“Алифбо — бир авлод учун эмас” — Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти директори
Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти директори Низомиддин Маҳмудов ўзбек алифбоси бугунги авлод учун эмас, камида кейинги аср учун яратиладиган давлат стандарти эканини таъкидлади. Профессор лотин алифбосини такомиллаштириш зарурати ва бу борадаги асосий эътирозларга муносабат билдирди.

**"Алифбо – бир авлод учун эмас" – Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти директори**
**Муаллиф:** Низомиддин Маҳмудов, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор.
Ўзбекистон мустақилликка эришганига 35 йил тўлди. Бу давр мобайнида мамлакат иқтисодиёти ўзгарди, давлат бошқаруви рақамлаштирилди, янги авлод вояга етди, сунъий интеллект ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ, ҳалигача якуний ечимини топмаган бир масала мавжуд – бу ўзбек алифбоси.
Алифбони такомиллаштириш ҳақида сўз очилганда, муҳокамалар кўпинча мазмундан кўра кўпроқ эҳтиросга берилади. "Харажат кўп бўлади", "одамлар чалкашиб кетади", "ҳамма нарсани қайта ёзишга тўғри келади", каби иддаолар илгари сурилади. Бир қарашда бу хавотирлар асосли кўриниши мумкин. Аммо уларнинг аксарияти қонун лойиҳасидаги меъёрларга эмас, балки юзаки тасаввурларга таянади.
**Низомиддин Маҳмудов. Фото: Yuz.uz**
Аввало, бир ҳақиқатни тан олиш зарур: алифбо алмашмаяпти. Ҳеч ким янги ёзув тизимини жорий қилаётгани ҳам йўқ. Гап 1993-йилда қабул қилинган лотин алифбосини такомиллаштириш ҳақида кетмоқда. Бу икки ҳолатни тенглаштириш – ислоҳотнинг мазмунини атайлаб ёки билмасдан бузиб кўрсатишдир.
Аслида, ислоҳотнинг асосий мақсади ҳарфларни алмаштириш эмас. Унинг моҳияти ўзбек лотин алифбосини янада изчил, содда ва замонавий талабларга мос ҳолга келтиришдан иборат. Алифбо бир вақтнинг ўзида ҳам тилшунослик, ҳам ахборот технологиялари, ҳам давлат бошқаруви эҳтиёжларига жавоб бериши лозим. Афсуски, амалдаги алифбомиз бу талабларни тўлиқ таъминлай олмаётгани амалиётда яққол намоён бўлмоқда.
Биз йиллар давомида алифбодаги айрим ҳарфларни тўғри ёзишнинг мураккабликлари ҳақида, ноиложликдан улар учун алоҳида истисноли қоидалар жорий этиш зарурати тўғрисида гапириб келдик. Аммо бугун – барча соҳалар каби тил ҳам рақамлашаётган бир пайтда алифбога оид муаммоларнинг кўлами биз ўйлагандан кўра кенгроқ ва чуқурроқ экани маълум бўлди. Аниқланишича, ҳарфлар ва тиниш белгиси ёрдамида сунъий равишда ясалган Ў ва Ғ ҳарфлари Унисоде халқаро белгилар жадвалида битта мустақил ҳарф сифатида кодланмаган. Образли қилиб айтадиган бўлсак, улар яхлит ҳарф сифатида илдизга эга эмас.
Ш ва Ч бирикмалари ҳам қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, улар тилимиздаги жуда фаол товушлар ифодачиси бўлгани боис сўзлар, жумлалар сунъий равишда кенгайиб кетмоқда. Исъҳоқ, асъҳоб каби сўзларни тўғри ёзиш ва ўқиш учун, гарчи вазифасига кирмаса-да, тутуқ белгисини қўйишга мажбур бўляпмиз.
Луғатларни автоматик шакллантириш жараёнида Ш билан бошланган сўзлар С ҳарфи билан бошланадиган сўзлар қаторида сараланиб қоляпти ва уларни тўғрилаш учун қўшимча алгоритмлар ишлаб чиқишга тўғри келмоқда. Қисқартмаларнинг ёзилишида (масалан, АҚШ – АҚШ, ЖЧ – ЖЧ) чалкашликлар юзага келмоқда ва ҳоказо.
Шу боис юқоридаги қўш белгили ҳарф бирикмаларини "бир товуш – бир ҳарф" тамойили асосида ислоҳ қилиш мақбул ечим сифатида кўрилмоқда. Таклиф этилаётган Ğ, Ö, Ş ва Ç ҳарфлари Унисоде стандартида мустақил кодга эга экани ва турли дастурий платформалар томонидан барқарор қўллаб-қувватланиши билан аҳамиятлидир.
Яна бир муҳим масала – харажатлар ҳақида. Қонун қабул қилиниши билан эртасиданоқ миллионлаб паспортлар, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар, дарсликлар, кўча пешлавҳалари, давлат идоралари бланкалари ва йўл белгилари алмаштирилиши керак бўлмайди. Бундай талаб мутлақо мавжуд эмас.
Қонуннинг тегишли моддасида барча расмий ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар, давлат органларининг рамзий белгилари ва бошқа атрибутлари, уларнинг биноларида акс эттирилган давлат гербининг бўртма тасвири, географик обьектларнинг номлари туширилган пешлавҳа ва кўрсаткичлар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа ашёлар ва манбалар яроқсиз ҳолатга келиб қолгунига ёхуд белгиланган муддатга қадар фойдаланилиши аниқ-равшан ёзиб қўйилган.
Такомиллаштирилган алифбони жамиятда тўлиқ, ортиқча қийинчиликсиз ва харажациз жорий этишга оид масалалар айни пайтда лойиҳаси ишлаб чиқилаётган ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланиши режалаштирилган чора-тадбирлар дастурида акс этади.
Давлат бошқарувида ҳар қандай ўзгаришнинг табиий йўли-равиши бўлади. Ҳужжатлар маълум муддатдан кейин барибир янгиланади. Дарсликлар қайта нашр этилади. Кўча кўрсаткичлари ва давлат белгилари эскирганда алмаштирилади. Паспортлар муддати тугаганда янгиси берилади. Яъни бугун алмаштириладиган нарсалар эртага ҳам барибир алмаштирилар эди.
Фарқ шундаки, улар навбатдаги янгиланиш жараёнида янги стандарт асосида тайёрланади, холос.
Шунинг учун "миллиардлаб қўшимча харажат" ҳақидаги даъволар ислоҳотнинг ҳуқуқий механизмини эмас, унинг атрофидаги тахминларни акс эттиради.
Аслида, бугунги баҳснинг марказида пул эмас, стандарт турибди. Давлат ҳар қандай соҳада стандарт яратади. Электрон ҳукумат учун ҳам, рақамли имзо учун ҳам, кадастр учун ҳам, автомобил рақамлари учун ҳам ягона қоидалар белгиланади. Алифбо ҳам ана шундай давлат стандартидир.
Стандартнинг вазифаси эса бугунги одатларни ҳимоя қилиш эмас, эртанги тизимни барқарор қилишдир.
Кўпчилик "одамлар кўникиб қолган", деган фикрни асос сифатида келтиради. Аммо давлат сиёсатини кўникиш эмас, мақсад белгилайди.
Ҳар қандай ислоҳотнинг дастлабки босқичида мослашиш даври бўлади. Бу табиий жараён. Аммо мослашишнинг мавжудлиги ислоҳотнинг нотўғри эканини англатмайди. Энг қизиғи, алифбо ислоҳотига қарши фикрларнинг аксарияти тилшунослик ҳақида эмас. Улар асосан эҳтимолий ноқулайликлар ҳақида.
Сўнгги 10 йил ичида тилшунос олимларимиз ва тегишли соҳа вакиллари алифбодаги нуқсонларни илмий асосда тузатиш бўйича тизимли иш олиб борди. Муҳокамалар, фикр алмашувлар жараёнида алифбо лойиҳаси такомиллашди. Кўплаб семинарлар, анжуманларда мавзуга доир саволларга асосли далиллар билан жавоблар берилди. Ниҳоят алифбонинг якуний лойиҳаси шаклланиб, Олий Мажлисга киритилди.
Давлат учун асосий саволлар бошқача бўлиши керак. Йигирма йилдан кейин ўзбек тили рақамли платформаларида қандай ишлайди? Эллик йилдан кейин миллий корпуслар, давлат архивлари ва маълумотлар базалари қайси стандартга таянади? Янги авлод қандай имло қоидаси асосида таълим олади? Алифбо айнан шу саволларга жавоб бериши лозим.
"Ёшлар-ку, майли, идроки тез, осон ўрганади, ёши улуғ фуқаролар нима қилади?" деган саволларга ҳам дуч келамиз. Алифбога киритилаётган ҳарфлар катта ёшли авлод учун ҳам бегона эмас: бу ҳарфлар 1929−1940 ва 1993−1995-йиллардаги ўзбек алифболари таркибида мавжуд бўлган. Қолаверса, ҳудудлардаги давлат тили бўйича малака ошириш марказларида, оммавий ахборот воситаларида аҳоли учун алифбодаги янгиланишларга оид сабоқлар, маълумотлар берилиши ташкил этилади.
Ижтимоий тармоқларда энди бир пайтнинг ўзида учта алифбо (эски лотин, янги лотин ва кирилл) параллел равишда ишлатилиши ҳақидаги тахминларни ҳам ўқияпмиз. Албатта, норасмий ёзишмаларда ҳар ким хоҳлаган алифбосидан фойдаланиши мумкин, бунга ҳеч тўсқинлик қилолмайди. Аммо давлат идораларида иш юритиш, таълим-тарбия ва бошқа расмий мақомга эга жараёнларда фақат қонун билан тасдиқланган алифбодан фойдаланилади.
Алифбомиздаги нуқсонлар тузатилиб, у ягона давлат стандартига айлангач, босма нашрлар ва расмий сайтлардаги икки хилликка чек қўйиш борасида ҳам тегишли таклифлар тайёрланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, миллий алифбо – бу бир авлод учун эмас. У камида кейинги ярим аср учун қабул қилинадиган давлат стандартидир. Шу боис бугунги муҳокамаларда энг катта хато – алифбо ислоҳотини бир марталик харажат сифатида кўришдир. Аслида, уни кечиктиришнинг ҳам ўз баҳоси бор.
Ҳар йил янги дарсликлар эски стандарт асосида чоп этилади. Ҳар йил давлат ахборот тизимлари мавжуд муаммоларга мослаштириб борилади. Ҳар йил янги авлод мукаммаллашмаган қоидаларни ўрганишда давом этади. Бу ҳам харажат. Фақат у сметада эмас, вақтда, ресурсда ва келажак имкониятларида намоён бўлади.
Шу маънода, бугунги танлов "алифбони ўзгартирамизми ёки йўқми?" деган савол эмас. Танлов шундаки, биз муаммони бугун табиий ва босқичма-босқич ҳал қиламизми ёки уни яна бир неча ўн йил кейин худди шу ҳолатда кейинги авлод зиммасига юклаймизми? Чунки баъзан энг катта харажат – ислоҳот эмас, ислоҳотни сурункали равишда ортга суриш бўлади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

