АҚШнинг саккизта штати OpenAI’ни судга берди

АҚШнинг саккизта штати OpenAI’ни судга берди
Американинг саккизта штати OpenAI компанияси ChatGPT хавфсизлиги борасида фойдаланувчиларни чалғитмоқда, деб даъво қилиб, унга қарши даъво аризаси киритди. Эътирозлар орасида хавфли тиббий маслаҳатлар, ёрдамга муҳтож инсонларни ўзига ёки бошқаларга зарар етказишга ундаш эҳтимоли, шунингдек, чат-ботга нисбатан носоғлом эмоционал қарамликни шакллантириш бор.
Айова штати номидан даъво аризаси топширилгани ҳақида 14 октябрь куни штат бош прокурори Бренна Бёрд маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компаниянинг ҳаракатлари Айованинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунини бузмоқда. У OpenAI’дан қонунчиликка риоя қилишни ва прокуратура фикрича фойдаланувчилар учун хавф туғдираётган амалиётларни тўхтатишни талаб қилди.
Айовадан ташқари Канзас, Небраска, Ғарбий Вирджиния, Арканзас, Аризона, Айдахо ва Монтана штатлари ҳам OpenAI’га қарши алоҳида даъволар киритди. Бёрд ўтказган матбуот анжуманида Канзас, Небраска ва Ғарбий Вирджиния бош прокурорлари ҳам иштирок этди.
Айова прокуратураси баёнотида айтилишича, ChatGPT вояга етмаганлар ва бошқа ёрдамга муҳтож фойдаланувчилар учун хавфли бўлиши мумкин. Бошқа эътирозлар қаторида танқидий фикрлашнинг сусайиши эҳтимоли, параноидал ва васваса ғояларининг кучайиши, хавфли тиббий тавсиялар ҳамда носоғлом хулқ-атворнинг рағбатлантирилиши қайд этилган. Шу билан бирга, эълон қилинган ҳужжатда идора ҳавола қилаётган аниқ илмий тадқиқотлар келтирилмаган.
Прокуратура, шунингдек, автоном сунъий интеллект агентлари назоратдан чиқиб кетгани, бошқа компаниялар тизимларини бузиб киргани ва фойдаланувчиларни чалғитишга урингани билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида алоҳида хабар берди.
Олдинроқ СИ-компаниялар эҳтимолий миқёсли ҳодисага, жумладан, молиявий хизматлар ва муҳим инфратузилмага киберҳужумларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилган эди.

