Акрамжон Неъматов: Марказий Осиё жаҳондаги беқарорлик шароитида талаб юқори бўлган ҳамкорлик моделини намойиш этмоқда
2026 йил 28 сентябрь – 1 октябрь кунлари Москва вилоятининг Истра шаҳрида «Келажак учун масъулият: имкониятлар чегарасими ёки чегарасиз имкониятларми?» мавзусида «Валдай» халқаро мунозара клубининг XXIII йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов иштирок этди. Форум 40 та давлатдан 120 нафар иштирокчини бирлаштирди. Шу билан бирга […]

Акрамжон Неъматов: Марказий Осиё жаҳондаги турбулентлик шароитида талаб юқори бўлган ҳамкорлик моделини намойиш этмоқда
2026 йил 28 сентябрь – 1 октябрь кунлари Москва вилоятининг Истра шаҳрида «Келажак учун масъулият: имкониятлар чегарасими ёки чегарасиз имкониятларми?» мавзусида «Валдай» халқаро мунозара клубининг XXIII йиллик мажлиси бўлиб ўтди. Унинг ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов иштирок этди.
Форум 40 та давлатдан 120 нафар иштирокчини бирлаштирди. Мажлисда россиялик экспертлардан ташқари Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони, БАА, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка ҳамда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари вакиллари қатнашди.
Мажлис кун тартиби замонавий дунё тараққиётининг кенг кўламли масалаларини қамраб олди. Очилиш маросимида Клубнинг «Ваҳимасиз: давлат ва келажак учун масъулият» номли йиллик маърузаси тақдим этилди.
Мажлис доирасида иштирокчиларнинг Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири С.В. Лавров ва Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари М.С. Орешкин билан учрашувлари бўлиб ўтди. Тадбир Россия Федерацияси Президенти В.В. Путин иштирокидаги алоҳида ялпи сессия билан якунланди.
Мунозараларнинг асосий мавзуларидан бири бир-бири билан боғлиқ бир нечта жараёнлар туфайли юзага келган жаҳон тизимининг чуқур трансформацияси бўлди. Бир томондан, тезкор технологик ривожланиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект иқтисодиётни, меҳнат бозорини, хавфсизлик тизимини ва жамиятларнинг тузилишини ўзгартирмоқда. Иккинчи томондан, иқлим ўзгариши, демографик силжишлар, миграция ва пандемия хавфлари янги узоқ муддатли муаммоларни шакллантирмоқда, уларнинг оқибатлари миллий чегаралардан анча ташқарига чиқиб кетмоқда.
Ушбу фонда янада мураккаб полицентрик ва кўп қутбли дунё тартиботининг шаклланиши тезлашмоқда. Иқтисодий ва сиёсий ривожланишнинг янги марказлари пайдо бўлмоқда, Осиё, Африка ва бошқа минтақаларнинг роли кучаймоқда, йирик давлатлар билан бир қаторда ўз кун тартибини шакллантириш ва ташқи алоқаларнинг кенг тармоғини қуришга қодир бўлган барқарор ва ўзаро боғлиқ минтақавий маконлар тобора катта аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнлар рақобат ва ноаниқликнинг кучайиши билан кечмоқда, лекин айни пайтда давлатлар ва минтақалар учун янги имкониятлар очмоқда.
Кўплаб инқирозлар ва янги имкониятларнинг бундай уйғунлиги шароитида давлатларнинг масъулияти, суверенитет ва миллий манфаатларни ҳурмат қилиш, ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро мақбул қарорларни излаш алоҳида аҳамият касб этади. Иштирокчилар дунёнинг мураккаблашишига жавоб изоляция ва назоратсиз рақобат эмас, балки мулоқот, ҳамкорлик ва фарқли шароитларда келиша олиш қобилияти бўлиши кераклигини таъкидладилар.
Шу муносабат билан халқаро институтларни дунёдаги кучлар мувозанатининг ўзгаришига ва ўсиб бораётган хилма-хилликка мослаштириш, уларнинг вакиллигини ошириш ва янги ривожланиш марказлари манфаатларини тўлиқроқ ҳисобга олиш зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, технологик, иқлим, демографик ва бошқа трансчегаравий муаммолар шуни тасдиқлайдики: ҳатто кучайиб бораётган рақобат шароитида ҳам барқарор ривожланиш ва глобал барқарорлик ҳамкорликдаги қарорларни талаб қилади.
«Шарқда қандай қуёш чиқади? Маркази Осиё бўладиган дунё портрети» сессияси алоҳида қизиқиш уйғотди. Мунозара давомида иқтисодий фаолликнинг кенгайган Осиё макони томон силжиши давом этаётгани таъкидланди. Тинч ва Ҳинд океанлари макони жаҳон иқтисодий тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири ва яқин ўн йилликларда халқаро динамикани белгилаб берадиган жараёнларнинг асосий майдонларидан бири сифатида кўриб чиқилди.
Бунда гап Осиёда янги ягона куч марказининг пайдо бўлиши ҳақида эмас, балки ўсиш, савдо, технологиялар ва транспорт боғлиқлигининг ўзаро боғлиқ марказларидан иборат мураккаб тармоқнинг шаклланиши ҳақида борди. Бундай маконда қитъанинг турли қисмларини бирлаштириш ва улар ўртасидаги ҳамкорлик учун шароит яратишга қодир бўлган давлатлар ва минтақалар алоҳида аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг аҳамияти тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Сўнгги йилларда минтақа сезиларли ички трансформацияни бошдан кечиргани таъкидланди. Унинг ривожланиши асосан ҳал этилмаган чегара масалалари, чекланган боғлиқлик ва ўзаро ишончсизлик билан белгиланган давр ўрнини биргаликда ривожланиш, иқтисодий кооперацияни кенгайтириш ва барқарор минтақавий ўзаро боғлиқликни шакллантириш босқичи эгалламоқда.
Мажлис якунларини шарҳлар экан, А. Неъматов шундай деди: «Дунёда юз бераётган ўзгаришлар фонида Марказий Осиё принципиал жиҳатдан янги динамикани намойиш этмоқда. Минтақа биринчи навбатда зиддиятлар ва ҳал этилмаган масалалар билан боғланган давр ортда қолмоқда. Бугунги кунда ўзаро ишонч ортиб бораётган, иқтисодий алоқалар кенгаяётган ҳамда тобора кўпроқ умумий лойиҳалар ва узоқ муддатли манфаатлар пайдо бўлаётган биргаликдаги тараққиёт макони шаклланмоқда».
СМТИ вакили Марказий Осиё шаклланаётган Осиё маконида тобора сезиларли ўрин эгаллаётганини таъкидлади. «Географик жиҳатдан минтақамиз Шарқий ва Жанубий Осиё, Европа, Россия, Кавказ ва Яқин Шарқни боғловчи энг муҳим йўналишлар марказида жойлашган. Аммо бугунги кунда Марказий Осиёнинг аҳамияти нафақат унинг жойлашуви билан белгиланади. Ўсиб бораётган ички боғлиқлик минтақага Евроосиёнинг муҳим бўғинларидан бири – транспорт йўлаклари, савдо оқимлари, энергетика, инвестиция ва гуманитар алоқалар ўтиши мумкин бўлган макон сифатида янада ишончли ҳаракат қилиш имконини беради».
А. Неъматовнинг баҳолашича, айнан жаҳондаги турбулентлик шароитида сўнгги йиллардаги тажриба кенгроқ аҳамият касб этмоқда. «Шаклланаётган полицентрик дунё объектив равишда нафақат йирик давлатлардан иборат бўлади. Ўз устуворликларини мустақил белгилашга, ўз ичида келишиб олишга ва айни пайтда ташқи алоқаларнинг кенг тизимини қуришга қодир бўлган барқарор минтақалар тобора катта роль ўйнайди. Марказий Осиё бугун айнан шундай моделни намойиш этмоқда – кимгадир қарши туриш орқали эмас, балки ўз ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, ўзаро мақбул муросаларни излаш ва умумий манфаатларни аниқ лойиҳаларга айлантириш орқали».
Унинг сўзларига кўра, минтақавий ривожланиш янги босқичининг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳам шундадир: «Бугунги кунда Марказий Осиёдаги ҳамкорлик аллақачон ўз ички динамикасига эга. Сўнгги йиллардаги мураккаб масалаларнинг ҳал этилиши минтақа давлатларининг узоқ муддатли манфаатлардан келиб чиқиб, ўзаро мақбул қарорлар топиш қобилиятини кўрсатди. Натижада Марказий Осиё кўпинча хавф-хатарлар ва зиддиятлар призмаси орқали кўрилган макондан имкониятлар ва биргаликдаги тараққиёт маконига айланмоқда».
А. Неъматов юз бераётган жараёнлар Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил курси нафақат икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга, балки бутун Марказий Осиёнинг субъектлигини оширишга хизмат қилмоқда.

