АҚШ элчихонасининг болалар порнографияси тасвирларини тарқатишда гумонланувчи ходими полиция сўроқ қилгунига қадар Буюк Британиядан учиб кетди
Ушбу шахс Лондон жанубидаги Воксхолл ҳудудида жойлашган АҚШ элчихонасида ишлаган ва дипломат бўлмаса-да, дипломатик ҳимояга эга бўлган.

АҚШ элчихонасининг болалар порнографиясида гумон қилинган ходими полиция сўроқ қилишидан олдин Буюк Британиядан олиб чиқиб кетилди
Болаларнинг одобсиз тасвирларини сақлашда айбланаётган АҚШ элчихонаси ходими Лондон жанубидаги хонадонида қўлга олинган ва Британия полицияси уни сўроқ қилишга улгурмасидан олдин, август ойида Буюк Британиядан олиб чиқиб кетилган.
АҚШ элчихонаси BBC’га маълум қилишича, расмий идоралар ушбу айбловларни ўрганмоқда ва суриштирув ишлари давом этаётган бир пайтда ходим АҚШга қайта тайинланган.
«Америка Қўшма Штатлари ҳукумати барча ходимлардан хулқ-атворнинг энг юқори стандартларига риоя қилишни талаб қилади ва биз ушбу айбловларга жиддий ёндашамиз», — дейилади элчихона расмийлари баёнотида.
Улар, шунингдек, «Буюк Британия ҳуқуқ-тартибот идораларини зудлик билан хабардор қилиб, тезкор чоралар кўрганларини» қўшимча қилишди.
Маълум бўлишича, ушбу шахс Лондон жануби-ғарбидаги Воксхолл ҳудудида жойлашган АҚШ элчихонасида ишлаган ва у дипломат бўлмаса-да, дипломатик ҳимоя остида бўлган.
Суриштирув ишлари Буюк Британия расмийлари билан ҳамкорликда давом этаётган бир пайтда, у тижорат рейси орқали Қўшма Штатларга қайтариб юборилган.
Шунингдек, суриштирув давом этар экан, Ички ишлар вазирлиги вазирлари ва Метрополитен полицияси ушбу ҳолат бўйича АҚШ элчихонаси билан яқин алоқада бўлиб тургани маълум қилинган.
Буюк Британия ҳукумати матбуот котиби шундай деди: «Биз Буюк Британиядаги барча хорижий дипломатлардан қонунларимизга риоя қилишларини кутамиз, худди Буюк Британиянинг барча дипломатлари хорижда хизмат сафарида бўлганларида шундай қилишларини кутганимиздек».

