Маҳаллий

“6 сотих” муаммоси: бугун кадастр олган одам эртага қандай муаммога учраши мумкин?

Бухоро шаҳридаги айрим ҳолатлар ҳужжациз уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишдаги айрим бўшлиқларни очиб берди. Хусусан, ернинг қачон эгаллангани нотўғри белгиланиши оқибатида яхлит ҳовлининг бир қисми томорқа ери сифатида расмийлаштириляпти. Ҳуқуқшунос Бобур Қорёғдиев 6 сотихдан ортиқ майдонни автоматик равишда томорқа ери деб расмийлаштиришнинг муаммоли оқибатлари ҳақида сўз юритади.

“6 сотих” муаммоси: бугун кадастр олган одам эртага қандай муаммога дуч келиши мумкин?

Ўзбекистонда йиллар давомида ҳужжациз қолиб кетган уй-жой ва ер участкаларига нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш учун биринчи умумдавлат аксияси 2018-йил 20-апрелдаги 5421-сонли президент фармони билан жорий этилган бўлса, иккинчи “аксия” 2024-йилдаги 937-сонли қонун билан қабул қилинди.

Қонуннинг мақсади — узоқ йиллардан буён амалда мавжуд бўлган, бироқ биринчи умумдавлат аксиясида ҳам ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган кўчмас мулк обектларини қонунийлаштиришдир. Аммо қонундаги айрим нормаларнинг ўзи ёки уларни қўллашдаги хатолар бугун янги муаммоларни юзага чиқармоқда.

Масала фақат битта хонадон ёки битта кадастр ҳужжати билан чекланмайди. Муаммо юқоридаги қонуннинг 12-моддасини қўллаш, ернинг қачон эгалланганини тўғри аниқлаш ва 6 сотихдан ортиқ майдонни автоматик тарзда деҳқон ёки томорқа хўжалиги учун ер сифатида қайд этиш амалиёти билан боғлиқ.

Қонунда 6 сотих қаердан пайдо бўлган?

937-сонли қонуннинг амалдаги таҳрири 12-моддасига кўра, якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкаси 1999-йил 1-январга қадар эгалланган бўлса, барча ҳудудларда 0,24 гектардан — яъни 24 сотихдан — кўп бўлмаган майдонга ижара ҳуқуқи эътироф этилади. Агар ер 1999-йил 1-январдан 2018-йил 1-майга қадар эгалланган бўлса, Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоят марказларида бу миқдор 0,06 гектар — 6 сотих, қолган ҳудудларда эса 0,12 гектар — 12 сотих этиб белгиланган.

Қонунга бундай қоида киритилишининг тарихи Ер кодекси билан боғлиқ. Айнан илк бор 0,06 гектар — 6 сотихлик чеклов Ер кодекси орқали кучга кирган.

Муҳим жиҳат шуки, 2026-йил 15-июндаги 1153-сонли қонун билан 12-моддадаги вақт чегараси ўзгартирилди: аввалги “1998-йил 1-июл” санаси “1999-йил 1-январ” санасига алмаштирилди. Шу сабабли бугунги амалиётда айнан 1999-йил 1-январ санаси мезон сифатида олиниши керак.

12-модда яна шуни ҳам белгилайдики, якка тартибдаги уй-жой эгаллаган ернинг амалдаги майдони қонундаги лимитдан ошса, ортиқча қисмга бўлган ижара ҳуқуқи, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказмаса, деҳқон ёки томорқа хўжалигини юритиш учун эътироф этилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.