“500 аёл ўзига ўт қўйди” — Каримов олиб берган сўз орқали Кремлни титратган адиб
1989-йили Москвадаги қурултойда Ислом Каримов нима сабабдан Одил Ёқубовдан “Бизни хижолатга қўймайсизми?” дея хавотир билан сўраган эди? Минбарга чиқишидан бир неча дақиқа олдин кутилмаган ҳолатга тушган ёзувчи Кремл залида Сталин, Елсин ва КГБ раҳбари ҳақида нималар дедики, бу чиқиш шўро мустамлакачиларининг юзига урилган тарсакига айланди? Отасини “халқ душмани” деб йўқ қилган тузум учун ёшини катта кўрсатиб урушга кетган ўсмирнинг шу империя “ота”сини фош қилгунигача бўлган йўли ҳақида гаплашамиз.

“500 аёл ўзига ўт қўйди” — Каримов олиб берган сўз орқали Кремлни титратган адиб
“Мен бутун ижодимни тарозининг бир палласига қўйсам, иккинчи палласига шу нутқимни қўйган бўлардим...”
Дунёнинг қарийб 60 тилига таржима қилинган “Улуғбек хазинаси” романи муаллифи, “Диёнат” ва “Кўҳна дунё” асарлари билан миллионлаб китобхонлар меҳрини қозонган ёзувчи нега умрининг охирида қирқ йиллик бадиий меросини биргина маъруза билан тенг кўрди?
Елкасидаги милтиғи ерга тегиб судраладиган нимжон ўсмирнинг Гоби саҳроларидан омон қайтиб, 1989-йили Москвадаги Кремл саройида бутун империя раҳбарларининг риёкорлигини фош этишигача бўлган йўл қандай кечган эди?
Мазкур мақолада ўзи тан олганидек, “адолатни ёзиб-ёзиб, ўзи адолатга зор ўтган” адиб Одил Ёқубовнинг кескин бурилишларга бой ҳаёт йўли ҳақида сўз боради.
### Қарноқдаги икки олов: Музқаймоқ армони ва бўр заводидаги она
Одил Ёқубов 1926-йил 20-октябрда ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилояти Туркистон туманидаги Қарноқ қишлоғида туғилган. Бўлажак ёзувчи улғайган хонадонда икки муросасиз қутб тўқнаш келганди: бир томонда жаҳлдор ва қаттиққўл бобо — Ёқуб шайх, иккинчи томонда эса мардикорликдан қайтиб, шўро ҳокимиятининг ашаддий тарғиботчисига айланган коммунист ота — Эгамберди Ёқубов. Адиб “Қарноқ” хотираларида бир том остида яшаган бобоси ва партия ходими бўлган отаси ўртасидаги тинимсиз тортишувларни, ҳар бири ўз ҳақиқатини ягона адолат деб билиб курашганини яширмай ёзган.
Сиёсий баҳслар тиниган қиш кечаларида меҳмонхона қўни-қўшнилар билан тўларди. Отаси тахмондан 1905-йилда босилган русча “Минг бир кеча” китобини олиб, уни ўқимасдан, саҳифаларини ўйчан варақлаганча хўроз қичқиргунча эртак сўзларди. Отасининг тиззасига суяниб олган Одил бу ҳикояларни мижжа қоқмай тингларди.
Эртаклар 1937-йилда тугади. Одил 10 ёшга тўлганида, шўро тузуми ўзининг содиқ хизматкори Эгамберди Ёқубовни “халқ душмани” тамғаси билан қамоққа олди ва у шу кетганча қайтмади. Бегуноҳ қамалган отанинг ўғлига ҳатто битта музқаймоқ ҳам олиб беролмай армонда кетгани, маҳалла-кўйда “халқ душманининг ўғли” дея якка мохов қилинган боланинг изтироблари кейинчалик “Музқаймоқ” ҳикоясига кўчди.
“Бу дунёда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қайтар экан, болам. Даданглар мардикорликдан коммунист бўлиб келиб, кўп одамларни қон йиғлатган. Камбағалларни бой, бою савдогарларни камбағал қиламан, диндорларни фош этаман, деб қанчаю қанча шўрликларнинг уйини куйдирди. Қилмиш-қидирмиш экан, мана, ҳаммаси ўзига қайтди”.
Гулшан ая тўрт боласи билан боқувчисиз қолди. Аёл бўр заводига ишга кирди, у ерда кун бўйи бўр эритиб, қолипларга қуйиб, қуритиб болаларини боқди. Икки опадан кейинги тўнғич ўғил бўлган Одилнинг елкасига рўзғор юки жуда эрта тушди.
### Япон қизининг “тарсакиси”
1944-йилда мактабни битирган ўсмир “халқ душманининг боласи” деган тамғани кўтариб юра олмади. Отасининг номини оқлаш учун у туғилган йилини бир йилга катта кўрсатиб (1926-йил деб ҳужжат тўғрилаб), 1945-йилда кўнгилли бўлиб урушга кетди. У жисмонан бироз нимжон эди, елкасига осган милтиғи ерга тегиб судраларди. Аскарнинг сафар халтасида эса Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бўлиб, оғир юришлар орасида асарни қайта-қайта ўқиб, ёд олган эди.
Адибнинг “Излайман” ва “Қайдасан, Морико?” қиссаларида 1945-йилги совет-япон уруши манзаралари бор бўйича чизилган: икки минг чақиримлик Гоби саҳросини яёв босиб ўтган, кийимлари чок-чокидан ситилиб пайтавада қолган, соч-соқоли тикандай ғовлаган аскарларни “консервага тиқилган селёдка балиқдай” қизил вагонларда Порт-Артур атрофидаги қирларга “гугурт чўпларидай” тўкиб ташлашади.
Ҳуснихати чиройли бўлгани учун маёр Миша Ногов ёш ўзбек аскарини штабга котиб ва ўзига уй хизматчиси қилиб олади. Маёр жойлашган денгиз бўйидаги коттеж илгари япон контрадмиралига тегишли бўлиб, мағлубиятдан сўнг барча унвонларидан айрилган кекса генерал ҳовли этагидаги тор кулбада икки қизи — камикадзе эри ҳалок бўлган Чико-сан ва кенжа қизи Морико билан сиқилиб яшарди.
“Қайдасан, Морико?” қиссасида тасвирланишича, аскар йигит ва митти Морико ўртасида илк ўсмирлик муҳаббати уйғонади. Бир куни ўзининг собиқ хонасига кирган япон қизи шип-шийдон деворларга қараб маъюс тортиб қолади. Ўзбек аскарининг:
“Ўзинг чизган суратларинг ва кашталарингни нега олиб кетдинг?” деган саволига Морико:
“Нега мен ўзим чизган расмларим-у меҳр билан тиккан кашталаримни бизни хор қилган аскарларга қолдириб кетарканман!?” дея қаҳр билан жавоб қайтаради.
Мағлуб бўлса-да, ғурурини бой бермаган япон оиласининг фожиаси ва “севиб қолгани” учун погонлари юлиб олиниб, армиядан ҳайдалган маёр қисмати ёш аскар хотирасига умрбод муҳрланди.
“Биласизларми, ижодкорда, аввало, дард бўлиши лозим. Дарди йўқ ижодкор катта ёзувчи бўла олмайди”.
(Одил Ёқубов)
### “Союзпечатнинг боласи”
Олти йиллик хизматдан сўнг, 1950-йилда Одил Ёқубов қишлоғига қайтди. Қарноқда уни кутиши керак бўлган севган қизи узоқ айрилиққа чидолмаган ота-онаси томонидан бошқага узатиб юборилган эди (бу армон кейинчалик “Тилла узук” қиссасига асос бўлди).
1951-йили у Ўрта Осиё давлат университетининг филология факултетига ўқишга кирди ва шу йили унинг илк йирик асари — “Тенгдошлар” қиссаси “Ленин учқуни” газетасида эълон қилинди ва машҳур бўлиб кетди. 1952-йилнинг ёзида Тошкентдан ота-боболарининг юрти Қарноққа таътилга борган талаба қиз Марямхон “Тенгдошлар” муаллифи қишлоқ дўконида опасининг ўрнига вақтинча сотувчилик қилаётганини эшитиб қолади.
Қизлар палто харид қилиш баҳонасида дўконга киришади. Пештахта ортида турган ёзувчи йигит харидорга синчков тикилиб: “Жуда ярашди, очилиб кетдингиз... Аслида сиз палтони очиб юбордингиз шекилли, худди ўн беш кунлик ойдек”, дея хушомад қилади. Сўнг қиз дўкондан тез чиқиб кетмаслиги учун палтони атайин секин тахлаб, пулни қайта-қайта санайди… уёғи эса ишқий қисса. Бироқ қизнинг диний уламо бўлган боболари неварасини коммунистнинг ўғлига, устига-устак ўзидан 11 ёш катта ва “китоб ёзиб оила тебратиб бўлмайдиган” уйсиз йигитга беришга қаттиқ қарши чиқса-да, ёшларнинг қатъияти устун келди.
Тўйдан сўнг улар Тошкентда икки хонали ижара уйда — бир хонада ёш келин-куёв, иккинчисида онаси Гулшан ая, опаларининг етим болалари, укаси ва жиянлари билан бир бурда нонни тенг бўлишиб яшашди. Одил Ёқубов кечалари битта стол устида асар ёзар, кундузи меҳмон келса, шу столга дастурхон ёзиларди.
1955-йил охирида Миллий театрда унинг “Чин муҳаббат” драмаси, кетидан “Айцам тилим куяди, айтмасам дилим”, “Юрак ёнмоғи керак” ва “Олма гуллаганда” пьесалари саҳналаштирилиб, оилани йўқчиликдан олиб чиқди. Уларга Амир Темур хиёбони ёнидаги Ёзувчилар уюшмаси биносидан бир хонали уй берилди.
Бироқ жамиятда ёзувчига муносабат ҳаминқадар эди: Марямхон ая ўғилларини боғчага бермоқчи бўлиб мудиранинг олдига борганида, эрининг Ёзувчилар уюшмасида ишлашини эшитган мудира: “Менга союзпечатнинг боласи керакмас”, дея рад этган ва тўртала фарзанд ҳам боғча кўрмай ўсган.
### Қаҳҳорнинг “суяк ва гўшт” шарти
1960-йилда эълон қилинган “Муқаддас” қиссаси Одил Ёқубовга катта шуҳрат келтирди. Лирик насрни хушламайдиган Абдулла Қаҳҳор дастлаб қиссанинг чоп этилишига қарши чиққан, фақат асар яхши баҳолангачгина уни қўллаб-қувватлаган эди. Қисса чиққач, муаллиф ўқувчилардан бир қоп хат олди — мактублардан бирига 182 киши имзо чекканди. Орадан йиллар ўтиб, 1998-йили адибнинг уйига меҳмонга келган Чингиз Айтматов: “Адил! Менинг “Жамила”м ва “Сарвқомат дилбарим” рус тилида чиқди. Аслида сенинг “Муқаддас”инг аввалроқ чиққанида сен мендан ҳам машҳур бўлиб кетардинг”, дея тан олганди.
Адибнинг 1959–1963 ҳамда 1967–1970-йилларда Москванинг нуфузли “Литературная газета” нашрида Ўзбекистон бўйича махсус мухбир бўлиб ишлагани унинг қаламини чархлади. Ёзувчининг эслашича, собиқ иттифоқда “лоақал битта газета ҳақиқатни ёзсин” деган маънода Политбюронинг яширин қарори бўлган. Шу тирқишдан фойдаланган мухбир оддий одамларнинг шикоят хатлари изидан борар, ўткир суд очерклари эълон қилиб, ноҳақ қамалган инсонларнинг озод бўлишига эришарди.
### Сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган сурат
Шу ўринда Абдулла Қаҳҳорнинг бир мақоласини эслаб ўцак, 1967-йили адибнинг 60 йиллик юбилейи олдидан Одил Ёқубов “Литературная газета” вакили Валентина Панкина билан боғланиб, устоз адибнинг мақоласини чиқаришга келишади. Шунда Қаҳҳор қатъий шарт қўяди:
“Мақоламга қалам теккизмай, қисқартирмай боссалар, ёзиб бераман. Агар қайчилаб, гўштини ахлатга ташлаб, фақат суягини чиқарадиган бўлса, ундан кўра ҳеч нарса бермаганлари яхши”.
Қаҳҳор ёзиб берган мақолада пахтакор аёлларимизнинг оғир меҳнати, баъзи юзаки адиблар эса қиз-жувонларни далага атлас кўйлакда чиқариб, қирқ даража иссиқда карнай-сурнай жўрлигида ўйнатиб тасвирлаши аччиқ киноя остига олинган эди. Мақола айни теримга тайёргарлик қурултойлари кетаётган кунларда чоп этилиб, машҳур механизаторлар Турсуной Охунова ва Валентина Тюпколарга чаён чаққандек таъсир қилди ва республикада катта тўполон кўтарди.
### Партком котибини жойига ўтқазган муаллиф
1970–1982-йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган давр Одил Ёқубов ижодининг олтин палласига айланди. “Правда Востока” газетасида Али Қущи томонидан Мирзо Улуғбекнинг китоблари тоғларга яшириб кўмилгани ҳақидаги кичик хабарни ўқиб қолган адиб ҳаловатини йўқотади ва бир йиллик изланишлардан сўнг 1973–1974-йилларда машҳур “Улуғбек хазинаси” романини ёзиб тугатади.
### Сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган сурат
Аммо асар чоп этилишидан аввал Ёзувчилар уюшмасининг “Малий зал”ида қаттиқ қаршиликка учради. Муҳокамани уюшманинг партия қўмитаси котиби Раҳмат Файзий бошқарарди. Партком котибининг гапи ўша даврда ҳукм билан баробар эди. Раҳмат Файзий икки варақ қоғозни кўзига яқин тутиб, “асар яхши, аммо айрим жузъий мулоҳазаларим бор” дея гап бошлаб, бир соат давомида романни танқид қилади. Залда ўтирганларда “роман қайта ёзилиши керак экан” деган хулоса ва муаллифга нисбатан ачиниш пайдо бўлади.
Раҳмат Файзий муҳокамани ёпмоқчи бўлганида, бўғриқиб-қизариб ўтирган Одил Ёқубов ирғиб ўрнидан туради ва партком котибининг гапини шартта кесади:
“Ўзим сўзласам, сўзим шу: мен, масалан, сизнинг фикрларингиздан биттасини ҳам қабул қилмайман. Қабул қилолмайман, ўртоқлар!.. Бу романни ман язганман! Ман уни, масалан, жуда яхши биламан... Сиз шу мавзуда язсангиз, марҳамат, айтганингиздай қилиб язинг. Лекин бировга диктовка қилманг ... Конца-концов, сиз қандай язувчи бўлсангиз, ман ҳам шундай язувчиман...
Сизнинг буйруғингиз билан шу роман босилмаса, босилмай қўя қолсин...”.
Аксарият адиблар танқид олдида бош эгиб, “хатоларни тузатишга ваъда берадиган” замонда ўз асарини бундай ҳимоя қилиш чинакам исён эди. Роман ўзгаришсиз чоп этилди, Чингиз Айтматов “Литературная газета”да махсус мақола ёзиб, Улуғбек образини Коперник ва Галилей қаторига қўйди, 1977-йилда эса асар Ҳамза номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
### “Бирортаси ўқимаган”
Одил Ёқубов адабиётдаги хушомадгўйликка ҳам худди шундай муросасиз эди. Уюшма раҳбари Комил Яшин қабулхонасида амалдор адиб Иброҳим Раҳимнинг “Одам қандай тобланди” номли бўш романи муҳокама қилинганида, бош мафкурачи Лазиз Қаюмов чап лунжидаги туршакни тили билан айлантириб асарни кўкларга кўтаради, Рамз Бобожон эса “уч марта ўқиб тўймадим” дея тилёғламалик қилади. Ёш носир Шукур Холмирзаев чидолмай, кўтаргич крандан йиқилган йигитнинг ерга тушгунча 20 бет давомида хаёл суриши ва парашютдагидек омон қолиши ғирт ёлғон эканини айтганида, ҳамма унга ташланади.
### Сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган сурат
Шунда Одил Ёқубов қизариб-бўғилиб ўрнидан туради-да:
“Ўртоқлар, қачонгача бадиий асарнинг темасига қараб баҳо берамиз? Ҳеч бўлмаганда, шу тор даврамизда ҳақиқий адабиёт ҳақида сўзлашайлик! Агар Иброҳим акага тўғри гапни айтмасак, адабиётимизга хиёнат қилаётган бўлмаймизми? Шукурнинг гапларига келсак, рост гапирди бу ёш дўстимиз!” дея йиғилишни тарк этади.
Кўчага чиққач эса Шукур Холмирзаевга пиқирлаб кулиб: “Ишонасанми, шу романни Лазиз ҳам, Рамз Бобожон ҳам, Нарбай ҳам ўқимаган”, дейди.
Нашриётдаги йилларида у Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини ҳам ҳужумлардан қаттиқ туриб ҳимоя қилди, ўзи эса кетма-кет “Диёнат” (1977) ҳамда Ибн Сино ва Беруний фожиасига бағишланган “Кўҳна дунё” (1982) романларини яратди.
### “Бу қизталоқни ким ўқийди?”
1982-йилда Одил Ёқубов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррир этиб тайинланди. У иш бошлаганида газета адади 40 минг нусха атрофида бўлса, 1987-йилга келиб тираж салкам 1 миллионга етди.
Бош муҳаррир қулоч-қулоч ёзилган сувли мақолаларни ва “ТАСС” ҳамда ЎзТАГдан келадиган қуруқ расмий хабарларни жинидан баттар ёмон кўрарди. Навбатчи ходим: “Бу сиёсий материал, қисқартириб бўлмайди”, деса, у киши ўзига хос лаҳжада: “Лавозимлар билан фамилиялар тўғри ёзилса бўлди. Бундай сийқа мақалаларни кимлар язади? Бу қизталоқни ким ўқийди? Ўқувчини газетадан бездиради, халас!” дея тенг ярмига қисқартириб ташларди.
Табиатан кўнгилчан бўлган Одил Ёқубов мажлисларда: “Раҳматли бобом Ёқуб шайх жуда жаҳлдор одам бўлган. Менинг ҳам жаҳлим чиқса, жуда ёмон қиламан”, деб пўписа қилиб қўярди. Аммо бирор ходимга йиғилишда ҳайфсан эълон қилса, уч-тўрт соат ўтар-ўтмас уни хонасига чақирар, буйруқни кўрсатиб: “Бундай ишларни иккинчи такрорламанг-да, жан дўстим”, дерди-да, қоғозни йиртиб ташларди.
1985-йилда адибга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилди, 1987–1991-йилларда эса у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди.
### Кремлни музлатган нутқ
1989-йил 25-майдан 9-июнга қадар Москвада СССР халқ депутатларининг биринчи сьезди бўлиб ўтди. Қурултой кунлари депутат Одил Ёқубовнинг ҳаловати йўқолди: бир томондан Тошкентдан тинимсиз қўнғироқлар бўлиб, “Ўзбекистонлик депутатлар Москвада магазинма-магазин юришдан бўшамаяптими?” деган таъналар эшитилса, иккинчи томондан ўзбекистонлик бир аёл депутатнинг минбарга чиқиб, 1937-йилги услубда академик Андрей Сахаровни шаллақилик билан қоралагани миллат юзига иснод келтирган эди.
Қурултой тугашига бир кун қолганда, фоеда Ислом Каримов Одил Ёқубовни учратиб: “Мабодо, сўз тегиб қолса, бизни хижолатга қўймайсизми? Нималарни гапирмоқчисиз?” деб сўрайди. Ёзувчи мақсадини қисқа тушунтиргач, Ислом Каримов гаплашиб кўришга ваъда беради ва 9-июн куни унга сўз олиб беради. Ҳаяжондан нутқ матнини меҳмонхонада унутиб қолдирган адиб таксида елдек меҳмонхонага бориб келади ва Анатолий Лукянов унинг номини эълон қилган лаҳзада минбарга кўтарилади.
Одил Ёқубов партияга ҳамд-сано ўқиш одатини бузиб, гапни фоеда икки жувоннинг “Ўзбеклар намунча ўз пахталари тўғрисида жавраб қолишди? Уларнинг руҳий олами бўлганми ўзи?” деган истеҳзоли суҳбатидан бошлади.
У Сталиннинг “пахта мустақиллиги” шиори ўзбекнинг юз минглаб гектар боғларини қириб ташлаганини, саратон жазирамасида 12 соатлаб таътилсиз ишлаётган, кечқурун эса ўчоққа тезак қалаб болаларига оби-ёвғон пишираётган, заҳарли химикатлар дастидан саратон, сариқ ва камқонликка чалинган, “мисдек қорайиб, куйиб кетган қайинларни эслатувчи” ўзбек аёлларининг фожиасини, сўнгги икки йилда 500 га яқин аёл бу зулмга чидолмай ўзига ўт қўйганини Кремл минбаридан баралла айтди.
“Америка жанубидаги оқтанли бағритош фермерлар ҳам қуллардан соғлом, ишга яроқли насл олиш мақсадида уларни обдон тўйдиришган. Шундай қилиб, бўйи икки метрли қора танли полвонлар туғилдики, уларнинг авлодлари ҳозир Америка спортининг ва санъатининг гултожидир.
Хўш, бизнинг қишлоқдаги болаларимиз-чи? Оч-наҳор яшашаётгани (жон бошига 20 килограмм гўшт тўғри келади), оғир меҳнат қилишаётгани натижасида уларни армияга ҳам олишмаяпти. Агар олишса ҳам фақат қурилиш баталёнларида хизмат қилишяпти!”
Одил Ёқубов 1989-йил 9-июндаги нутқидан Адиб мажлисни бошқараётган СССР Министрлар Совети раиси Николай Рижковга юзланиб, талончиликнинг аниқ арифметикасини келтирди: инқилобга қадар рус савдогари бир пуд пахтага 18 пуд буғдой берган. Шўро давлати эса камида 50 сўмлик иккита эркаклар кўйлаги чиқадиган бир килограмм пахтага ўртача 50 тийин тўламоқда, ҳолбуки, Тошкентнинг Олой бозорида ярим килограмм бодринг ҳам 50 тийин туради! Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, бу сўзлар “устаси фаранг шўро мустамлакачиларининг юзига урилган тарсаки эди”.
Нутқининг иккинчи қисмида у Россия 70 йил давомида бошқа республикаларни боқиб келиб ўзи ғариб бўлиб қолгани ҳақида даъво қилган Борис Елсинга жавобан Хўжа Насриддин ва дарвешларнинг “халфана” оши ҳақидаги ривоятни айтиб берди: ўртага гўшт, думба ва гуруч солганлар қолиб, битта саримсоқ олиб келган мулламирқуруқ гадо ҳаммадан кўп ош ейишга уринганда Хўжа Насриддин ёғоч қошиқ билан унинг бошига урганини, бугун эса қўшнингнинг бошига қошиқ билан урсанг, у чўмич билан солишини айтиб, Сталин жорий қилган яширин статистикани очишни талаб қилди.
КГБ раиси Крючковга эса айғоқчиларни ижодий уюшмалардан қидирмасликни, “чунки биз яқин орада ўз уюшмаларимизда бир-биримизнинг гўштимизни еб битирсак керак” дея аччиқ қочирим қилди.
Лукянов қовоқ-тумшуғини осилтириб қизил чироқни ёққанида, залда гулдурос қарсаклар янгради. Минбардан тушаётган Одил Ёқубов залда академик Андрей Сахаров ўрнидан тик турганча, чеҳраси табассумдан ёришиб унга қарсак чалаётганини кўрди. Орадан икки-уч ой ўтиб Сахаров вафот этганида, Ўзбекистондан фақат Одил Ёқубовнинг ёлғиз ўзи Москвага бориб, олимнинг тобути бошида видолашди.
### “Мени биров куёв қилармиди?”: Мансабдан кейинги ёлғизлик ва сўнгги эътироф
Мустақиллик йилларида Одил Ёқубов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси раиси (1991-йилдан) ва Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясининг биринчи вице-президенти (1995-йилдан) бўлиб ишлади. “Оққушлар, оппоқ қушлар” (1988) романидан сўнг “Музаффар Темур” (1996), “Адолат манзили” (1998), “Бир кошона сирлари” (2000) ва “Осий банда” асарларини яратди. 1994-йилда “Дўстлик”, 1998-йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланди.
Бироқ умрининг кексайган палласида, мансаб ва депутатлик курсиларидан кетгач, адиб бир пайтлар дастурхонидан нон-туз еб, атрофида парвона бўлган сохта шогирд ва дўстларнинг юз ўгирганига ҳам гувоҳ бўлди.
“Ёзувчилар уюшмасини фақат мукофот берадиган супермаркет, деб биладилар... Камина баъзида адолатни ёзиб-ёзиб, ўзим адолатга зор ўтганим ҳам, адолат ҳақида куйлаб-куйлаб, сўйлаб-сўйлаб, охир-оқибат, адолатга хор бўлганим ҳам бор ҳақиқат... Мен учун энг катта адолат бу — Ватанимнинг мустақил ва халқимнинг озод бўлгани. Бундан зиёда, бундан Буюк Адолат борми?”
Ҳаётда ниҳоятда камтарин, болалари “бошқа кўйлак, бошқа плаш кийинг” деса, “мени биров куёв қилармиди?” деб кулиб қўядиган, уйда хамир овқат пишган куни кўчадаги оддий қўшниларини чақирмай томоғидан луқма ўтмаган ва умрининг сўнгида вафодор рафиқасига “Мен сизни жонимдан ортиқ севдим, аммо ҳеч қачон сизга хиёнат қилмадим” дея кўнглини очган ёзувчи 83 ёшида йиқилиб, оёғини синдириб олди.
Бир ой давомида ҳушсиз ётган Одил Ёқубов 2009-йилнинг 21-декабр куни Тошкентда вафот этди ва Чиғатой қабристонига дафн қилинди. 2026-йил 28-майда эса миллат дардини энг баланд минбарга олиб чиқа олган адиб вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

