Афсонавий Тошкент циркига янги ҳаёт бағишланади. Нималар ўзгаради?

Афсонавий Тошкент циркига янги ҳаёт бағишлаш режалаштирилмоқда. Айнан нималар ўзгаради?
Ўзбекистон давлат циркини одатий томоша майдонидан замонавий маданий ва туристик маконга айлантириш режалаштирилмоқда. Бу ерда инфратузилмани янгилаш, кўргазмалар ва тадбирлар учун янги майдончалар очиш, бизнесни жалб қилиш ҳамда объектни сайёҳлар учун қулай ва жозибадор қилиш кўзда тутилган.
Июн ойида маданият арбоблари билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев соҳани янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Кейинчалик санъат ва адабиётни ривожлантириш тўғрисидаги фармон қабул қилинди, шунингдек, Цирк санъати ва кўча томошалари ижодий бирлашмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан биргаликда Ўзбекистон давлат циркига ташриф буюрди. Иштирокчилар бинонинг ҳолати, унинг инфратузилмаси ва келгусидаги ривожланиш имкониятларини кўздан кечирдилар.
Таклифлардан бири — 2,5 минг ўринли доимий кўргазма ва маданий-кўнгилочар майдонча ташкил этишдир. Шунингдек, цирк атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш ва сайёҳлар учун янада қулай муҳит яратиш режалаштирилмоқда.
Бинонинг ўзига алоҳида эътибор қаратилади. Режада — замонавий вентиляция ва иситиш тизимларини ўрнатиш, шунингдек, томдан ёмғир суви ўтиши муаммосини ҳал қилиш бор.
Бунда гап шунчаки таъмирлаш ҳақида кетмаяпти. Циркни комплекс ривожлантириш учун техник-иқтисодий бизнес-режа тайёрлаш ва бу ишга Россия, Хитой ҳамда Франциядан хорижий консалтинг компанияларини жалб қилиш истаги бор.
Барча ўзгаришлар ва таъмирлаш ишлари маданий меросни сақлаш талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Лойиҳалар Маданий мерос агентлиги билан келишилиши керак.
Бундан ташқари, расмийлар артистлар ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва меҳнат шароитлари тизимини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда, токи улар ҳақиқий қўллаб-қувватлашни ва ишлаш учун рағбатни ҳис қилсинлар.

