Маҳаллий

“2030-йилгача ҳамма талабалар эҳтиёжини қондирадиган даражада ётоқхоналар қуриб битказилади” — Қўнғиротбой Шарипов

Қўнғиротбой Шарипов: "2030-йилга қадар барча талабаларнинг турар жой эҳтиёжи тўлиқ қондирилади"

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг Уз Репорт ТВ телеканалига берган интервюсида маълум қилишича, Ўзбекистонда 2030-йилга бориб барча талабалар учун етарли миқдорда ётоқхоналар қуриб битказилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, президент қарори асосида мамлакатда ётоқхоналар сонини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

"2030-йилгача барча талабаларнинг эҳтиёжини қондирадиган даражада ётоқхоналар қуриб битказилади. Бинолар давлат-хусусий шерикчилик асосида бунёд этилмоқда. Ҳозирги кунда жами талабаларимизнинг камида 20 фоизи кундузги таълимда ўқийди ва вилоятлардан келган. Уларни ётоқхоналарга жойлаштириш имкониятимиз мавжуд. Қолганлари эса ижарада яшайди ва ижара ҳақининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Шу сабабли, ҳозирда ётоқхонада яшаса ҳам, ижарада турса ҳам харажатлар бир хил бўлади", — деди вазирлик раҳбари.

Қўнғиротбой Шариповнинг таъкидлашича, сўнгги 10 йил ичида республикада 100 минг ўринли ётоқхоналар қурилган. Таққослаш учун, бундан аввалги 100 йил давомида жами 55 минг ўринли турар жой барпо этилган эди.

"Ётоқхоналар бўйича махсус платформа ишга туширганмиз. Ётоқхонага эҳтиёжи бўлган талабалар август ойининг 15-кунидан бошлаб платформада рўйхатдан ўтади. Биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган ёшлар ётоқхонага жойлаштирилади. Кейин узоқ, чекка вилоятлардаги талабаларга имконият берилади. Шаҳарга яқинлашиб келаверади", — деди вазир.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги қатор талабалар турар жойлари оммавий савдога чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу хабарни рад этиб, аслида талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки ТТЖ таркибидаги бўш турган ертўла, ҳовли қисми, ошхона, буфет ёки ётоқ жой сифатида фойдаланилмайдиган майдонлар ижарага берилаётганини маълум қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.