АҚШ Украинада тартибсизликлар хавфи ҳақида огоҳлантирди

АҚШ Украинада тартибсизликлар хавфи ҳақида огоҳлантирди
АҚШ Давлат департаменти америкаликларни Украинада юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликлардан огоҳлантирди. Ташқи сиёсат идораси ўз фуқароларига бу мамлакатга сафар қилмасликни тавсия этмоқда. Бу ҳақда департамент сайтида янгиланган эслатмада айтилади.
Идора америкаликлар учун тавсияномани янгилади ва хавфлар қаторига фуқаролар тартибсизликларини ҳам қўшди. Ҳужжат 28-август куни кенгайтирилди. Шунга қарамай, умумий хавф даражаси энг юқори бўлган 4-даражада (“Сафар қилманг”) ўзгаришсиз қолди.
Департамент аллақачон Украинада бўлиб турган америкаликларга вазиятни кузатишни тавсия қилади. Улар зарур бўлганда ҳудудни тезда тарк этишга тайёр туриши керак. Шунингдек, АҚШ фуқароларига ҳаво тревогаси сигналларига амал қилиш, яқин-атрофда жойлашган бошпаналарни билиш ҳамда намойишлар ва одамлар гавжум жойлардан йироқ бўлиш уқтирилади.
АҚШнинг Киевдаги элчихонаси ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бироқ муассаса ходимларига пойтахтдан ташқарига чиқиш тақиқланган. АҚШ ҳукумати ходимлари Киевдан ташқарига чиқиш учун махсус рухсатнома олиши шарт. Давлат департаменти ходимларнинг оила аъзоларига Украинада қолишга рухсат бермайди.
Ҳужжатда келтирилишича, Украина ҳаво ҳудуди Америка фуқаро авиацияси учун ёпиқлигича қолмоқда. Баъзи ҳудудларда ҳарбий ҳолат чекловлари, жумладан, комендантлик соати ва ҳужжатларни топшириб текширтириш тартиби амалда бўлиб турибди.
Май ойида АҚШнинг Лондондаги элчихонаси Буюк Британияда террорчилик хавфи даражаси оширилгач, америкаликларни эҳтиёткор бўлишга чақирган. Уларга жамоат жойларида огоҳроқ бўлиш, янгиликларни кузатиб бориш ва ортиқча эътиборни тортмаслик тавсия қилинган.
Шунингдек, август ойи бошида АҚШ фуқароларини Яқин Шарқ давлатларини тарк этишга чақирган. Яъни, Яқин Шарқ пойтахтларидаги АҚШ элчихоналари 1-август куни Америка фуқароларини минтақавий урушдаги “кутилмаган кескинлашув”дан огоҳлантирган ва уларни ҳудудни тарк этишга тайёр туришга ундаган.
Тегишли огоҳлантириш Баҳрайн, Ироқ, Исроил, Иордания, Кувайт, Ливан, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва БААдаги АҚШ элчихоналари интернет саҳифаларида эълон қилинган. Бу хабар Қўшма Штатлар президенти Доналд Трампнинг Эронга жуда қаттиқ зарба бериш билан таҳдид қилганидан бир кун ўтиб пайдо бўлганди.

