АҚШ Саудия Арабистонига 5 млрд долларлик авиабомбалар сотилишини маъқуллади

АҚШ Саудия Арабистонига 5 млрд долларлик авиабомбалар сотилишини маъқуллади
АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонига қиймати қарийб 5 млрд доллар бўлган юқори аниқликдаги авиация ўқ-дориларини сотишни маъқуллади. Бу ҳақда идора сайтида хабар қилинган.
Гап ЖДАМ-ЭР туридаги ўқ-дорилар ҳақида кетмоқда. Ушбу тизим оддий авиабомбаларни нишонга аниқ йўналтириш ва уларнинг зарба бериш масофасини ошириш имконини беради.
Эҳтимолий битимнинг умумий қиймати 5 млрд долларга баҳоланган. Унинг асосий пудратчиси Боеинг компанияси бўлиши кутилмоқда.
АҚШ Конгрессига юборилган хабарномага кўра, Саудия Арабистони 10 мингдан ортиқ авиация ўқ-дорилари ва ЖДАМ бошқарув тўпламларини сотиб олишни сўраган. Пакетга вазни қарийб 227 килограмм бўлган 5 004 та авиабомба ҳамда тахминан 907 килограммлик 5 000 та оғир бомба киради. Улар юқори аниқликдаги бошқарув модуллари билан жиҳозланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, етказиб бериш тўпламига ФМУ-139 портлатгичлари, ДСУ-38 ва ДСУ-40 лазерли ҳамда оптик нишон датчиклари, контейнерлар, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ва логистик таъминот ҳам киради.
Бундан ташқари АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонига яна 750 млн долларлик АГТ-1500 двигателларини сотишни ҳам маъқуллаган. Ушбу двигателлар М1 Абрамс танкларида қўлланади. Бу битимнинг асосий пудратчиси Ҳонейвелл компанияси бўлади.
АҚШ Саудия Арабистонига 2026-йил бошида ҳам бир нечта йирик ҳарбий пакетларни маъқуллаган.
30 январ куни Давлат департаменти Саудия Арабистонига 730 та Патриот ПАС-3 МСЕ ракетаси ва уларга тегишли жиҳозларни 9 млрд долларга эҳтимолий сотишга рухсат берган. 3-феврал куни эса Саудия Арабистонининг Ф-15 қирувчиларига техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш учун яна 3 млрд долларлик эҳтимолий битим маъқулланган.

