“Амир Темур” метро бекати ҳудудида бадбўй ҳид тарқалмоқда

“Амир Темур” метро бекати ҳудудида бадбўй ҳид тарқалмоқда
“Тошкент метрополитени” АЖ “Амир Темур хиёбони” метро бекатида нохуш ҳид келаётгани ҳақидаги тарқалган хабарларга изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқларда Амир Темур хиёбони метро бекати ҳудудидан нохуш ҳид келаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Аниқланишича, бу нохуш ҳидга Мустақиллик шоҳ кўчасида жойлашган шаҳар оқова сув тармоқларидаги носозлик сабаб бўлган.
Хусусан, оқова сув тармоғидаги носозлик оқибатида сизиб чиққан сув метро туннели бетон конструксияси орқали ички қисмга кириб бориши натижасида бекат ҳудудида нохуш ҳид пайдо бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” АЖ томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда шаҳар оқова сув тармоқлари бошқармасига расмий мурожаат юборилиб, аниқланган носозликни зудлик билан бартараф этиш ва тегишли чоралар кўриш сўралган.
Шунингдек, йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш мақсадида ушбу ҳолат “Тошкент метрополитени” АЖ томонидан назоратга олинган.
Маълумот учун, 14-сентябр куни давомида метрополитен хизматларидан 1 165 550 нафар йўловчи фойдаланган. Бундан аввалги энг юқори кўрсаткич 2026-йил 8-май куни қайд этилган бўлиб, ўша куни Тошкент метрополитени хизматларидан 1 117 061 нафар йўловчи фойдаланганди.

