АҚШдаги оралиқ сайловлар кампанияси харажатлар бўйича тарихдаги энг қиммат сайловга айланиб, рекордларни «тос-тос қилмоқда»
2026 йилги сайлов кампанияси деярли 12 миллиард долларга тушиши прогноз қилинмоқда - BBC Verify ушбу барча маблағлар қаердан келганини ўрганиб чиқди.

АҚШдаги оралиқ сайловлар кампанияси харажатлар бўйича рекорд ўрнатиб, тарихдаги энг қимматига айланиш арафасида
Сайлов кампанияларини молиялаштиришни кузатиб борувчи мустақил Open Secrets гуруҳига кўра, АҚШдаги оралиқ сайловлар кампанияси умумий харажатлари деярли 12 миллиард долларга (9 миллиард фунт стерлинг) етиб, тарихдаги энг қимматига айланиш арафасида турибди.
Маблағларнинг катта қисми 3 ноябрдаги сайлов куни олдидан бир қанча ҳал қилувчи беллашувларга жуда катта суммаларни киритаётган ва Super Pacs деб аталадиган ташқи сиёсий ташкилотлар (Супер сиёсий ҳаракат қўмиталари) томонидан сарфланмоқда.
Энг йирик алоҳида донор миллиардер тадбиркор Илон Маск бўлиб, у Республикачилар номзодларини, айниқса, ўзининг кўплаб компаниялари жойлашган Техас штатида қўллаб-қувватлаш учун ярим миллиард долларга яқин маблағ сарфлади.
Қоидалар жисмоний шахслар, партиялар ва сиёсий ҳаракат қўмиталари (Pacs) номзодларга бевосита қанча хайрия қилиши мумкинлигини чеклайди.
Бироқ, Super Pacs жисмоний шахслар, корпорациялар, касаба уюшмалари ва бошқа сиёсий қўмиталардан чекланмаган миқдорда хайрияларни қабул қилиши мумкин. Улар бу пулларни тўғридан-тўғри номзодларга ўтказиб бера олмайди, лекин уларни билвосита қўллаб-қувватлаш учун сарфлашлари мумкин.
Федерал сайлов комиссиясининг (FEC) октябрь ўрталаригача бўлган ҳисоботларига кўра, ушбу оралиқ сайловлар циклида 9,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаб бўлинган.
Pacs ва Super Pacs ҳиссасига ушбу умумий сумманинг ярмидан кўпи, яъни қарийб 5,5 миллиард доллар тўғри келади, уларнинг охирги икки ойдаги харажатлари деярли икки бараварга ошди.
Номзодлар, партиялар ва ташқи гуруҳлар ўз харажатлари ҳақида FEC’га ҳисобот беришлари шарт, аммо якуний умумий суммалар оралиқ сайловлардан кейингина маълум бўлади.
Шунга қарамай, Open Secrets олдинги цикллар андозаларига асосланиб, умумий кўрсаткич 11,9 миллиард долларга етишини тахмин қилди.
Бу 2022 йилдаги охирги оралиқ сайловлардаги харажатлардан тахминан 30% га юқори бўлади.
Либерал қарашдаги тадқиқот маркази маълумотларига кўра, топ-40 донорлар 14 октябргача 2,4 миллиард доллар ажратган, бу оралиқ сайловлар циклининг ушбу босқичи учун рекорд кўрсаткичдир.
"2026 йилги оралиқ сайловлардаги харажатлар рекордларни янгиламоқда, бу сафарги сайловда маблағларнинг кўпроқ қисми энг бой донорлар ва гуруҳлардан келмоқда", дейди АҚШ сайлов кампанияларини молиялаштириш бўйича мутахассис Майкл Бекел.
Жисмоний шахслар билан бир қаторда, ташкилотлар ҳам Pacs’га хайрия қилишлари мумкин. Масалан, миллиардер молиячи Жорж Сорос томонидан тузилган Geosor Corp ва Fund for Policy Reform ташкилотлари биргаликда либерал гуруҳларга 102 миллион доллар беришган.
Соросдан ташқари, Нью-Йоркнинг собиқ мэри ва тадбиркор Майкл Блумберг 60 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратиб, Демократларнинг энг йирик донори бўлди.
FEC ҳисоботларига кўра, дунёдаги энг йирик савдо фирмаларидан бирини бошқарадиган Жефф Ясс ҳамда АҚШ бизнес таъминоти компанияси эгалари Ричард ва Элизабет Уихлейн каби бир қанча миллиардерларнинг ҳар бири ушбу кампанияда Республикачилар мақсадлари учун 100 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган.
Аммо Маск октябрь ҳолатига кўра деярли ярим миллиард доллар хайрия қилиб, ҳар қандай жисмоний шахсга қараганда энг кўп маблағ киритди.
Маск пулларининг катта қисми у 2024 йилда тузган America PAC номли Super Pac’га ва Республикачиларга хайрихоҳ бўлган Senate Leadership Fund’га йўналтирилган.
Унинг харажатларининг асосий қисми Техасдаги Сенат пойгасига йўналтирилиб, Демократлар номзоди Жеймс Таларико билан беллашаётган Республикачилар номзоди Кен Пакстонни қўллаб-қувватлашга сарфланди.
America PAC’нинг Техасдаги пойгага қилган харажатлари умумий ҳисобда 45 миллион доллардан ошади. У шунингдек, Мичиган ва Огаёдаги Сенат беллашувларининг ҳар бирига 10 миллион долларга яқин маблағ ажратди.
"Крипто-компаниялар ҳам бу циклда жуда фаол бўлишди, Ripple ва Coinbase биргаликда крипто-саноат манфаатларини тарғиб қилувчи Super Pacs’ни молиялаштириш учун 63 миллион доллар беришди", дейди Open Secrets вакили Брендан Ж Глейвин.
Сайлов кампаниялари ва сиёсий гуруҳлар сайловчиларга етиб бориш учун пулларни турли йўллар билан сарфлайдилар, жумладан, жойларда сайловчилар билан ишлаш учун ходимларни ёллаш ва митинглар каби кампания тадбирларини ўтказиш. Улар шунингдек, ички сўровномалар учун ҳам пул сарфлайдилар.
Аммо маблағларнинг аксарияти рекламага, айниқса телевидениега кетади.
AdImpact реклама кузатув фирмаси маълумотларига кўра, ушбу циклда октябрь охиригача рекламага 11,15 миллиард доллар сарфланган.
"Анъанавий эфир телевидениеси реклама харажатларининг асосий бенефициари бўлиб қолмоқда, гарчи рақамли реклама харажатлари ўсишда давом этаётган бўлса-да", дейди Бекел.
Маскнинг харажатларида бўлгани каби, AdImpact реклама пулларининг аксарияти Мичиган, Техас ва Огаё, кейин эса Айова ва Мэн штатларидаги Сенат пойгаларига кетганини аниқлади.

