«24 соат компьютер ўйинларини ўйнадим». Шахматчи Муҳиддин Мадаминов — Олимпиада олтинига олиб борган йўл ҳақида
Муҳиддин Мадаминов шахматга 10 ёшида кириб келган, карантин пайтида машғулотларни деярли тўхтатиб қўйган ва ўз сўзларига кўра, «24 соат компьютер ўйинларини ўйнаган». Бир неча йилдан сўнг у гроссмейстерга айланди, олимпия терма жамоасига кирди ва Самарқанддаги Олимпиаданинг сўнгги турида Ўзбекистонга ҳал қилувчи очкони тақдим этди.

«24 соат компьютер ўйинларини ўйнадим». Шахматчи Муҳиддин Мадаминов — Олимпиада олтинига олиб борган йўл ҳақида
Гроссмейстер Муҳиддин Мадаминов Самарқандда ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси ғалабасининг бош қаҳрамонларидан бирига айланди. Ҳал қилувчи турда унинг украиналик Роман Дехтяров устидан қозонган ғалабаси жамоанинг Украина билан учрашувдаги муваффақиятини таъминлади — 2,5:1,5. Шу билан бирга, олтин медаль учун Ўзбекистонга дуранг ҳам кифоя қиларди, чунки Ҳиндистон ҳам ўз учрашувини дуранг билан якунлаган эди. Натижада терма жамоа ўз тарихида иккинчи бор олимпиада чемпиони бўлди.
Мадаминов учун бу Олимпиада биринчиси эди. У еттита партия ўйнаб, 5,5 очко жамғарди ва бирор марта ҳам ютқазмади.
19 ёшли Мадаминовнинг сўзларига кўра, у шахматга «анча кеч» — 10 ёшида кириб келган.
«2016 йил 5 февралда биринчи марта шахмат клубига келганман ва ўшандан бери шуғулланишни бошлаганман. Шахмат айнан менинг спортим эканини эса тахминан 2020 йилда, карантиндан кейин тушуниб етганман», — деди у.
Ўшанда у бор эътиборини тўлиқ шахматга қаратишга қарор қилган.
«Карантин пайтида менда жуда катта ҳаётий танлов бор эди: шахматни танлаш ва унга ҳаётимни, эътиборимни, вақтимни ва кучимни тўлиқ бағишлаш. 2020 йилда мен шу қарорга келдим ва ўшандан бери профессионал даражада шуғулланиб, ўйнаяпман», — деб сўзлаб берди спортчи.
Мадаминов оилада кенжа фарзанд ва ягона ўғил, унинг иккита опаси бор:
«2016−2017 йилларда онам мени доим шахматга олиб бориб, олиб кетардилар. Онам мен учун энг катта мотивация ва мени ҳаммадан кўп қўллаб-қувватлайдиган инсондирлар».
Ота-онаси уни турли спорт турларига беришга ҳаракат қилишган, аммо жисмоний юкламалардан кейин у тез-тез касал бўлиб қолган.
«Мени шахматга беришганда, у мен учун ҳам ўйин, ҳам спорт эди, шунинг учун жуда қизиқиб қолдим», — деб таъкидлади гроссмейстер.
2019 йилда Мадаминов ФИДЕ устаси унвонини олди. Унинг сўзларига кўра, ўшанда мураббийлар тахминан беш йилдан кейин у гроссмейстер бўлиши мумкинлигини айтишган. Бироқ пандемия ўзгартиришлар киритди.
«Кейин карантин бошланди. Мен шахмат билан шуғулланишни бутунлай тўхтатдим. Биринчидан, назорат йўқ эди, иккинчидан — мотивация. 24 соат фақат компьютер ўйинларини ўйнадим».
2022 йилда Мадаминов халқаро уста, 2024 йилда эса гроссмейстер бўлди.
«Тўғрисини айтсам, 2023 йилда ҳам гроссмейстер бўлишим мумкин эди, чунки рейтингим бор эди. Лекин меъёрларни бажариш менга қийин бўлди», — дея тан олди у.
Олимпиада олдидан Мадаминов терма жамоанинг асосий таркибидан жой олиш учун курашди.
«Бу йил Олимпиада таркибига кириш учун рейтингни ошириш ва рейтинг бўйича ўтиш керак эди. Ва мен „ҳозир рейтинг қўшаман“ деган фикр билан ўйнаган барча турнирларимда ёмон ўйнадим. Буни қабул қилиб, шунчаки ўзимга ёққани учун ўйнашни бошлаганимда, ҳамма нарса ўзгарди. Шахматнинг ўзи — спорт ва жуда ажойиб ўйин. Шунчаки ундан завқланиш ва завқ билан ўйнаш керак», — деди спортчи.
Якунда Мадаминов Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Яқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовлар билан биргаликда Ўзбекистон терма жамоасининг Олимпиада таркибига кирди.
Перуда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаганидан сўнг, Мадаминов Жавоҳир Синдаров билан бирга Германияга ўқув-машғулот йиғинига борди.
«Перуда жаҳон чемпиони бўлганимдан кейин ва турнир тугагач, Жавоҳир ака: „Германияга борайлик, йиғин ўтказамиз“, дедилар. Улар мени тез-тез ўзлари билан чақириб турадилар. Ўша йиғинга ҳам таклиф қилдилар».
У ерда Мадаминов Синдаровга тайёргарликда ёрдам бера бошлади.
«Мен Жавоҳир акага оз-моз ёрдам беришни бошладим. Четдан кузатаётган одам доим кўп нарсани бироз бошқачароқ, баъзан эса жараён ичида бўлган одамдан кўра кўпроқ кўради. Бу мен учун бошқача қарашни очди», — деб таъкидлади у.
«Жавоҳир ака ютганларидан кейин ва президент уларга қўнғироқ қилиб, табриклаганларидан сўнг, Ўзбекистонда шахмат жуда оммалашиб кетди. Одамлар шахматчиларни таний бошлади. Менимча, бу жуда муҳим», — деди 19 ёшли гроссмейстер.
Турнир бошланишидан олдин Мадаминов уйдаги Олимпиада у учун алоҳида воқеа бўлишини айтган эди.
«Бу менинг биринчи Олимпиадам ва унинг Ўзбекистонда ўтаётгани мен учун катта фахр. Бироз босим ва катта масъулият бор. Бизда ҳамма нарса етарли. Айта оламанки, жамоадаги ҳар бир инсон терма жамоа учун бор кучини беришга ва охиригача курашишга тайёр».
«Ҳаётда кейин нима бўлишини билмайман. Лекин бир нарсани аниқ биламан: шахмат мен учун энг севимли машғулот ва менинг спорт туримдир».

