Ангренда бемор “проба”сиз укол ортидан комага тушиб қолгани айтилмоқда

Ангренда бемор “проба”сиз укол ортидан комага тушиб қолгани айтилмоқда
Ангрендаги хусусий клиникада 20 ёшли йигитга тиббий ёрдам кўрсатилгач, у комага тушиб қолгани ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув бошланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди.
Тармоқда тарқалган маълумотларга кўра, бемор шамоллаш аломатлари билан шу йилнинг 31-июл куни Ангрен шаҳридаги Ангрен медисал сентер хусусий клиникасига мурожаат қилган. У ерда унга “проба”сиз томирига томчи дори юборилгач, соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Шундан сўнг шаҳар тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилган ва йигит оғир аҳволда Ангрен шаҳар марказий шифохонасига олиб кетилган. У ерда беморга трахеостомия операцияси ўтказилган. Ҳозирда у шифохонанинг реанимация бўлимида ётибди. Беморнинг ота-онаси хусусий клиника томонидан йигитнинг даволаниши учун етарли моддий кўмак кўрсатилмаётганидан норози.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолат назоратга олинганини, уни ҳар томонлама ва холис ўрганиш учун бошқарма томонидан ищи гуруҳ тузилиб, хизмат текшируви тайинланганини билдирди. Текширув давомида беморга кўрсатилган тиббий ёрдам сифати, даволаш жараёни ва ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилади.

