АҚШ қўшинларини Кубадаги эҳтимолий операцияга тайёрламоқда

АҚШ қўшинларни Кубадаги эҳтимолий операцияга тайёрламоқда
АҚШ армияси яқин 90–120 кун ичида Қуролли кучлар Жанубий қўмондонлигига (SOUTHCOM) ҳарбий полиция бўлинмалари, тиббий ходимлар ва логистика хизматларини тақдим этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
CBS News манбаларининг хабар беришича, ушбу режалаштирилган чора-тадбирлар Кубага нисбатан эҳтимолий операцияларни тайёрлашга қаратилган.
АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари захираси қўмондонлигининг ички ҳужжатига кўра, бўйсунувчи тузилмаларга 25 сентябргача 6 турдаги тузилмаларнинг тайёргарлиги тўғрисида маълумот тақдим этиш буюрилган. Улар орасида моддий-техник таъминот батальони, муҳандислик батальони, экспедиция таъминоти қўмондонлиги, тиббий бригада, илғор жарроҳлик отряди ва ҳарбий полиция бригадаси бор. Шу билан бирга, ҳужжатнинг ўзида Куба номи тўғридан-тўғри тилга олинмаган, қўшинларни амалда жойлаштириш тўғрисида эса ҳозирча буйруқ берилмаган.
АҚШ Жанубий қўмондонлиги вакили тезкор хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, кучларни жойлаштиришнинг эҳтимолий муддатлари ҳақида гапиришдан бош тортди, бироқ идора ўз масъулият ҳудудидаги потенциал эҳтиёжларни баҳолаш учун ҳаракатларни доимий равишда мувофиқлаштириб боришини таъкидлади. Режалаштириш АҚШ маъмуриятининг сиёсий ислоҳотларга эришиш мақсадида Кубага кўрсатаётган иқтисодий босими фонида амалга оширилмоқда.
Бундан аввалроқ, 2026 йилда АҚШ ҳарбийлари орол атрофидаги денгиз шельфида разведка операцияларини ўтказган, ҳарбий-ҳаво кучлари таркибий қисмлари эса юқори шайлик ҳолатига келтирилган эди. АҚШ разведка ҳамжамиятининг 2026 йил учун таҳдидларни баҳолаш ҳисоботида Куба Вашингтоннинг Россия, Хитой ва Эрон каби геосиёсий рақиблари учун қулай шароитлар яратувчи майдон сифатида кўрилмоқда.

