АҚШ билан урушда “ўйин қоидалари” ўзгарди – Ғолибоф
Эрон парламенти спикерининг сўзларига кўра, АҚШ “ҳужумларга симметрик жавоб қайтариш даври” тугаганини тушуниши лозим.

АҚШ билан урушда “ўйин қоидалари” ўзгарди – Ғолибоф
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида “ўйин қоидалари” ўзгарган. Эндиликда Эрон манфаатлари ва хавфсизлигига қарши ҳар қандай ҳужум Эрон Ислом Республикаси томонидан “янада тезкор, қаттиқ ва оғриқли жавоб” билан қайтарилиши мумкин. Бу ҳақда Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф маълум қилди.
Унинг айтишича, АҚШ “ҳужумларга симметрик жавоб қайтариш даври” якунланганини англаб етиши керак. Ғолибофнинг сўзларига кўра, Эроннинг Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига берган сўнгги зарбалари “фақат бошланиши” эди.
Шу билан бирга, у Эрондаги мураккаб иқтисодий вазиятга ҳам эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, мамлакат аҳолиси валюта курсининг беқарорлиги, инфляция ва ишсизлик сабабли жиддий босим остида қолмоқда. Ғолибоф “ички бирдамлик” ва “ташқи тийиб туриш” АҚШга қарши курашдаги “энг муҳим восита” эканини қайд этди.
5-сентабр куни АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (СЕНТСОМ) раҳбари адмирал Бред Купер АҚШ Эронга қарши урушда ўз тактикасини ўзгартираётганини билдирди.
“Агар сизлар бизнинг икки кемамизга ўқ узсангиз, биз учта кемангизни “ўчириб”, сизларни янада юқори иқтисодий бадал тўлашга мажбур қиламиз”, - деди у.
Купернинг айтишича, зарурат туғилганда АҚШ Қуролли кучлари Эроннинг ҳимояланмаган нефт танкерларини йўқ қилишга тайёр.
5-сентабр куни АҚШ Қуролли кучлари Харк ороли соҳили яқинида Эроннинг нефт танкерларидан бирига ракета зарбаси бериб, уни ишдан чиқарди. Бундан олдин эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Американинг икки ҳарбий кемасига ракета ҳужуми уюштирган эди. Бироқ ҳужум натижасида кемаларга зарар етмаган.
Нашр манбалари танишган ҳисоботга кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганига ярим йил ўтган бўлса-да, мамлакат ўз ҳарбий имкониятларига ишончини сақлаб қолган ва низони давом эттиришга тайёргарлик кўрмоқда.

