АҚШ қирувчиси сувости кемасини йўқ қилдими? Сурат саволлар туғдирди
АҚШнинг Ф/А-18Ф Супер Ҳорнет қирувчисида синган сувости кемаси тасвири ва Суб Бустер - «сувости кемаларини йўқ қилувчи» ёзуви кўринди. Белги экипажнинг субмаринага қарши зарбада қатнашганига ишора қилиши мумкин. Бироқ қайси кема нишонга олингани, қандай қурол ишлатилгани ва ҳужум қаерда содир бўлгани очиқ материалларда аниқланмаган.

АҚШ қирувчиси сувости кемасини йўқ қилдими? Сурат саволлар уйғотди
Тҳе Авиатионист нашрининг ёзишича, фотограф Жефф Рохас самолётни 1-октабр куни ВФА-41 эскадриляси Калифорниядаги Лемур авиабазасига қайтган пайтда суратга олган. Гап борт рақами 102, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларидаги рўйхат рақами 168491 бўлган қирувчи ҳақида бормоқда.
«Қора тузлар» номи билан танилган эскадриля Эронга қарши Эпис Фурй операцияси чоғида УСС Абраҳам Линсолн авиаташувчисидан фаолият юритган.
Суратларда самолётнинг олд қисмида бир неча қатор кичик бомба тасвирлари кўринади. Сувости кемаси белгиси эса улардан алоҳида тарзда, борт рақами олдига чизилган.
Бу тасвир ташқи кўриниши билан Кило синфига мансуб дизел-электр сувости кемасини эслатади. Аммо соддалаштирилган расмга қараб кеманинг тури ёки номини ишончли аниқлаб бўлмайди. Тҳе Авиатионист ҳам бу талқинни эҳтимолий вариант сифатида келтирган.
Ҳозирча самолёт сувости кемасига айнан кемага қарши ракета билан зарба бергани ҳақидаги даъво тасдиқланмаган. Сурат ҳужумнинг ўзини эмас, қирувчидаги белгини акс эттиради. Нишон ўша вақтда денгизда, причалда ёки таъмирдами бўлгани ҳам номаълум.
Шу боис бу воқеани тарихдаги илк шундай ғалаба деб аташ учун ҳам етарли асос йўқ.
Тҳе Вар Зоне нашри ВФА-41 эскадрилясининг операция давомида сарфлаган қуроллари рўйхати туширилган стенд суратини ҳам эълон қилган. Унда бўлинма жами 421 та ракета ва бомба ишлатгани кўрсатилган.
Жумладан, рўйхатда 173 та ГБУ-38/Б ЖДАМ бошқарилувчи бомбаси, 41 та АГМ-154 ЖСОВ қанотли бомбаси ва 10 та АГМ-84К СЛАМ-ЭР қанотли ракетаси қайд этилган.
СЛАМ-ЭР кемага қарши Ҳарпоон ракетаси асосида ишлаб чиқилган бўлса-да, у ҳам қуруқликдаги, ҳам денгиздаги нишонларга юқори аниқликда зарба бериш учун мўлжалланган. АҚШ ҳарбий-денгиз авиация тизимлари қўмондонлиги — НАВАИР маълумотига кўра, уни Ф/А-18 оиласига мансуб самолётлардан учириш мумкин.
Бироқ СЛАМ-ЭР эскадриля ҳисоботида борлиги айнан шу ракета сувости кемасига қарши ишлатилганини англатмайди. Қуроллар сарфи бутун бўлинмага тегишли бўлиб, қайси самолёт қайси нишонга қандай қурол қўллагани ошкор этилмаган.
Ф/А-18Ф — кўп вазифали Супер Ҳорнет қирувчисининг икки ўриндиқли версияси. У ҳаводаги нишонларга қарши курашиш, кузатиш, разведка ва юқори аниқликдаги зарбалар учун қўлланади.

