9/11 даъвосидаги эркакнинг янги видеолари унинг экстремистик алоқаларини фош қилди
ФБР бўлишишни истамаган видеоёзувлар ва бошқа далиллар Омар ал-Баюми томонидан 25 йил давомида қилинган инкорларни чиппакка чиқармоқда.

11 сентябрь иши бўйича айбланаётган шахснинг янги видеолари унинг экстремистлар билан алоқаларини фош қилди
BBC қўлга киритган видеолавҳалар 11 сентябрь қурбонларининг оилалари томонидан Саудия Арабистонига қарши қўзғатилган 1 триллион долларлик (£733 млрд) даъво аризасининг марказида турган шахс Саудия ҳукумати расмийлари билан яқин алоқада бўлгани ва «Ал-Қоида»нинг бўлажак етакчиларидан бири билан пейнтбол ўйнаганини кўрсатади.
ФҚБ (Федерал қидирув бюроси) қўлига 2001 йилги ҳужумлардан бир неча кун ўтиб тушган ушбу тасвирлар Омар ал-Баюмининг ўзини экстремист ва Саудия жосуси эмаслиги ҳақидаги 25 йиллик инкорларини бутунлай чиппакка чиқаради.
Лавҳаларнинг бирида, АҚШда бўлган вақтида талаба бўлганини айтган Баюми кейинчалик Арабистон ярим оролидаги «Ал-Қоида» гуруҳи етакчисига айланган Анвар ал-Авлақий билан қучоқлашиб кўришаётгани тасвирланган. Бошқа бир лавҳада эса Баюми ва Авлақий Сан-Диего яқинида Саудия Арабистони Ислом ишлари вазирлиги расмийси билан бирга пейнтбол ўйнаётгани акс этган.
Ушбу видеолар 11 сентябрь қурбонлари оилаларининг Саудия Арабистонига қарши олиб бораётган суд ишининг бир қисми бўлиб, илгари ҳеч қачон кенг жамоатчиликка кўрсатилмаган.
Даъво аризасида айтилишича, Саудия Арабистони ушбу ҳужумларга шерик бўлган ва Баюми Жаҳон савдо маркази ҳамда Пентагонга самолётларни уриб юборган (яна бир самолёт Пенсильванияда қулаган) 19 нафар террорчининг икки нафарига ёрдам берган.
Баюми ҳужумлардан бир неча кун ўтиб Буюк Британияда Метрополитен полицияси томонидан ҳибсга олинган ва ушбу видеолар бошқа муҳим далиллар қаторида унинг буюмлари орасидан топилган.
Ушбу далиллар орасида самолёт чизмаси ва унинг ёнига ёзилган парвоз пасайиши тенгламаси ҳам бор эди.
Бир нечта ФҚБ агентларига ушбу чизманинг нусхалари берилган, бироқ Баюми сақланаётган полиция маҳкамасига етказилган бўлса-да, у британиялик терговчиларга ҳеч қачон кўрсатилмаган.
Шунингдек, чизма Баюми ишини тергов қилаётган айрим ФҚБ агентларидан ҳамда АҚШ тарихидаги энг даҳшатли оммавий қотиллик (унда қарийб 3000 киши ҳалок бўлган) бўйича мустақил суриштирув олиб борган «11 сентябрь комиссияси»дан ҳам яширилган. Баюмига ҳеч қачон айблов қўйилмаган.
У ва Саудия ҳукумати BBC’нинг изоҳ бериш ҳақидаги сўровларига жавоб бермади, бироқ иккала томон ҳам ҳужумларда бирор-бир рол ўйнаганини ёки ундан олдиндан хабардор бўлганини изчил равишда инкор этиб келади. ФҚБ изоҳ беришни рад этди.
Судья 2018 йилда даъво аризасини кўриб чиқишга рухсат берганидан сўнг, минглаб ҳужжатлар, шунингдек, видео ва фотосуратлар судга тақдим этилди ва собиқ президент Жо Байден имзолаган ижроия фармонига мувофиқ сир сақланиши бекор қилинди.
BBC Panorama ва Radio 4 ушбу ҳужжатларни ўрганиб чиқди ҳамда ФҚБнинг Баюми ва Саудия Арабистонининг 11 сентябрь воқеаларидаги эҳтимолий роли ҳақида тўплаган далилларини кузатиш ҳамда нима учун бу иш 25 йил давомида охиригача суриштирилмаганини тушуниш учун ўнлаб махсус агентлар ва терговчилар билан суҳбатлашди.
Суриштирувимиз давомида қуйидагилар ҳам аниқланди:
- ФҚБдаги манбага кўра, самолёт чизмаси ФҚБнинг Нью-Йоркдаги идорасига юборилган ва таҳлил қилинган. Бироқ АҚШ Адлия вазирлиги расмийси BBC’га берган маълумотида, унга ушбу далил асосида Баюмини жиноий жавобгарликка тортиш бўйича таклиф ҳеч қачон кўрсатилмаганини айтди, ваҳоланки «биз одамларни бундан камроқ далиллар билан ҳам судлаганмиз».
- Баюми АҚШда яшаган Сан-Диего шаҳридаги ФҚБ агентлари бир неча бор далиллар нусхасини сўрашган, бироқ уларнинг катта қисмини ҳеч қачон олишмаган.
- ФҚБнинг Сан-Диего ва Лос-Анжелесдаги идораларига Баюмининг Саудия ҳукуматидаги алоқалари билан суҳбат ўтказиш тақиқланган.
- «11 сентябрь комиссияси» аъзолари Баюмининг экстремистлар билан алоқадор бўлиши «эҳтимолдан йироқ» деган хулосага эътироз билдиришган, бу эса ҳисоботда ушбу хулосани «у билан бевосита ишлаган терговчиларимиз» фикри сифатида кўрсатишга мажбур қилган.
Омар ал-Баюми Сан-Диегoга Саудия Арабистонидан 1994 йилда келган. У инглиз тилини ўрганаётганини айтган, бироқ суд ҳужжатлари шуни кўрсатадики, бир неча йил ичида у ўқишни амалда ташлаб қўйган. Уни кўпинча диний тадбирларни ташкиллаштираётган, кўпинча қўлида видеокамера ушлаб юрган ҳолатда кўришган.
Баюми томонидан 1997 йил ёки 1998 йил бошида ёзиб олинган видеолардан бирида Анвар ал-Авлақий ҳам бўлган бир гуруҳ эркакларнинг пейнтбол ўйнаётгани акс этган. Сан-Диего яқинида суратга олинган ушбу тасвирларда гуруҳ шаҳар шароитидаги жанг саҳналарини ва нишонга отиш машқларини бажармоқда, уларнинг кўпчилиги ҳарбий кийимда.
Бир вазиятда эркаклардан баъзилари «Аллоҳу Акбар» деб ҳайқириб олдинга интилишади. Гуруҳ билан бирга меҳмон бўлиб келган саудиялик шайх ҳам бор ва Баюмининг Анвар ал-Авлақийга «Шайх Анвар» деб мурожаат қилаётганини эшитиш мумкин.
Пейнтбол ўйини 11 сентябрдан кейин ФҚБнинг аксилтеррор терговлари марказига айланди ва Адлия вазирлиги бир нечта терроризм бўйича суд ишларида пейнтбол далилларидан фойдаланди.
Омар ал-Баюми ва Анвар ал-Авлақий 1990-йилларнинг охири ва 2000-йилларнинг бошларида Сан-Диегода камида уч йил давомида пейнтбол машғулотларида қатнашган. 11 сентябрдан кейин ФҚБ тергов ўтказганда, агентларга баъзи иштирокчилар ундан жиҳодга тайёргарлик кўриш учун фойдалангани айтилган.
Авлақийнинг экстремистик даъватлари 11 сентябрдан кейин кўпроқ кўзга ташланган бўлса-да, пейнтбол видеоси суратга олинган вақтда у аллақачон «Ал-Қоида» аъзолари билан алоқада бўлган ва тез орада ФҚБ тергови остига тушган. У 2011 йилда Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) дрон ҳужуми натижасида ҳалок бўлган.
Саудия Арабистони пейнтбол видеосида уни ким «тайёрлагани» ёки «суратга олгани» кўринмаганини билдирган. 2021 йилда 11 сентябрь қурбонлари оилаларининг даъво аризаси доирасида масофавий сўроқ қилинганда, Баюми Авлақий билан ҳеч қачон учрашмаганини даъво қилган. Ушбу даъвони инкор этувчи видеодалиллар фақат бир йил ўтиб судга махфий равишда тақдим этилган ва шу йилнинг 4 сентябрида оммавий реестрга жойлаштирилган.
Илгари эълон қилинмаган яна бир лавҳада Баюмининг 1998 йил январида Авлақийни қучоқлаётгани акс этган. Қўшимча тасвирларда Баюмининг Ар-Риёд Ислом ишлари вазирлиги расмийлари ва воизлари билан бир неча бор учрашгани кўринади. У вазирликнинг икки расмийси билан SeaWorld боғида тушган видеода пайдо бўлади, улардан бирининг қўлида ёзув тахтачаси бор. Баюми камерани ўғлига беради ва улар билан бирга тасвирга тушиш учун кадрга сакраб киради.
1993 йилда ташкил этилган Ислом ишлари вазирлиги суннийликнинг радикал талқинини тарғиб қилувчи ва уни бутун дунёга ёювчи уламолар назоратида бўлган деб ҳисобланган. У бутун дунё бўйлаб масжидлар қуришга юзлаб миллион доллар сарфлаган ва АҚШга ўнлаб расмийларни юборган, уларнинг баъзилари қатъий қарашдаги воизлар тармоғини назорат қилган.
11 сентябрь ҳужумларидан сўнг Омар ал-Баюми ФҚБ терговидаги дастлабки гумондорлардан бирига айланди.
Унинг исми АҚШга биринчи бўлиб келган икки террорчи — Наваф ал-Ҳажмий ва Холид ал-Миҳдор томонидан имзоланган квартира ижараси шартномасида пайдо бўлган. Улар самолётни Пентагонга уриб юборган беш кишилик террорчилар гуруҳи аъзолари эди.
ФҚБ Баюмининг изидан Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрига борди, у ерга у 11 сентябрдан олдин оиласи билан кўчиб ўтган эди.
2001 йил 21 сентябрда Метрополитен полициясининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси Махсус операциялар гуруҳи ходимлари Баюмини унинг мулкларидан бирида ҳибсга олишди.
У кўк чироқлар остида Лондондаги Пэддингтон Грин полиция маҳкамасига олиб борилди ва у ерда детективлар уни сўроқ қила бошлашди. Ўша пайтдаги Буюк Британия қонунчилигига кўра, полиция ходимлари уни айбловсиз фақат етти кун давомида ушлаб туришлари мумкин эди.
Эртаси куни эрталаб Бирмингемда полиция ходимлари унинг уйларидан далилларни рўйхатга олиш ва пакетлаш бўйича машаққатли ишни бошлашди — бу минглаб саҳифалик ҳужжатлар, юзлаб фотосуратлар, парвоз чипталари квитанциялари, телефон карталари ҳамда камида 80 та видеокассета бўлган пакетлар ва қутилар эди.
Тинтув бошланганидан бир неча соат ўтгач, ФҚБ кўрсатмаси билан ўта муҳим деб таснифланган бир нечта ҳужжатли далиллар полиция томонидан тўғридан-тўғри Пэддингтон Гринга олиб борилди, у ерда ФҚБ ўз агентини жойлаштирган эди.
Ушбу далиллар қаторида АҚШ ва Саудия Арабистонидаги икки ўнгдан ортиқ Саудия ҳукумати расмийларининг исмлари ёзилган телефон дафтарчаси, парвоз симулятори дастури, чипталар ва саёҳат ҳужжатлари ҳамда полиция ходими томонидан «самолётлар баландлигига оид қўлёзма қайдлар ва математик ҳисоб-китобларни ўз ичига олади» деб белгиланган, самолёт эскизи чизилган сариқ чизиқли блокнот варағи бор эди.
Ўн саккиз йил ўтгач, ФҚБ суд чақирувидан сўнг ушбу блокнот варағини 11 сентябрь қурбонлари оилаларининг суд ишига тақдим этади.
«Бу ҳалокатнинг математик ҳисоб-китобидир», деди 11 сентябрь қурбонлари оилаларининг ҳуқуқий гуруҳи аъзоси Жоди Вестбрук Флауэрс BBC’га. «Бу нима эканлигини тушуниб етганимизда, бу биз қидираётган рад этиб бўлмас далил эканлигини билдик».
Омар ал-Баюмининг дастхати билан ёзилган тенглама учувчи самолётни ердаги маълум бир объектга йўналтириши учун зарур бўлган баландлик ва масофани кўрсатади. Унинг остида самолётнинг кичик чизмаси ва рақамлар тўплами бор.
Ўтган йили оилаларнинг даъво аризасини кўриб чиққан федерал судья ушбу блокнот варағи ўз моҳиятига кўра «Баюмини 11 сентябрь ҳужумларидан хабардорлик билан боғлайди» деган хулосага келди.
2021 йилда суд бу ҳақда сўраганда, Баюми тенгламаларни топишни яхши кўргани учун ушбу чизма унда бўлганини ва уни қачон ёзганини эслай олмаслигини айтди.
2001 йил 22 сентябрь оқшомига келиб, самолёт чизмасининг нусхалари Лондонда ҳам ФҚБ, ҳам Буюк Британиянинг аксилтеррор полицияси ихтиёрида эди — ва Омар ал-Баюми сўроқ қилинаётган ҳибсхонадан атиги бир неча метр узоқликда эди. Ҳужжатлар шуни кўрсатадики, улар кейинги икки кун ичида яна камида учта ФҚБ агенти қўлидан ўтган.
Бироқ сир мана шу ерда бошланади. ФҚБ Метрополитен ходимларига Баюмини бошқа ўта муҳим ашёвий далиллар бўйича сўроқ қилиш ҳақида кўрсатма берган, аммо ҳибсхонадаги детективларга самолёт чизмаси ҳеч қачон берилмаган ва бу ҳақда маълумот берилмаган.
Кўплаб ФҚБ агентлари бизга 11 сентябрдан кейинги давр тинимсиз тартибсизликдан иборат бўлганини айтишди. Аммо бундай шошилинч равишда олиб борилаётган ишда бунчалик муҳим далилнинг сўроқ қилаётган детективлар қўлига топширилмаганини тушуниш қийин.
ФҚБ саволларимизга жавоб беришни рад этди. Метрополитен полицияси давом этаётган суд жараёни сабабли изоҳ бера олмаслигини билдирди.
Самолёт чизмаси Пэддингтон Гринга етказилганидан кўп ўтмай, Баюмининг барча видеолари, жумладан, пейнтбол тасвирлари нусха кўчириш учун Бирмингемдан Нью-Скотланд-Ярдга олиб кетилди.
24 сентябрга келиб, тахминан бир мил узоқликдаги Пэддингтон Грин ҳибсхонаси видеокассеталарни олди. Детективлар кассеталар солинган пакетларни Баюми сўроқ қилинаётган хонага олиб киришди ва тасвирларнинг бир қисми унга қўйиб берилди.
Ундан йиғилиш акс этган иккита кассета ҳақида сўрашди, бироқ британиялик ходимларга ФҚБ томонидан ундан пейнтбол видеоси ёки унинг Анвар ал-Авлақий билан алоқалари ҳақида сўраш бўйича кўрсатма берилмаган эди.
Баюми айблов эълон қилиниши ёки қўйиб юборилиши керак бўлган охирги кунда Метрополитен детективлари АҚШ Адлия вазирлиги ва ФҚБнинг бир нечта юқори лавозимли расмийлари билан телефон орқали мулоқотга қўшилдилар.
Panorama ва Radio 4 ушбу учрашувда иштирок этган икки киши билан суҳбатлашди. Улардан бирининг эслашича, британиялик детективлар америкаликлар Баюмини АҚШда жавобгарликка тортиш учун экстрадиция қилишлари учун етарли деб ҳисоблаган далилларни тақдим этишган.
Адлия вазирлиги расмийлари далиллар етарли эмаслиги сабабли ҳеч қандай экстрадиция талаб қилинмаслигини айтишган.
2001 йил 28 сентябрда Баюми қўйиб юборилди.
Бироқ ўша вақтга келиб, ФҚБ Бирмингемда топилган барча далилларни АҚШга юбормаган, уларни атрофлича таҳлил қилиш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
ФҚБнинг Лондондаги ҳуқуқий атташеси томонидан икки ҳафта ўтиб юборилган меморандумда «ҳали кўриб чиқилиши керак бўлган бир қатор видеолар, флешкалар ва ҳужжатлар» борлиги қайд этилган.
Шунга қарамай, эълон қилинган файллар орасида ФҚБ ушбу чизмага ишора қилувчи фақат битта ҳужжат тақдим этган, ваҳоланки унинг далилий аҳамияти жуда катта ва ушбу ҳужжат чизма биринчи марта 2001 йилда топилганидан атиги 11 йил ўтиб яратилган.
У Баюми АҚШда яшаган ва ФҚБнинг маҳаллий идораси ҳам уни тергов қилаётган Сан-Диегoга юборилмаган.
Аслида, агентлар унинг шерикларини сўроқ қилаётган, масжидини тинтаётган ҳамда телефон қўнғироқлари ва банк кўчирмаларини таҳлил қилаётган Сан-Диего идораси Метрополитен полицияси томонидан Бирмингемда мусодара қилинган катта ҳажмдаги далилларнинг деярли ҳеч бирини олмаган.
У ерда ФҚБ терговига раҳбарлик қилган Рик Ламберт BBC’га берган маълумотида, унинг идораси Нью-Йоркдан барча далиллар нусхасини юборишни бир неча бор сўраганини айтди. «Уларнинг позицияси шундай эди: ишга биз масъулмиз; таҳлилни тугатганимиздан кейин сизга юборамиз».
Ламбертнинг айтишича, Нью-Йорк унинг идораси сўровларини бажармаган. «Ишонаманки, агар биз ушбу далилларни олиб, таҳлил қилганимизда, жумбоқ бўлакларини анча тезроқ бирлаштира олган бўлардик».
Ҳужжатлар шуни кўрсатадики, 2002 йил баҳорида Сан-Диего идораси бир нечта видеоларнинг нусхаларини Нью-Йоркдан эмас, балки ФҚБнинг Лондондаги вакили орқали қўлга киритган.
Кассетанинг нусхаси ФҚБнинг Нью-Йоркдаги идорасига юборилган ва у ердаги бир агент бизга уни кўришганини айтди. Бироқ у идоранинг Баюмининг экстремистик алоқалари тўғрисидаги хулосаларига киритилмаган.
BBC кўрган 2002 йилдаги ФҚБ ва Адлия вазирлиги меморандумларида Баюмининг Бирмингемдаги уйларидан мусодара қилинган, «Омар ал-Баюмининг Америкага қарши кайфияти ва қарашларини кўрсатиши» мумкин бўлган материаллар ва Баюмининг ўзи томонидан ёзилган, «жиҳодчилик сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган» ёзувлар муҳокама қилинган.
Бироқ у ерда пейнтбол видеоси ёки Баюмининг Анвар ал-Авлақий билан алоқаси ҳақида ҳеч қандай эслатма йўқ эди.
Жеффри Брейнхольт, ўша пайтда Адлия вазирлигининг аксилтеррор бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва 11 сентябрдан кейин терроризм бўйича айбловларни кўриб чиқувчи прокурорларни назорат қилувчи расмий, BBC’га Баюмининг исми «айблов қўйилиши мумкин бўлган энг эҳтимолий номзодлардан бири» сифатида пайдо бўлганини айтди.
Бироқ унинг айтишича, Нью-Йорк прокуратураси унга ёки унинг ҳамкасбларига тасдиқлаш учун ҳеч қачон айбловларни юбормаган. Агар юборилганида, самолёт чизмаси Баюмига қарши муҳим далил бўлар эди, деди у.
Брейнхольтнинг бизга айтишича, пейнтбол видеоси яна бир «жуда кўп нарсани англатувчи далил» бўлиб, унда Анвар ал-Авлақийнинг иштироки «жуда катта аҳамиятга эга».
Баюмига қарши ҳеч қандай айблов қўйилмади.
Омар ал-Баюмини тергов қилишга уринган агентлар бошқа тўсиқларга ҳам дуч келишди.
2001 йил октябрь ойида Сан-Диегода Ламберт ва унинг ҳамкасблари АҚШдаги бир нечта Саудия расмийларини (уларнинг кўпчилиги Ислом ишлари вазирлиги билан боғлиқ бўлган) сўроқ қилмоқчи бўлишди. Улар ушбу расмийлар Баюмининг икки террорчи — Наваф ал-Ҳажмий ва Холид ал-Миҳдорга кўрсатган ёрдамини мувофиқлаштирган деб гумон қилишган.
Дипломатлар махсус ҳимояланган мақомга эга бўлганликлари сабабли, агентларга ФҚБ бош қароргоҳи ва Давлат департаментининг рухсати керак эди.
«Жавоб шундай бўлди: 'йўқ, сиз бундай қилмайсиз'», деди ҳозирда 11 сентябрь қурбонлари оилаларининг суд иши бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Ламберт бизга.
Лос-Анжелесдаги агентлар ҳам кейинги йили шунга ўхшаш вазиятга дуч келишди. Улар Баюми Ҳажмий ва Миҳдор билан шаҳардаги биринчи учрашувидан сўнг дарҳол учрашган Саудия диний дипломатини сўроқ қилишга рухсат сўрашган эди.
«Биз шундай кучли тўсиққа дуч келдикки, менимча, ҳаммамизда хавфсизлик ёстиқчасидан куйиш жароҳати қолди», деди Лос-Анжелесда ФҚБнинг 11 сентябрь терговига раҳбарлик қилган Стив Мур. Мурнинг айтишича, унинг жамоаси ушбу расмийни сўроқ қилишни бир неча бор сўраган, бироқ рухсат ҳеч қачон берилмаган.
ФҚБ каби Давлат департаменти ҳам изоҳ беришни рад этди.
2003 йил октябрь ойида Конгресс томонидан ҳужумлар тўғрисида «тўлиқ ва батафсил» ҳисобот тайёрлаш учун тузилган «11 сентябрь комиссияси» Омар ал-Баюмини Ар-Риёдда сўроқ қилди. У Британия полицияси томонидан қўйиб юборилганидан кейинги ойларда Саудия Арабистонига қайтган эди.
Сўроқ Саудия махфий полицияси иштирокида Комиссиянинг ижрочи директори, президент Жорж Бушнинг собиқ маслаҳатчиси Филип Зеликоу, шунингдек, юқори лавозимли ходим ва ФҚБ бош қароргоҳи агенти томонидан ўтказилди.
Комиссиянинг ўша пайтдаги қайдлари шуни кўрсатадики, сўроқ пайтида Баюмига фавқулодда даражада кафолат берилган. Унга «унинг террорчиларга ўз террорчилик миссиясини амалга оширишда билиб туриб ёрдам берганига ҳеч ким ишонмаслиги айтилган».
Баюми ғазаб билан ўзининг тинчликсевар инсон эканини ва «қурбонларнинг қурбони»га айланганини айтган. Сўроқ пайтида делегация Баюмисиз, махфий полиция (Мабаҳит) томонидан ташкил этилган кўп таомли кечки овқатга кетган.
Сўроқ тугагандан сўнг, Мабаҳит Америка делегациясига улар «унинг оқланишини кўришни хоҳлашларини» айтган. Америкаликлар эса ҳисоботлари эълон қилинмагунча ҳеч қандай оқлаш имкони бўлмаслигини билдиришган.
2004 йил июль ойида «11 сентябрь комиссияси ҳисоботи» эълон қилинганда, Баюми амалда оқланди. Унда у «ёрдамсевар ва хушмуомала» деб таърифланган ва унинг экстремистик қарашларга эга бўлгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлиги айтилган.
Бироқ Комиссиянинг айрим ходимлари Баюмининг айбсизлигига ишонмаган ва у Ҳажмий ва Миҳдорнинг «Ал-Қоида» аъзолари эканлигини билган бўлиши эҳтимоли юқори деб ҳисоблашган.
BBC шуни маълум қиладики, ушбу ходимлар ҳисоботдаги уни «исломий экстремистлар билан яширин алоқада бўлиши эҳтимолдан йироқ номзод» деб атаган иборага эътироз билдиришган.
Якунда келишувга эришилди ва ушбу хулоса «у билан бевосита ишлаган ва унинг ўтмишини ўрганган терговчиларимиз» фикри сифатида кўрсатилди.
Ушбу жумла Комиссия делегациясининг Баюми билан ўтказган тўрт ярим соатлик вақтига, жумладан, кечки овқат танаффусига асосланган эди.
Комиссия самолёт чизмасини, пейнтбол видеосини, Баюмининг эҳтимолий экстремизми тўғрисидаги ёзма далилларни ёки Метрополитен полицияси томонидан мусодара қилинган бошқа кўплаб материалларни ҳеч қачон кўрмаган.
Филип Зеликоу биз берган аниқ саволларга жавоб бермади. У BBC’га «11 сентябрь комиссияси»нинг хулосалари ҳукумат томонидан 2015 ва 2021 йилларда қайта кўриб чиқилганини ва Комиссия «шубҳаларимиз ва ноаниқликларимиз ҳақида очиқ бўлганини. Биз оммавий қотилликда кимнидир айблашда эҳтиёткор бўлганмиз» деб айтди.
Адлия вазирлиги 25 йил олдинги, ҳозирда у ерда ишламайдиган ходимлар иштирокидаги масалалар ва қарорлар бўйича изоҳ бера олмаслигини билдирди.
ФҚБнинг 11 сентябрь тергови раҳбари Мэри Галлиган илгари Комиссия «ҳамма нарсадан фойдаланиш имкониятига эга бўлганини» айтган эди.
Биз Саудия ҳукумати орқали Омар ал-Баюми билан боғланишга ҳаракат қилдик, бироқ у жавоб бермади. У илгари Ҳажмий ва Миҳдорнинг террорчи эканлигини билганини, Саудия жосуси бўлганини ва 11 сентябрь воқеаларига алоқадорлигини инкор этган.
Саудия Арабистони Қироллиги изоҳ бериш ҳақидаги сўровимизга жавоб бермади. У илгари Саудия Арабистони ёки унинг расмийлари 11 сентябрь воқеаларига шерик бўлгани ҳақидаги ҳар қандай даъво мутлақо ёлғон эканлигини билдирган.

