Лайфстайл

АҚШда ташландиқ қайиқдан 60 та мушук топилди

АҚШнинг Вашингтон штати қирғоқларида ташландиқ қайиқдан 60 та мушук топилиб, қутқариб олинди. Бу ҳақда СБС Невс маҳаллий полицияга таяниб хабар берди.

Август ойи бошида Такома шаҳридаги Оуен қирғоғи яқинида 12 метр узунликдаги ташландиқ қайиқ топилган. Ҳозирда ушбу қайиқ бўйича жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда.

Такома полицияси ижтимоий тармоқда шундай ёзди: “Барча мушукларни хавфсиз олиб чиққанимизга ишонсак-да, мушук боқадиганлар яхши билади: улар жуда уста яширинади. Кемада яна мушук қолган бўлиши мумкин, шу сабабли иш ҳали тўлиқ тугагани йўқ”.

Полиция ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш хизмати ходимлари бир ҳафта давомида кемани кўздан кечириб, ҳайвонларни эҳтиёткорлик билан олиб чиқишди. 11-август куни охирги мушук ҳам қутқариб олинди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 6-август куни ташлаб кетилган кема ҳақида илк бор хабар топишган. Воқеа жойига етиб келган полиция хавфли шароитда яшаётган ўнлаб мушукларга дуч келган.

Полиция эълон қилган суратда ўндан ортиқ мушук кеманинг бир бурчагига тўпланиб олганини кўриш мумкин.

Полиция хабарида айтилишича: “Мушукларнинг кўпчилиги қўрқиб кетган ва оч эди. Уларни қутқариш учун сабр, ғамхўрлик ва катта жамоавий меҳнат талаб этилди”.

Полиция аҳолидан кемада яна мушук кўриб қолишса, ёрдам беришни сўрамоқда. Шунингдек, одамларга кема бортига чиқмаслик уқтирилди. Ҳокимият кема эгаси қайтиб келмаса, уни қирғоқдан олиб ташлашни режалаштирмоқда.

Такома шаҳрида амалда бўлган қоидаларга кўра, бир хонадонда кўпи билан 6 та мушук ёки ит боқилиши мумкин. Полиция тергов тафсилотларини очиқламаган бўлса-да, бу ҳолат ҳайвонларга шафқациз муносабатда бўлиш ва уларни қаровсиз қолдириш моддаси бўйича баҳоланиши мумкин.

Аввалроқ Тоби лақабли мушукчада 28 та бармоқ борлиги аниқланиб, жаҳон рекорди ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди. Бу меъёрдан ўнтага кўп деганидир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.