АҚШ, Буюк Британия ва Шенген визаларига эга Ҳиндистон фуқаролари учун мамлакатга кириш соддалаштирилди
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бир қатор давлатларнинг амалдаги кўп марталик туристик ёки бизнес визаларига эга бўлган Ҳиндистон фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз киришлари мумкин бўлади. Бунинг учун ўз мамлакатига ёки учинчи давлатга авиачиптани ҳам тақдим этиш керак бўлади.

АҚШ, Буюк Британия ва Шенген визаларига эга Ҳиндистон фуқаролари учун мамлакатга кириш тартиби енгиллаштирилди
Президентнинг 29.08.2026 йилдаги “Халқаро тан олинган визаларга эга бўлган хорижий фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасига кириш тартибини соддалаштириш тўғрисида”ги ПФ-180-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда қуйидаги мақсадлар белгиланган:
• виза тизимини соддалаштириш орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва сайёҳлар оқимини ошириш;
• бу йўналишда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтириш.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Австралия, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, Канада, Корея Республикаси, Шенген битимига аъзо давлатлар, Янги Зеландия ва Япониянинг бизнес ҳамда сайёҳлик тоифаларидаги амалдаги кўп марталик кириш визаларига эга бўлган Ҳиндистон Республикаси фуқаролари учун визасиз режим жорий этилади.
Шунингдек, ушбу хорижий визалардан бирининг амал қилиш муддати давомида Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кунгача бўлган муддатга ўз мамлакатига ёки учинчи давлатга учиш учун авиачиптани тақдим этиш талаб этилади.
2027 йил 1 июлга қадар ушбу қарорнинг ҳиндистонлик сайёҳлар оқимига таъсири натижаларидан келиб чиқиб, мазкур амалиётни бошқа хорижий давлатлар фуқароларига нисбатан ҳам қўллаш бўйича таклиф ишлаб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.09.2026 йилдан кучга кирди.

