Афғонистонда тўй ва байрамларда мушакбозлик қилиш тақиқланди
Афғонистонда тўйлар ва байрам тадбирларида мушак, петарда ва бошқа пиротехника воситаларидан фойдаланиш тақиқланди. Чеклов уларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва сотишни ҳам қамраб олади. Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги буни аҳолини стрессдан ҳимоялаш билан изоҳлади.

Афғонистонда тўй ва байрамларда мушакбозлик қилиш тақиқланди
Афғонистон ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб тўйлар ва байрам тадбирларида мушаклар, петардалар ҳамда бошқа турдаги пиротехника воситаларидан фойдаланишни тўлиқ тақиқлади, деб хабар бермоқда.
Бу борадаги буйруқ 27-октабр куни Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Тақиқ пиротехника воситаларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сотиш, харид қилиш ва тарқатишга ҳам тегишли.
Бу Афғонистон ҳукуматининг пиротехника воситаларидан фойдаланишни чеклаш бўйича биринчи уриниши эмас. Аввалроқ мамлакатнинг айрим шаҳарларида, жумладан, Кобулда соат 21:00 дан 07:00 га қадар петарда ва мушакларни учириш тақиқланганди.
Қоидабузарларга нисбатан мамлакат қонунчилиги ҳамда шариат меъёрларига мувофиқ чоралар кўрилиши айтилди. Аниқ жазо чоралари эса очиқланмаган.
Вазирлик бу қарорни баланд портлаш товушлари қўрқув ва руҳий стрессни келтириб чиқариши, бу эса айниқса болалар, аёллар, кексалар ҳамда шифохоналардаги беморларга оғир таъсир қилиши билан изоҳлади.

