Қўнғиротбой Шарипов янги талабаларга табрик йўллади
Бугун 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига якуний танлов натижалари — мандат эълон қилинди

Қўнғиротбой Шарипов янги талабаларни қутлади
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов олий таълим муассасаларига қабул қилинган ёшларни табриклади.
"Азиз ёшлар!
2026/2027-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига якуний танлов натижалари – мандат эълон қилинди. Аввало, талаба бўлишга тавсия этилган барча ёшларни ушбу қувончли кун билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Бугун сизлар ҳаётингиздаги энг муҳим ва унутилмас кунлардан бирини бошдан кечирмоқдасиз. Сизнинг бу натижага эришишингиз ортида йиллар давомидаги изланиш ва меҳнат, устозларингизнинг сабоғи ҳамда ота-онангизнинг ишончи турибди. Бу ютуқ – нафақат сизларнинг, балки сизларни қўллаб-қувватлаган оилангиз ва устозларингизнинг ҳам қувончидир.
Энди олдингизда янги, янада масъулиятли босқич – талабалик даври турибди. Олий таълим даргоҳида сизларни янги билимлар, янги дўстлар, янги имкониятлар ва катта мақсадлар кутмоқда. Танлаган йўналишингизни чуқур эгаллаб, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштиришингиз, келажакда мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган малакали мутахассис бўлиб етишишингизга ишонаман.
Шу билан бирга, талабаликка тавсия этилмаган ёшларимиз учун ҳам имкониятлар эшиги очиқ. Юртимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган техникумларда таълим олиш ва замонавий касб эгаллаш имконияти мавжуд.
Барча янги талабаларни яна бир бор самимий муборакбод этаман!" дейилади табрикда.

