Афинада Акрополь яқинидаги бинони вайрон қилган портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлди, беш киши бедарак йўқолди
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, мулк таркибига ижарага бериладиган дам олиш уйи ҳам кирган бўлиб, бедарак йўқолганлар орасида АҚШ сайёҳлари ва Буюк Британия фуқароси бор.

Афина Акрополи яқинида юз берган портлаш бинони вайрон қилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, беш киши бедарак йўқолди
Портлаш Греция пойтахтининг марказий Плака туманида содир бўлди
Афинанинг тарихий марказида юз берган портлаш бинони вайрон қилиши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди ва яна беш киши бедарак йўқолди.
Портлаш Греция пойтахтининг Акрополь каби сайёҳлик масканлари яқинидаги Плака мавзесида содир бўлган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, бинодан таътил пайтида ижарага бериладиган уй сифатида фойдаланилган.
Жабрланганлар тўрт нафар америкалик сайёҳ, бир нафар Буюк Британия ва бир нафар Греция фуқароси экани айтилмоқда, бироқ расмийлар буни ҳали тасдиқламади.
Воқеа жойидан олинган суратларда фавқулодда вазиятлар ходимлари вайроналарни кўздан кечираётгани акс этган. Портлашга газ сизиб чиқиши сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда.
Шанба куни эрталаб бир аёлнинг жасади топилган ва қидирув ишлари давом этмоқда.
Reuters ахборот агентлиги маҳаллий полицияга таяниб хабар беришича, сайёҳлар Афина аэропортида ўз рейсига келмаганидан кейин уларнинг бедарак йўқолгани тасдиқланган.
Портлаш кучидан уч қаватли бино бутунлай қулаб тушган, яқин атрофдаги биноларга шикаст етган ва йўл бўйлаб вайроналар сочилиб кетган.
Тирик қолганларни қидириш учун воқеа жойига экскаваторлар ва иссиқлик сезувчи камералар сафарбар этилган.
Портлаш Афинанинг энг кўп ташриф буюриладиган иккита обидаси — Акрополь ва Олимпия Зевси ибодатхонаси оралиғидаги тор кўчада содир бўлган.

