АҚШ кучлари Мексика билан чегарада 300 та дрон уриб туширди

АҚШ кучлари Мексика билан чегарада 300 та дронни уриб туширди
АҚШ 4-сентябр куни 2026-йил бошидан бери Мексика чегарасида картеллар томонидан бошқарилган 300 дан ортиқ дронни уриб туширганини маълум қилди.
Қўшма Штатлар ва унга қўшни мамлакатларга масъул бўлган АҚШ Шимолий қўмондонлиги (УСНОРТҲСОМ) бу дронларни гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлади, бироқ бирор аниқ жиноий гуруҳ номини ошкор этмади. Қўмондонлик фақат август ойининг ўзида 100 та дрон уриб туширилганини билдирди. Аммо аппаратлар чегаранинг қайси томонида уриб туширилганига аниқлик киритилмади.
АҚШ ҳарбийларининг айтишича, бу қурилмалардан трансмиллий жиноий ташкилотлар фойдаланган. Улар дронлар орқали контрабанда операцияларини амалга оширган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда ҳарбий ходимларни кузатган.
Мексика мудофаа вазири Рикардо Тревиля эса дронлардан асосан мигрант контрабандачилари фойдаланганини даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, қурилмалар чегарада назорат мавжуд бўлмаган жойларни аниқлаш учун ишлатилган.
Шу билан бирга, дронлардан картелларнинг рақиб гуруҳларга ёки ҳокимият органларига ҳужум қилишида ҳам фойдаланилган.
2025-йил октябр ойида АҚШ билан чегарада жойлашган Мексиканинг Тиҳуана шаҳри прокуратурасига портловчи модда ўрнатилган дрон билан ҳужум қилинган эди. Ҳужум оқибатида бино зарар кўрган, аммо жабрланганлар қайд этилмаган.
АҚШ ҳарбийлари 26-августга ўтар кечаси Техаснинг Рио Гранде водийсида Мексика наркокартелларига тегишли учта дронни лазер ёрдамида уриб туширгани ҳақида хабар берилганди. Операцияда Қўшма Штатлар Қуруқликдаги қўшинларининг кўп мақсадли юқори энергияли лазеридан фойдаланилган.

