Мисрда савдо марказида газ баллони портлади, қурбонлар бор (видео)

Миср пойтахти Қоҳирадаги савдо марказида газ баллони портлаши оқибатида уч киши ҳаётдан кўз юмди, 17 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда Кҳалееж Тимес нашри хабар берди.
Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги 13-август куни кечқурун юз берган ушбу фожиа ҳақида маълумот берди. Ички ишлар вазирлигининг хабарига кўра, Қоҳиранинг Бешинчи мавзесида жойлашган Арабелла Плаза Малл савдо марказининг биринчи қаватидаги совғалар дўконида гелий баллони портлаган. Портлаш натижасида дўкон ичида ёнғин келиб чиққан. Расмийлар ёнғин назоратга олинганини билдирди.
Портлаш ва ёнғин атроф-муҳитдаги баъзи дўконларнинг фасадларига зарар етказган. Шу билан бирга, хавфсизлик хизмати манбаси интернетда тарқалган “савдо марказида лифт тушиб кетди” деган хабарларни рад этди.
Ҳодиса ҳақида хабар келиб тушиши билан воқеа жойига саккизта тез ёрдам машинаси юборилган. Жароҳатланганларнинг 11 нафари Янги Қоҳира ихтисослаштирилган касалхонасига етказилган. Яна олти киши атрофдаги бошқа шифохоналарга жойлаштирилган бўлиб, уларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жароҳатланганларнинг саломатлиги диққат билан кузатиб борилаётганини маълум қилди. Шунингдек, баёнотда яқин орадаги тиббиёт муассасаларининг тайёргарлик даражаси оширилгани айтилади.
Аввалроқ Италиядаги ўқ-дори заводида кучли портлаш юз бергани ҳақида хабар берилганди. Портлаш содир бўлган вақтда воқеа жойида полиция ва ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчираётган бўлган.

