Тожикистон Афғонистонни ҳаво ҳудудини бузганликда айблаб, нота юборди

Тожикистон Афғонистонни ҳаво ҳудудини бузганликда айблаб, норозилик нотаси юборди. Бу ҳақда ТАСС Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги отишма оқибатида чегарадош ҳудуддаги фуқароси ҳалок бўлгани муносабати билан “Толибон”га норозилик нотаси юборганини маълум қилди.
Вазирлик хабарида айтилишича, "сўнгги кунларда Бадахшонда кузатилган қуролли тўқнашувлар Тожикистоннинг чегараолди ҳудудлари хавфсизлигига таҳдид солди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузди. Тожикистон ҳаво ҳудудининг бузилиши, аҳоли турар жойларига зарар етказилиши ва айниқса, Дарвоз туманида тинч аҳоли вакилининг ҳалок бўлиши муносабати билан афғон томонига норозилик нотаси юборди".
Вазирлик Афғонистондан ушбу масалага жиддий ёндашишни, Тожикистон давлат чегараси дахлсизлигига риоя этишни талаб қилди. Шунингдек, бу каби ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун самарали чоралар кўришни сўради.
**Чегарадаги вазият. Эмомали Раҳмон фуқаросининг ўлимига ҳамдардлик билдирди**
Тожикистоннинг Дарвоз ва бошқа туманларига туташ бўлган Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида сўнгги вақтларда “Толибон” ҳаракати ва унинг мухолифлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар кучайди.
13-август куни Панж дарёсининг афғон қирғоғидан отилган ўқ оқибатида Дарвоз туманининг Даштак қишлоғида яшовчи 20 ёшли аёл ҳалок бўлди. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳалок бўлган Жасмина Ятимзоданинг оиласига ҳамдардлик билдирди. У марҳуманинг оиласига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, унинг ёш фарзанди тарбияси масалаларини назоратга олиш бўйича топшириқ берди. Ҳозирда ҳолат юзасидан Тожикистоннинг тегишли тузилмалари суриштирув ишлари олиб бормоқда.

