АҚШ ракета Эрон тўйига келиб тушганини текширмоқда, дейди Вэнс
Эрон Қизил Ярим Ой Жамияти (IRCS) сешанба куни ракета парчаси маросим ўтказилаётган жойга келиб тушиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

АҚШ ракета Эроннинг жанубидаги тўйда портлагани ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда, дейди Вэнс
АҚШ ҳарбийлари Эрон жанубидаги тўйда камида тўрт киши, жумладан икки бола ҳалок бўлгани ҳақидаги Эрон томонининг даъволарини ўрганмоқда, деди вице-президент Жей Ди Вэнс.
Инсонпарварлик ташкилоти бўлмиш Эрон Қизил Ярим Ой Жамияти сешанба куни Сирикдаги уйлардан бирида бўлиб ўтаётган маросимга ракета парчаси келиб текканини маълум қилди. Бу Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий томонидан "ҳарбий жиноят" деб аталишига сабаб бўлди.
АҚШ ракеталари ўша куни Эроннинг Америка кучларига қилган "ҳужум уринишлари"га жавобан учирилган эди, бироқ АҚШ Марказий қўмондонлиги матбуот котиби АҚШ "ҳеч қачон тинч аҳолини нишонга олмаслигини" таъкидлади.
Пайшанба куни гапирган Вэнс ушбу ҳужум ҳақидаги хабарларга "жуда шубҳа билан қарашини" айтди, аммо АҚШ буни текширишини тасдиқлади.
"Шуни айта оламанки, Эрон давлат ОАВлари шу пайтгача можарода нималар содир бўлгани ҳақида холис хабар бермаган. Шу боис мен бунга жуда шубҳа билан қарайман", деди Вэнс Оқ уйдаги брифингда.
"Биз буни текшираётганимизни биламан."
Эрон ушбу ҳужумга жавобан АҚШнинг Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликларидаги базаларига янги ҳужумлар уюштирди.
Эрон Қизил Ярим Ой Жамиятининг маълум қилишича, ракета парчаси оилавий тўй маросимига теккани оқибатида 67 киши жароҳатланган, камида тўрт киши ҳалок бўлган. Эрон давлат ОАВлари бешинчи қурбон — 22 ёшли аёл кўп ўтмай шифохонада вафот этганини хабар қилди.
Ҳалок бўлган тўрт кишининг шахси маҳаллий даражада аниқланди: 50 ёшли Зархатун Таҳери, 43 ёшли Кулсум Маллаҳи Наждниа, 16 ёшли Муҳаммад Маллаҳи ва тўрт ёшли Амирали Карими.
BBC Verify сешанба куни Куҳестак соҳили яқинида олинган видео ва иккита суратни тасдиқлади, уларда телекоммуникация минораси вайрон бўлгани акс этган. Сешанба ва чоршанба кунлари олинган бошқа видеоларда эса минорадан тахминан 130 метр (427 фут) шимолда жойлашган қаттиқ шикастланган уйлар кўринган.
BBC Persian Forensics телекоммуникация минораси тўй бўлаётган уйдан тахминан 112 метр (367 фут) узоқликда жойлашганини аниқлади.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қўшма ҳужум бошлаганидан бери ушбу мамлакат билан тўқнашувлар ярим йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда.

