30 млн сўмдан кўп топадиганларнинг 32 фоизи саёҳатга пул сарфламоқчи - Марказий банк
Ўзбекистонда аҳолининг истеъмол кайфияти 2026-йилнинг ИИ чорагида ҳам ижобийлигича қолган. Одамларнинг келгусидаги харажат режалари даромад даражасига қараб анча фарқ қилади: юқори даромадли аҳоли саёҳат, автомобил ва уй-жой харидига кўпроқ маблағ ажратишни режалаштираётган бўлса, даромади пастроқ қатламларда уй-жой таъмири, таълим ва даволаниш асосий харажатлар бўлиб қолмоқда.

30 млн сўмдан ортиқ даромад олувчиларнинг 32 фоизи саёҳатга пул сарфлашни режалаштирмоқда — Марказий банк
Марказий банк июл ойида аҳолининг истеъмол кайфиятини аниқлаш мақсадида қарийб 4,1 минг респондент иштирокида сўров ўтказди.
Унда аҳолининг даромадлари, харажатлари, кредитга эҳтиёжи, жамғариш имкониятлари ҳамда иқтисодиёт бўйича кутилмалари ўрганилди.
### 30 млн сўмдан юқори даромадли аҳолининг асосий режаси — саёҳат
Шарҳдаги энг диққатга сазовор жиҳатлардан бири — даромад ошгани сайин аҳолининг харажатлар таркиби ҳам ўзгариб бораётгани.
20–30 млн сўм даромад оладиган респондентларнинг 18 фоизи саёҳатга, 16 фоизи автомобилга, 15 фоизи эса уй-жой харидига пул сарфлашни режалаштирган.
Даромади 30 млн сўмдан юқори бўлганлар орасида эса саёҳат биринчи ўринга чиқади: уларнинг 32 фоизи саёҳатга, 30 фоизи уй-жой таъмирига, 19 фоизи автомобилга, 17 фоизи уй-жой харидига ва 15 фоизи оилавий байрамларга маблағ ажратишни режалаштирган.
Яъни юқори даромадли аҳолида харажатлар кундалик эҳтиёжлардан кўра кўпроқ йирик харидлар ва хизматларга йўналтирилмоқда.
Марказий банк бунга даромад ошгани сари аҳолининг саёҳат, автомобил ва уй-жой каби йирик харажатларга маблағ ажратиш имконияти кенгаяётгани билан изоҳ берган.
### Кам даромадли аҳолида эса таъмир, таълим ва даволаниш устувор
Даромади 5 млн сўмгача бўлган аҳолининг келгуси харажатларида бошқача манзара кузатилади.
Бу гуруҳда асосий харажатлар: уй-жой таъмири; таълим; даволаниш; кундалик ва бошқа зарур эҳтиёжлар.
Автомобил, саёҳат ёки уй-жой сотиб олиш каби йирик харажатларга қизиқиш эса нисбатан паст. Марказий банк буни кам даромадли аҳолида зарур ва кундалик эҳтиёжларнинг устуворлиги билан изоҳлайди.

