Сиёсат

АҚШ бутун дунё бўйлаб виза суҳбатларини тўхтатди

АҚШ бутун дунё бўйлаб виза суҳбатларини тўхтатди

АҚШ ҳукумати бутун дунё бўйлаб виза суҳбатларини вақтинча тўхтатди. Президент Доналд Трамп маъмурияти Оқ уйга қайтганидан сўнг миграцияга қарши қатъий чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда Реутерс хабар берди.

Қўшма Штатлар Давлат департаменти вакилининг 25-август куни маълум қилишича, дунёдаги барча АҚШ элчихоналари ва консулликларида глобал тренинг бошланган. Тренинглар ўтказилиши сабабли виза хизматлари учун белгиланган учрашувлар вақти ўзгартирилади.

Трамп мамлакат ичидаги хавфсизликни яхшилаш мақсадида ноқонуний мигрантларни депортация қилиш ва иммиграция назоратини кучайтириш сиёсатини олиб бормоқда. Ушбу чоралар доирасида сиёсий қарашлар ҳамда АҚШнинг иттифоқчиси бўлмиш Исроилнинг Ғазога ҳужумларига қарши намойишларда қатнашиш каби қатор сабаблар билан визалар ҳамда грин карталар бекор қилинмоқда, аризалар рад этилмоқда.

Бироқ бу қатъий сиёсат судларда эътирозларга учрамоқда. Ўтган ҳафтада АҚШ суди Трамп маъмуриятининг 75 та давлат фуқароларига иммигрантлик визаларини беришни тўхтатиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Судя бу сиёсат давлат котиби Марко Рубионинг қонуний ваколатлари доирасидан чиқиб кетганини таъкидлади.

Давлат департаменти ўтказилаётган тренинг тафсилотлари ва унинг қанча давом этиши ҳақида аниқ маълумот бермади. Идорага кўра, бу машғулотлар консуллик ходимларига АҚШ давлат нафақаларига қарам бўлиб қолиши мумкин бўлган номзодларни аниқлашга ҳамда визаларни ҳар томонлама ва бир хил баҳолашга ёрдам беради.

Виза учрашувларининг тўхтатилгани ҳақида биринчи бўлиб Финансиал Тимес нашри хабар берганди. Манбага кўра, АҚШ элчихоналари ва консулликларида суҳбат куни белгиланган иммигрантлик визаси номзодларига хатлар юборилган. Унда учрашувлар кўчирилгани ва янги сана ҳақида кейинроқ хабар берилиши айтилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Трампнинг ушбу сиёсатини кескин қораламоқда. Улар бу чораларни камситувчи ҳамда сўз эркинлиги ва адолатли суд ҳуқуқларини бузувчи деб ҳисоблайди. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари бундай чоралар АҚШда, айниқса ирқий камситишдан хавотирда бўлган миллий озчиликлар учун хавфли муҳит яратганини таъкидламоқда.

Трамп 2024-йилги сайлов кампаниясида ноқонуний иммиграцияни тўхтатишга ваъда берганди. Бироқ унинг маъмурияти қонуний иммиграцияни ҳам қийинлаштирмоқда. Масалан, ищи визаларининг айрим турлари учун номзодларга янги ва қиммат тўловлар жорий этилди.

Шунингдек, куни кеча Трамп маъмурияти бошпана сўраган 200 минг хорижликнинг визаларини бекор қилмоқчилиги ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, АҚШга қисқа муддатли бизнес ва туризм визаси билан келиб, кейинчалик бошпана сўраган фуқароларнинг ҳужжатларини бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу Қўшма Штатлар тарихидаги энг йирик оммавий виза бекор қилиниши бўлиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.