2030-йилда дунё иқтисодиёти қандай кўринишда бўлади?
2030-йилга бориб жаҳон иқтисодиёти ҳажми 150 триллион доллардан ошиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, глобал иқтисодий ўсишнинг салмоқли қисми Осиёнинг ривожланаётган мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. АҚШ дунёнинг энг йирик иқтисодиёти мақомини сақлаб қолиши, Хитой иккинчи, Германия эса учинчи ўринда қолиши прогноз қилинмоқда.

2030-йилда жаҳон иқтисодиёти қандай манзара касб этади?
Висуал Сапиталист томонидан тақдим этилган инфографикада Халқаро Валюта Жамғармасининг "Ворлд Эсономис Оутлоок" маълумотларига асосланиб, 2030-йил учун мамлакатларнинг номинал ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) бўйича прогнозлар эълон қилинди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030-йилда ҳам дунёнинг энг йирик учта миллий иқтисодиёти таркиби 2026-йилдагига нисбатан ўзгаришсиз қолади.
АҚШ 37,7 триллион долларлик номинал ЯИМ билан жаҳонда биринчи ўринни сақлаб қолиши кутилмоқда. Хитой иқтисодиёти эса 26 триллион долларга етиб, иккинчи ўринда қолади. Германия 6,2 триллион долларлик ЯИМ билан учинчи йирик иқтисодиёт мақомини сақлаши прогноз қилинмоқда. Бироқ унинг кўрсаткичи АҚШ ва Хитойдан сезиларли даражада паст бўлади.
Прогнозларга кўра, 2026–2030-йиллар оралиғида АҚШ, Хитой ва Германия иқтисодиётлари биргаликда ишлаб чиқариш ҳажмини 10 триллион доллардан кўпроққа оширади. Ушбу ўсишга энг катта ҳиссани Хитой қўшиши кутилмоқда.
**Осиё ва Яқин Шарқнинг улуши ошади**
2030-йилга бориб Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларининг умумий иқтисодий ҳажми 55,7 триллион долларга етиши прогноз қилинмоқда. Бу жаҳон иқтисодиётининг учдан бир қисмидан ҳам кўпроғини ташкил этади.
Минтақада Хитой ва Ҳиндистондан кейинги энг йирик иқтисодиёт Япония бўлиб қолади. Унинг номинал ЯИМ 2030-йилда қарийб 5 триллион доллар бўлиши кутилмоқда. Кейинги ўринларда Жанубий Корея ва Индонезия жойлашиши прогноз қилинган.
Япония иқтисодиёти узоқ вақтдан бери нисбатан паст ўсиш суръатларини намоён қилиб келмоқда. Бир вақтлар дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти бўлган мамлакат 2010-йилда бу ўринни Хитойга бой берган. 2024-йилда эса Германия ҳам номинал ЯИМ ҳажми бўйича Японияни ортда қолдирган.
Шу тариқа, глобал иқтисодий ўсиш марказининг Осиё томон силжиши кейинги йилларда ҳам давом этиши кутилмоқда.
**Европа иқтисодиёти 37 триллион долларга етиши мумкин**
2030-йилда Европа мамлакатларининг умумий ЯИМ қарийб 37 триллион долларни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Европа иқтисодиётининг ўзига хос жиҳати шундаки, минтақадаги иқтисодий қувват бир нечта йирик мамлакат ўртасида нисбатан тенг тақсимланган. Бу жиҳатдан Европа Шимолий ва Жанубий Америкадан фарқ қилади. Шимолий Америка иқтисодиётининг ярмидан кўпроғи АҚШ ҳиссасига тўғри келса, Жанубий Америкада худди шундай устун мавқени Бразилия эгаллайди.

