Актриса Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида вафот этди

Актриса Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида ҳаётдан кўз юмди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино санъатининг таниқли намояндаси Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги маълум қилди.
Ёдгора Зиёмуҳамедова 34 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида фаолият олиб бориб, саҳнада 100 га яқин образ яратган.
У “Қизил шапкача” спектаклида Қизил шапка, “Зумрад ва Қиммат”да Қиммат, “Фарзандим жигарбандим”да Санобар, “Сенинг тақдиринг”да Назира, “Яраш-яраш”да Покиза, “Бургут”да Гулнур ҳамда “Биринчи муаллим”да Олтиной каби ролларни ижро этган.
Актриса телевидение ва кино йўналишларида ҳам самарали ижод қилган. У, айниқса, болалар севиб томоша қилган “Оқшом эртаклари” кўрсатувини 25 йил давомида олиб борган.
Маданият вазирлиги Ёдгора Зиёмуҳамедованинг миллий санъат ривожига қўшган ҳиссаси, серқирра ижоди ва бой ижодий мероси халқ хотирасида сақланиб қолишини таъкидлади.
Вазирлик жамоаси актрисанинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига, шогирдлари, ҳамкасблари ҳамда санъат аҳлига таъзия изҳор этди.

