Дунё

Дубай амири Лондон кўчасида суданликларни ўлдиришда айбланди (видео)

Дубай амири Лондон кўчасида суданликларни ўлдиришда айбланди (видео)

Дубай амири ва БАА бош вазири Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум Лондонда суданлик эркак томонидан Судандаги фуқаролар урушига аралашиш ва одамларни ўлдиришда айбланди. Бу ҳақда Миддле Эаст Эе хабар берди.

Ўтган ҳафта эълон қилинган видеода суданлик эркак Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум ва унинг ҳамроҳларига қарата бақиргани акс этган. Ҳодиса улар Лондон марказидаги Майфаир ҳудудида жойлашган Селфридгес универмагидан чиқиб кетаётган пайтда содир бўлган.

"Амирлик ва БААликлар суданликларни ўлдирмоқда. БАА менинг мамлакатимда одамларни ўлдирмоқда. Халқимни ўлдиришни тўхтатинг", дея бақирган суданлик эркак йўлнинг нариги томонидан.

Бу пайтда амирнинг ҳамроҳлигидаги эркак суданлик фуқарога нисбатан ирқчилик мазмунидаги ҳақоратларни ишлатган. У суданлик эркакнинг олдига бориб, уни огоҳлантирган. Шунга қарамай, суданлик эркак бақиришда давом этган. У БАА президенти Муҳаммад бин Зоидни тилга олиб, БААликлар унинг юртида одамларни ўлдираётганини яна бир бор таъкидлаган.

Ўтган пайшанба, 6-август куни БАА ОАВ Муҳаммад бин Зоид ва ал-Мактум Лондондаги Жумеираҳ Сарлтон Товер меҳмонхонасида учрашганини хабар қилган эди. Бу учрашув "қардошлик ва ўзаро ҳурматга асосланган учрашув" деб таърифланган.

Лондон полицияси ушбу ҳолат юзасидан баёнот берди. Полиция интернетда тарқалган ва ирқий ҳақорат ишлатилган видеодан хабардор эканини маълум қилди. Ходимлар тасвирни ўрганиб чиқиши ва жиноят аломатлари бор-йўқлигига баҳо бериши айтилди.

БАА ва Судан уруши

БАА инкор этаётган бўлса-да, мамлакатнинг Судандаги "Тезкор ҳаракат кучлари" (ТҲК) гуруҳини қўллаб-қувватлаётгани ҳақида кўплаб даъволар мавжуд. БМТ ва АҚШ бу гуруҳни Судандаги геноцидда айбламоқда.

БМТ экспертлари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Миддле Эаст Эе нашри ТҲК гуруҳига қурол етказиб берилишини ҳужжатлаштирган. Ушбу қуроллар Ливия, Чад ва Сомалиленд орқали етказилган.

Буюк Британия каби Ғарб давлатлари БААнинг иқтисодий таъсири сабабли унинг Судан урушидаги иштирокига очиқ қаршилик билдирмаётганликда айбланмоқда. 2023-йил апрел ойида бошланган бу уруш дунёдаги энг йирик гуманитар фалокатга олиб келди.

БАА раҳбариятига яқин шахслар ва таҳлилчилар ТҲК ҳамда унинг етакчиси Муҳаммад Ҳамдан Дагало кўп йиллардан бери қўллаб-қувватланаётганини билвосита тан олмоқда. Дагало Дубайда сохта компаниялар тармоғи орқали кўчмас мулкка эга.

Дубай амири илгари ҳам можаро марказида бўлган. Британия суди илгари уни ўз қизлари Латифа ва Шамсани асирликда ушлаб турганликда ҳамда собиқ рафиқаси — ҳозирда Иордания маликаси Ҳаяга нисбатан тазьиқ ўтказганликда айбдор деб топган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.