8 сентябр – Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс асосини қуриш бошланган кун!
Мақолада 2017 йилдан бошланган ислоҳотлар ва уларнинг давлат, жамият ҳамда инсон ҳаётига таъсири ёритилган.

8 сентябр — Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш бошланган сана!
Туб ўзгаришлар жуда тез бошланди
2016 йил 8 сентябр куни Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тасдиқланди. У киши 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайловда 88,61 фоиз овоз билан ғолиб чиқди ва Президент этиб сайланди. 2016 йил 14 декабр кунидан эса расман лавозимга киришди.
Ўша даврда кўпчилигимиз янги раҳбар халқ учун нима бера оларкин, деган ўйлар билан турли хаёлларга боргандик. Аммо Шавкат Мирзиёев вақтинча Президент сифатида илк қадамларини қўя бошлаши биланоқ, 2016 йилгача бўлган даврда фаровон яшаш умиди сўнган халқимиз қалбида яна ширин орзулар уйғона бошлади.
Сабаби, Шавкат Мирзиёев Президент вазифасини бажарувчи лавозимига сайланиши билан дарҳол вилоятларга чиқиб, оддий халқ вакиллари, турли касб эгалари билан бевосита мулоқот қилди, жойлардаги ютуқ ва камчиликлар, мавжуд муаммолар билан янада кенгроқ танишди, одамларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Сайлов кампаниясида эса Президентликка даъвогар сифатида сайловчилар олдига бутунлай янги ва халқчил дастур билан чиқди.
Сайловолди дастури ҳамда халқ билан бўлган бевосита учрашувларда аҳоли билдирган таклифлар асосида Президент раҳбарлигида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ва унинг доирасида 2017 йил учун “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ишлаб чиқилди. Яъни халқ Ҳаракатлар стратегияси ва 2017 йил учун Давлат дастурининг ҳақиқий ижодкори, ҳаммуаллифи бўлди, уларни яратишда бевосита иштирок этди! Шу пайтга қадар уни аралаштирмасдан давлат ўзи билганича қарорлар қабул қилишига ўрганиб қолган халқимиз учун бу жуда катта янгилик бўлди!
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016-2017 йиллардаги фаолияти ҳақида ўйларканман, бир ҳолат мени ҳайратга солади. У киши 2016 йил 8 сентябр куниданоқ мамлакатни тубдан қайта қуриш бўйича чора-тадбирларни зудлик билан бошлаб юборди. Менинг назаримда, янги раҳбар жамиятимиз боши берк кўчага кириб қолганини жуда чуқур ҳис қилиб юрган ва уни тезлик билан ўзгартириш бўйича келгусида “Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси” ҳамда “Учинчи Ренессанс асосларини яратиш” деб эътироф этилган ғоя, фикр ва мулоҳазаларини анча йиллар давомида миясида пишитиб келган.
Акс ҳолда, бугун давлат раҳбарлигига келибоқ, дарҳол шундай ҳар тарафлама чуқур ўйланган ва жамият ривожини бутунлай янги босқичга олиб чиқишга қаратилган туб ислоҳотларни бошлаши мумкин эмасди...
Халқнинг давлатга бўлган ишончини тиклаш ўта муҳим эди...
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, халқнинг 2016 йилгача бўлган даврда давлатга нисбатан йўқотилган ишончини қайта тиклаш ўта муҳим вазифа эди. Шу боис Янги Ўзбекистонда “Ҳамма нарса инсон учун, унинг қадр-қиммати учун” ғояси давлат сиёсатининг бош мезони сифатида белгиланди.
Мамлакатимизда 2017 йилда жамоат ишончини тиклаш борасидаги энг муҳим тадбир йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ва бу борада махсус Давлат дастури қабул қилиниши бўлди.
Ишончни қайта қозониш учун халқ билан давлат ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш жуда муҳим эди. Бунинг учун аввал Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Бу тизим аҳолининг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларини тезкор ҳал этиш орқали давлатга бўлган ишончини кескин оширди.
Узоқ йиллар давомида халқнинг давлат идораларидан ажралиб қолганлиги, вазирлик ва идоралар аҳоли манфаатлари билан ҳисоблашмасдан ишлаганлиги сабабли уларга мурожаатлар сони жуда кўп бўлди. Жумладан, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан 1,4 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 1 миллион 338 минги мазмунан ҳал этилди, 919 мингдан кўпроғи қаноатлантирилди ва 418 мингдан ортиғи бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарининг аҳамияти жуда катта бўлди. Аввало, улар халқ билан давлат органлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатди. Натижада ҳар бир фуқаро ўз муаммосини бюрократик тўсиқларсиз энг юқори раҳбариятга етказиш имконига эга бўлди. Қабулхоналар ўша пайтга қадар тўпланиб қолган муаммоларнинг ечимини тизимли равишда ҳал қила бошлади. Узоқ йиллардан бери бажарилмай ётган минглаб масалалар ижобий ҳал этилди. Ижро назорати кучайди. Яъни ариза ва шикоятлар билан ишлашда вазирлик ва идораларнинг масъулияти кескин оширилди, қонунбузилиш ҳолатлари учун шахсий жавобгарлик белгиланди.
Олий Мажлисга Мурожаатнома йўлга қўйилди
2017 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти илк бор Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиқди. Ўша йилдан мамлакатимиз ҳаётига киритилган Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг аҳамияти жуда катта. Аввало, Президент Мурожаатномаси мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи энг муҳим стратегик ва дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Чунки унда яқин истиқболда ва узоқ муддатда мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг энг асосий вазифалари кўрсатиб берилади, ҳужжатда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар асосида келгуси йил учун давлат дастури, қонун ҳужжатлари, тармоқ ва ҳудудий стратегиялар ишлаб чиқилади. Мамлакатда долзарб бўлган соҳаларни ҳуқуқий тартибга солиш учун муҳим қонунчилик ташаббуслари илгари сурилади.
Мурожаатнома ижро ҳокимияти, давлат органлари ва мансабдор шахслар учун улкан масъулият юклайди. Аҳолига, халқаро ҳамжамиятга ва инвесторларга Ўзбекистоннинг келгуси ривожланиш йўналишларини аниқ кўрсатиб берувчи шаффоф ва очиқ платформа вазифасини ўтайди, бошқарувнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди
Давлат органларига жамоат ишончини тиклашда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг тубдан янгиланиши инқилобий аҳамиятга эга бўлди. Яъни фуқароларнинг давлат идоралари билан мулоқотини осонлаштириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.
Натижада аввал ўнлаб ташкилот ва идораларда бир неча ойлар давомида елиб-югуриб бажарадиган ишларни аҳоли энди Давлат хизматлари агентлигининг “ягона дарча”ларида, яъни битта жойда ва қисқа фурсатларда ҳал қилиш имкониятига эга бўлди. Бу билан коррупсиявий хавф-хатарлар бартараф этилиб, ҳужжатлаштириш жараёнлари максимал даражада соддалаштирилди.
“Ягона дарча” тамойили ҳужжатларни расмийлаштиришда шаффофлик ва тезкорликни таъминлади. Масалан, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, лицензия олиш ва ижтимоий нафақалар тайинлаш жараёни бир неча кундан бир неча дақиқагача қисқарди.
Бу янгилик туфайли аҳолининг давлат органларидан розилик даражаси ижобий томонга ўзгарди. Яъни давлат хизматларининг сифати ошиши ва бажариш муддатлари қисқариши аҳолининг ҳокимият тизимига бўлган ишончини қисқа муддатда тиклади ва юқори босқичга олиб чиқди.
Оммавий ахборот воситалари халққа юз тутди
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилданоқ фуқароларга ҳамма жабҳаларда ва ҳар қандай даражада очиқ мулоқот қилиш ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини таъминлаш борасида туб ўзгаришларни амалга ошира бошлади, ОАВнинг том маънода “тўртинчи ҳокимият” даражасига чиқишига жуда катта эътибор қаратди.
Бу борада эришилган энг катта ютуқлардан бири сензура тизимининг тугатилгани бўлди. Яъни 2017 йилгача Ўзбекистон медиа маконида амал қилган мутлақо ёпиқлик ва сензура муҳити бекор қилинди. Унинг ўрнига соғлом ва очиқ баҳс-мунозаралар муҳити яратилди.
Президентнинг бевосита шахсий ташаббуси ва раҳбарлигида жамиятда матбуотга ва унда ишлайдиган ходимларга нисбатан муносабат тубдан ўзгартирилди. ОАВ жамиятдаги мавжуд реал муаммоларни, ижро ҳокимиятининг, ташкилот ва идораларнинг, раҳбарларнинг камчиликларини ва коррупсия ҳолатларини қўрқмасдан ёза бошлади. Ҳокимият вакиллари оммавий ахборот воситаларининг чиқишларига ва уларга мурожаатларига алоҳида эътибор билан қарай бошлашди.
Ўзбекистонда халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда миллий медиа-марказлар ташкил этилди ва улар жамият ҳаётида муҳим рол ўйнай бошлади. Жумладан, Халқаро пресс-клуб (ХПК) каби жонли эфирда тўғридан-тўғри мулоқот олиб борувчи платформалар очилди. ХПКда катта раҳбарлар, вазирлар ва ҳокимлар халқ қаршисида саволларга очиқ жавоб бериш амалиёти йўлга қўйилди.
Аввалги даврда ахборотни эркин олиш ҳуқуқи йўқ эди. Бу ҳуқуқ тикланди. 2016 йилгача бўлган даврда техник жиҳатдан ёпиб ташланган хорижий ва маҳаллий ахборот ресурсларидан фойдаланиш имконияти яна қайтадан яратилди.
Блогерлик ҳаракати кучайиши учун давлат томонидан зарур шароитлар яратилди. Натижада улар жамият ҳаётидаги фаол назоратчи кучга айланди, уларнинг чиқишлари давлат органлари томонидан тезкорлик билан ўрганилиб, муносабат билдириш тизими йўлга қўйилди.
Қарорларни тайёрлашда халқ иштирок эта бошлади
Баркамол жамият қуришда фуқароларнинг эркин фикр билдиришини таъминлашнинг ўзи етарли бўлмайди. Давлат қарорларини тайёрлаш ва қабул қилишда кенг халқ оммасининг иштирок этиши жуда муҳим.
Шу боис 2017 йилдан бошлаб жамоатчилик назорати фаолиятини тубдан қайта ташкил этиш бошланди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий асоси янгидан ишлаб чиқилди, фаолияти учун кенг имкониятлар яратилди, улар ижтимоий дастурларни амалга оширишда давлатнинг асосий шериги сифатида эътироф этилди.
Тўғри, тан олиш керакки, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш портали (regulation.gov.уз) 2015 йилдаёқ ишга туширилган эди. Лекин мазкур порталнинг борлигини кўпчилик билмас, билганлар ҳам унга ишонмас ва мурожаат қилмасди. Чунки бу бефойда иш бўлиб, портал кўзбўямачилик учун номигагина ташкил қилинганди. Яъни норматив ҳужжатлар тайёрлаш ва уларни муҳокама қилишда халқ иштирок этмас эди. Ҳамма бунга аллақачон кўникиб бўлган ва бу оддий бир ҳолга айланиб қолганди.
Шу боис 2017 йилда мазкур камчиликни тўғрилаш учун тегишли тайёргарлик қилинди ва 2018 йилнинг 24 июл куни порталнинг тубдан янгиланган ва кенг имкониятларга эга бўлган янги варианти ишга туширилди. Шу тариқа, фуқаролар тайёрланаётган норматив ҳужжатлар лойиҳаларига таклиф киритиш ва қонун мазмунига таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлди.
Маҳалла тизими фаолияти янги босқичга чиқди
Жамиятимизда маҳалла институти қадимдан мавжуд бўлиб, у ўзини ўзи бошқариш тизимининг узоқ вақт синовларида тобланган, сайқалланган ўзига хос тизими ҳисобланади.
2017 йилдан бошлаб маҳаллаларнинг жамиятдаги ўрни янада кучайтирилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралда имзолаган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4944-сон фармони жуда катта аҳамиятга эга бўлди.
2017 йилдан маҳалла институти ижтимоий ҳимояни ташкил қилиш ва аҳолини манзилли қўллаб-қувватлашда марказий ўринга чиқа бошлади. Маҳалла раислари ва фаолларига ҳудуддаги кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича кенг ваколатлар берилди.
Давлат идоралари билан ҳамкорлик қилишда ҳам уларнинг роли оширилди. Жумладан, маҳаллалар ҳудудий ички ишлар, бандлик ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини баҳоловчи муҳим жамоатчилик назорати бўғинига айлантирилди.
Суд-ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими тубдан ўзгарди, “қора рўйхат” бекор қилинди
2017 йилдан бошлаб суд-ҳуқуқ тизими ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам туб ўзгаришлар амалга ошириш сари йўл тутилди. Яъни суд мустақиллигини таъминлаш ва адолат мезонларини тиклаш ишлари бошланди. Бу соҳадаги ислоҳотлар ҳам инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга йўналтирилди.
Кўп йиллар давомида деярли кузатилмаган оқлов ҳукмлари чиқарилиши йўлга қўйилди. Юзлаб фуқаролар ноҳақ айбловлардан халос этилиб, уларнинг шаъни ва ҳуқуқлари тикланди. Қонунсиз далиллардан воз кечиш бошланди. Тергов жараёнида қийноқлар ёки босим остида олинган далилларни судда тан олмаслик тартиби жорий этилди.
Далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди. Тергов ҳибсхоналари (СИЗО) ва махсус қабулхоналарни видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш мажбур этиб қўйилди. Адвокатларга жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқи берилди, бу далиллар суд томонидан мажбурий текширилиши шарт қилиб қўйилди.
2017 йилдан мамлакатимизда ижтимоий бағрикенглик ва “қора рўйхат”ларнинг бекор қилиниши бошланганлиги давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан ишончини тикловчи энг катта қадамлардан бири бўлиб тарихга кирди.
Ижтимоий ва диний бағрикенглик тамойиллари асосида диний-экстремистик оқимларга адашиб кириб қолган фуқароларни махсус назорат, яъни халқ тилидаги “қора рўйхат”лардан чиқариш жараёни 2017 йилда бошланди. Шу йилнинг ўзида рўйхатда турган 17 мингга яқин шахсдан 16 минг нафари назоратдан чиқарилди.
Диний соҳадаги чекловлар юмшатилди, диний таълим ва ибодат қилиш эркинликлари кенгайтирилди, бу эса жамиятда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлади. Инсон ҳуқуқлари ва халқаро стандартларга мос равишда пенитенсиар тизим тубдан ислоҳ қилина бошланди.
Иқтисодиёт ва валюта сиёсатини эркинлаштириш бошланди
Аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини тиклаш, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган инқилобий ўзгаришлардан бири иқтисодий эркинлик ва валюта сиёсатини либераллаштириш бўлди.
2017 йилдан бошлаб тадбиркорлар учун улкан эркинликлар берилди. Жумладан, тадбиркорлар хомашё ва замонавий технологияларни хориждан ҳеч қандай сунъий тўсиқларсиз сотиб олиш имконига эга бўлдилар.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва солиқ ислоҳотлари ҳам аҳолининг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини тиклашга улкан ҳисса қўшди. Жумладан, текширишларга мораторий ўрнатилди. Яъни тадбиркорлик субъектлари фаолиятини асоссиз текширишлар тўхтатилди. Коррупсия ўчоғи бўлган режадан ташқари текширувлар бекор қилинди. Божхона ва солиқ тизими соддалаштирилди. Экспорт-импорт амалиётлари учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. “Яшил йўлак” тизимлари жорий этилиб, ташқи савдо айланмаси бир неча бараварга ўсиши таъминланди.
2017 йил 5 сентябрдан сўмнинг конвертацияси бошланди. Бу тадбир аҳолининг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини тиклашда катта аҳамиятга эга бўлди. Чунки чет эл валютасини сотиб олиш ва сотишдаги узоқ вақт ҳукм сурган ноўрин чекловлар тугатилди. Инвестициявий жозибадорлик ошди. Хорижий инвесторлар учун фойдани эркин репатриация қилиш (ўз юртига олиб чиқиш) имконияти яратилди, бу эса мамлакатга хорижий капитал оқимини кескин оширди.
Ташқи сиёсат ҳам инсон манфаати томон ўзгарди
Аҳолининг давлатга нисбатан ишончини тиклаш борасида амалга оширилган туб бурилишлардан яна бири ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилди. Яъни Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида амал қилган “ёпиқ тизим”ни бекор қилиш ва “дунёга юз очиш” жараёни ҳам айнан 2017 йилдан бошланди.
Бу эса аҳоли учун кундалик ҳаётда, саёҳатда, тадбиркорликда ва меҳнат фаолиятида жуда катта қулайликлар яратди. Жумладан, чегаралар очилди ва ҳамма учун давлатлараро эркин ҳаракатланиш имкониятлари яратилди.
Хорижга чиқиш ва виза тизими соддалаштирилди. Жумладан, хорижга чиқиш рухсатномаси (қизил стикер) бекор қилиниб, замонавий хорижга чиқиш биометрик паспорти (қизил паспорт) жорий этилди. Визасиз бориш мумкин бўлган давлатлар сони ортди. Яъни Ўзбекистон фуқаролари учун дунёнинг кўплаб мамлакатларига визасиз кириш ёки соддалаштирилган электрон виза олиш тизимлари йўлга қўйилди.
Ташқи сиёсатда жуда катта эътибор қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Бунинг учун Президент Шавкат Мирзиёев “Яқин қўшничилик” доктринасини илгари сурди. Бу қўшни давлатлар билан муносабатларда янги даврни бошлаб берди.
Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларнинг кучайиши ҳам бу давлатлар аҳолиси учун жуда катта фойдали бўлди. Жумладан, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан йиллар давомида ёпиқ бўлган чегара постлари очилди. Миллионлаб инсонлар ўз қариндошларини зиёрат қилиш, эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди.
Умумий хулоса қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигига келиши билан илк кунлардан бошлаган ислоҳотлар, айниқса, 2017 йилда амалга оширилган туб ўзгаришлар, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини бутунлай ўзгартира бошлади.
Инқилобий характерга эга бўлган Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва унинг изчиллик билан амалга оширилиши стратегик хусусиятга эга бўлган инқилобий янгиланишлар даврини бошлаб берди. Натижада нафақат мамлакатимизнинг, балки халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгариб, халқнинг давлат органларига йўқолган ишончи яна қайтадан тиклана бошлади.
2017 йилда бошланган туб ислоҳотлар фуқароларнинг мамлакати ва ўз тақдирига дахлдорлик туйғусини яратиб, жамиятни узоқ йиллик уйқудан уйғотди. Ўзбекистоннинг демократик, ҳуқуқий ва иқтисодий ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши учун йўл очди, у инсон қадри улуғланган, фуқаролик овози тараққиёт кучига айланган ва халқнинг давлатига ишончи қайта тикланган даври бошланган йил сифатида тарихга муҳрланди.
Бир йил давомида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижалари бир пайтлар Буюк Темур бобомиз Иккинчи Ренессансга асос солгани каби Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ҳамда Янги Ўзбекистонни қуришни мазмунан 2017 йил 8 сентябр кунидан бошлаб юборганлигидан далолат беради! Демак, айнан шу сана Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс асосини яратиш бошланган кун бўлиб тарихга кирди!

