АҚШ ва Израиль Эронга бериладиган зарбаларни қайта бошлашни режалаштирмоқда
АҚШ ва Израил Эронга янги зарбалар беришни тайёрламоқда. Операция 3 ноябр куни бўлиб ўтадиган Америка конгрессига сайловлардан сўнг бошланиши мумкин. Эҳтимолий нишонлар орасида ядровий объектлар, энергетика инфратузилмаси ҳамда ракета ва дронлар арсеналлари бор.

АҚШ ва Израиль Эронга зарба беришни қайта бошлашни тайёрламоқда
АҚШ ва Израиль Эронга янги зарбалар бериш режасини ишлаб чиқмоқда, улар 3 ноябрда бўлиб ўтадиган АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлардан сўнг бошланиши мумкин, деб хабар беради The Times of Israel нашри New York Times’га таяниб.
NYT маълумотларига кўра, гап қисқа муддатли, аммо жуда шиддатли операция ҳақида бормоқда. Тайёргарлик доирасида АҚШ ва Израиль ҳарбийлари машғулотларни кучайтирган.
Эҳтимолий нишонлар қаторида Эроннинг энергетика инфратузилмаси, ядровий объектлари, шунингдек, ракеталар ва дронлар арсеналлари тилга олинмоқда. NYT суҳбатдошларининг таъкидлашича, зарбаларнинг янги тўлқини Эрон иқтисодиётига жуда оғир зарар етказиши ва Теҳронни ён беришга мажбур қилиши мумкин.
NYT манбаларининг таъкидлашича, АҚШ Эроннинг нефть инфратузилмасига зарба бермаслиги эҳтимоли юқори, чунки АҚШ президенти Дональд Трамп ёнилғи нархининг янада ошишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, нишонлардан бири «Пикакс» ер ости ядровий объекти бўлиши мумкин.
NYT Трампнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиши мумкинлигини истисно этмайди, чунки у илгари бир неча бор зарбаларни қайта бошлаш ҳақидаги қарорларни бекор қилган.
Ҳаво ҳужумларини қайта бошлаш таҳдиди Эрон билан унинг ядровий дастури бўйича, шунингдек, Ҳурмуз бўғизини назорат қилиш масаласидаги музокараларда босим ўтказиш қуроли сифатида ишлатилмоқда, деб ёзади NYT.
Эрон, ўз навбатида, зарбаларга жавобан нишонлар рўйхатини кенгайтириш билан таҳдид қилди. Кемалар ва энергетика инфратузилмасидан ташқари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва сув ости интернет кабеллари ҳам ҳужумга учраши мумкин.

