«Америкалик тадқиқотчилар СИ билан аждодларимиз қиёфаларини тикламоқчи» - рақамли санъатда режалар қандай?
Kun.uz билан Ню Ёркда суҳбатлашган Рақамли санъат ижодий бирлашмаси раҳбари Рауф Набиевга кўра, Бостонда ўзбек СИ мактаби очилади. Шунингдек, америкалик тадқиқотчилар Ўзбекистонга келиб маданият тизимини ўрганади. Набиев АҚШда қатор меморандумлар ҳам тузган, келаси йили Навоий ҳақида филм олиниб, Америкада тақдимот қилиниши кутилмоқда.

«Америкалик тадқиқотчилар СИ билан аждодларимиз қиёфаларини тикламоқчи» — рақамли санъатда қандай режалар бор?
Президентнинг шу йил маданият вакиллари билан учрашувидан сўнг ташкил этилган Рақамли санъат ижодий бирлашмаси сунъий интеллект бўйича йирик лойиҳалар билан ҳам шуғулланмоқда. Бирлашма раҳбари ўтган ҳафта АҚШда бўлиб, турли келишув ва меморандумларга имзо чекди.
Kun.uz билан Ню Ёркда суҳбатлашган Набиев Америкадаги ҳужжатлар мазмуни, бирлашма фаолиятининг бориши ва келажакдаги режалар ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, Бостонда ўзбек СИ мактаби очилади. Америкаликларга ўзбек мутахассислар келиб дарс беради.
«Бизнинг мактаб ТОП 10 таликда турибди. Яъни АҚШ ҳам бизнинг ишларимизни тан олмоқда, мана, Бостондаги мактабга таклиф қилишди, биз келиб дарс берамиз», дейди Рауф Набиев.
Шунингдек, яқин вақт ичида СИ ёрдамида Алишер Навоий ҳақида филм яратилади. Унинг тақдимоти эса Америкада ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бирлашма раисининг қўшимча қилишича, АҚШ тадқиқот институти билан ҳам ҳамкорлик келишуви имзоланган. Унга кўра, энди америкалик тадқиқотчилар Ўзбекистонга келиб, маданият тизимини ўрганади ва таҳлил қилади.
«Ўзбеклар эмас, америкаликлар бориб, нега бизнинг театримиз аввал бошқа даражада эди, ҳозир шу даражага тушиб қолди, нега киномизни ҳеч ким кўрмайди — ҳаммасини таҳлил қилади. Келгуси 10 йилда масалан, бизнинг маданият тизимимизни нималар кутяпти, буларни ҳам айтишади», дейди у.
Раиснинг қўшимча қилишича, энг катта лойиҳалардан бири аждодларимизнинг қиёфаси СИ ёрдамида қайта тикланиши мумкин. Бироқ бунинг учун ҳукуматдан рухсат талаб этилади, шу сабабли бу ҳали таклиф даражасида қолмоқда.
СИ ривожланган замонда уни маданиятга жалб этиш қанчалик тўғри ёндашув ўзи?
Бирлашма раисига кўра, кўр-кўрона эмас, балки муаммоларни ҳал қилиш, ишни яхшилаш ва тезлаштириш мақсадида қўлланса, СИ ўзини оқлайди.
«Авваламбор, тушунчани тўғрилаш керак, бизда СИ билан сабзавотларни гапиртириш ва шунга ўхшаш ишларни қилишяпти. Одамлар ҳам СИ шунга керак деб нотўғри тушунишмоқда. СИ — бу катта имконият. Биз ҳатто, кино ҳам оляпмиз», дейди Рауф Набиев.
Бироқ бирлашма раиси асарларда ҳиссиёт, дид ва энергия сақланиб қолиши кераклигини, шу боис СИ ҳеч қачон ижоддан устун келмаслигини ҳам қўшимча қилди. Унинг айтишича, вақтида СИни яхши ривожлантириш орқали давлатдан чиқиб кетаётган ўнлаб миллион долларларни жамғариб қолиш мумкин.
«Ҳамма СИ устида ишлаб, илғорлаб кетаётган бир пайтда биз керакми-керак эмасми, деб муҳокама қилишимиз ўринсиз. Энди ортга йўл йўқ», дея қўшимча қилади у.

