2,7 баробарга қисқарган олтин сотуви ва кескин ошаётган бензин импорти - Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
2026-йилнинг дастлабки 7 ойида 2,8 млрд долларлик олтин сотилди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврида 7,6 млрд долларни ташкил этганди. Қимматбаҳо металл экспорти фақат апрел ва июл ойларида амалга оширилди. Ўзбекистонга импорт қилинаётган маҳсулотларнинг қиймат жиҳатдан учдан бир қисми Хитойдан олиб кириляпти. Ҳонгконг билан савдода 9 баробарлик кескин ўсиш кузатилган.

**Олтин Савдосининг 2,7 Баробарга Қисқариши ва Бензин Импортининг Кескин Ўсиши: Ўзбекистон Ташқи Савдосига Шарҳ**
2026-йилнинг январ-июл ойлари давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 49,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 миллиард долларга ёки 8,1 фоизга ошганини кўрсатади.
Ушбу даврда экспорт ҳажми 19,9 миллиард долларни ташкил этиб, 3,6 фоизга камайган бўлса, импорт ҳажми 29,6 миллиард долларга етиб, 17,8 фоизга ўсган. Натижада, ташқи савдо салбий салдоси 9,7 миллиард долларгача кўтарилган. Шу билан бирга, олтинсиз экспорт ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,7 фоизга ошиб, 9,8 миллиард долларни ташкил этган.
Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг асосий қисми Хитой (22,7 фоиз), Россия (16,4 фоиз), Қозоғистон (6,6 фоиз), Туркия (3,3 фоиз) ва Афғонистон (2,5 фоиз) билан амалга оширилган.
2026-йилнинг дастлабки етти ойида 2025-йилнинг шу даврига нисбатан қиймат жиҳатдан энг катта савдо ўсиши Хитой (+2,83 миллиард доллар), Россия (+859,2 миллион доллар), Гонконг (691,6 миллион доллар) ва Қозоғистон (+631,2 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келади.
Энг тез ўсган йўналишлар Гонконг (9,1 баробар), Ветнам (+77,2 фоиз), Қирғизистон (+53,8 фоиз) ва Афғонистон (+45,8 фоиз) бўлди. Гонконг билан савдо ҳажмининг кескин ошиши Хитойнинг ушбу махсус маъмурий ҳудуди билан олтин соҳасидаги ҳамкорликнинг фаоллашгани билан изоҳланиши мумкин.
Умуман олганда, топ йигирматаликдаги йирик ҳамкор давлатлардан фақатгина Ҳиндистон (-6,6 фоиз) ва Германия (-2,6 фоиз) билан савдо ҳажмида пасайиш кузатилган.
Олтин сотуви 2,8 миллиард долларни ташкил этиб, 63,1 фоизга камайган. Бу умумий экспортнинг 14,1 фоизини ташкил қилади. Йил бошидан бери қимматбаҳо металл сотуви фақат апрел ва июл ойларида амалга оширилган.
Шунингдек, экспорт таркибида хизматлар (36,8 фоиз), саноат товарлари (14,4 фоиз), турли хил тайёр буюмлар (8,4 фоиз), кимёвий воситалар (7,8 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,7 фоиз) ҳамда минерал ёқилғилар (4,7 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

