Маҳаллий

12–13 дақиқа ўрнига 9 дақиқа: Тошкентда яна бир кўчада «яшил тўлқин» ишга тушди

Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасидаги 6 километрлик участкада 13 та светофор «яшил тўлқин» тизимига мувофиқлаштирилди. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ўлчовларига кўра, тиғиз бўлмаган вақтда ушбу масофани босиб ўтишга сарфланадиган вақт тахминан 25 фоизга қисқарган.

12–13 дақиқа ўрнига 9 дақиқа: Тошкентда яна бир кўчада «яшил тўлқин» ишга тушди

Тизим Қўйлиқ кўпригидан кейинги «Қўйлиқ ота» мақбарасидан ЎзБУМгача бўлган йўналишда жорий этилган ва сутка давомида ишлайди.

Марказ берган маълумотга кўра, аҳоли ушбу кўчада «яшил тўлқин»ни созлаш зарурлиги ҳақида бир неча бор мурожаат қилган. Шундан кейин мутахассислар участкадаги светофорлар ишини ўзаро мослаштирган.

Ўлчовлар шуни кўрсатдики, аввал тиғиз бўлмаган вақтда йўлни босиб ўтиш 12–13 дақиқа олган бўлса, ҳозир бунинг учун тахминан 9 дақиқа етарли бўлмоқда.

«Яшил тўлқин» барча чорраҳаларда чироқ доим яшил ёниб туришини англатмайди. Светофорлар ҳайдовчи белгиланган тезликда ҳаракатланганда имкон қадар кўпроқ чорраҳадан яшил чироқда ўтиши учун мослаштирилади.

Тизимнинг вазифаси — қизил чироқда тўхташлар сонини камайтириш, ҳаракатни бир маромда ташкил этиш ва йўлга кетадиган вақтни қисқартириш.

Фарғона йўли кўчаси пойтахтнинг асосий кириш транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. Қўйлиқ йўналишидан келаётган катта автомобил оқими шу кўча орқали шаҳарнинг марказий қисми томон тақсимланади.

Мутахассислар кун давомида транспорт ҳаракатини кузатиб бормоқда. Зарур ҳолларда светофорларнинг иш режимларига қўшимча ўзгартишлар киритилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.