 2026 йилнинг январидан буён уй қамоғида сақланмоқда. Апрель ойида Арманистон Коррупцияга қарши курашиш суди ушбу эҳтиёт чорасини яна уч ойга узайтирди.
Карапетян 2025 йилнинг июнь ойида ҳокимиятни эгаллаб олишга оммавий даъват қилиш айблови билан ҳибсга олинган эди. Кейинчалик унга нисбатан жуда йирик миқдорда пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ишлари бўйича ҳам айбловлар қўйилди. Тадбиркор қўйилган айбловлар бўйича ўз айбини тан олмаяпти.
Жиноий таъқиб Карапетяннинг Арманистон Апостол черкови ва Пашинян ҳукумати ўртасидаги низо фонида черковни қўллаб-қувватлаб қилган оммавий баёнотларидан кейин бошланди. Ушбу баёнотлардан сўнг бош вазирнинг ўзи тадбиркорнинг позициясини Арманистон учун таҳдид деб атаган эди.
Самвел Карапетян «Ташир» компаниялар гуруҳига эгалик қилади. 2026 йилнинг февралида унинг тарафдорлари тадбиркорни «Кучли Арманистон» блокидан Арманистон бош вазири лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Ўша пайтда у аллақачон уй қамоғида эди.

