Спорт

114 та айблов. «Сити» нимада айбланмоқда?

Охирги икки йилда ўзбекистонликлар учун дунё футболидаги асосий жамоага айланган «Манчестер Сити» жиддий муаммо гирдобида. Замонавий футбол тарихида ҳеч бир клуб бундай ҳолатга тушмаган. «Шаҳарликлар» 115 та банднинг 114 таси бўйича айбдор деб топилди.

114 та айблов. «Сити» нимада айбланмоқда?

Энди «Сити» очколардан маҳрум қилиниши, бир неча трансфер ойнаси давомида тақиқ остида қолиши ва энг оғир ҳолатда Англия юқори дивизионидан четлатилиши мумкин. Бир пайтлар «Ювентус» билан юз бергани каби. Ишонинг, ҳозирги «Сити»нинг ҳолати Калчаполи давридаги «Юве»никидан ҳам ёмонроқ.

Футбол азалдан миллиардлар ўйини бўлиб келган: у энг оммабоп спорт тури бўлиш билан бирга улкан бизнес, катта даромад манбаи ва кучли пиар воситаси ҳамдир. Сўнгги ўн йилликда айниқса бадавлат одамлар футбол орқали ном чиқара бошлади ва бу ажойиб ўйиндан ўзини яхши кўрсатадиган «юмшоқ куч» сифатида фойдаланишга ўтди. Бизда ҳам вилоят ҳокимлари маҳаллий клубга бюджетдан ақл бовар қилмас даражада катта маблағ ажратиб, халқ орасида обрўсини ошириб олган ҳолатлар кўп учраган, бунга ўнлаб мисол келтириш мумкин.

Европаликлар учун осиёлик бойлар қитъанинг йирик клубларига олди-орқасига қарамай пул сочиб, рақобатда бошқалардан устун бўлиб кетиши жиддий муаммо сифатида кўринди ва УЕФА молиявий фейр-плей деган қоидани ўйлаб топди. Яъни клубларга пул тикиш тақиқланмайди, фақат даромад харажатдан кўпроқ бўлиши керак. Ажойиб қоида, сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.

Аммо осиёлик бойлар ҳам содда эмас, молиявий чекловларни четлаб ўтишда уларга тенг келадигани йўқ ахир! Масалан, энг зўр футболчилар 80-90 миллион евро турган пайтда, бозорни ларзага солиб, Неймарга 222 миллион евро тўлашади. Неймарга катта маош таклиф қилингани учун унинг ярмини клубдан, қолганини эса «Қатар туризм элчиси бўлгани учун» беришади. Роберто Манчини «Сити»даги маошидан ҳам кўпроқ пулни гўёки БААнинг «Ал Жазира» клубида «маслаҳатчи бўлгани учун» олади.

Жуда таниш схема, шундай эмасми? Лекин Европа учун бу қабул қилиб бўлмайдиган фирибгарлик, демократия анъаналарига зид ғирромлик. ПСЖ ва «Ман Сити» мисолида мухлислар молиявий фейр-плей бузилаётганини ҳеч қандай суриштирувсиз кўриб туришар, араб бойлари эса европалик қонун ҳимоячиларига мазах қилгандек кулиб қўяверишарди.

Лекин улар «емоқнинг қусмоғи борлигини» унутишди. Мана, ўша кун келди. Футболда пул рақобатга путур етказмаслиги керак деган қоида ишлади. Энди «Сити» 9 йил ичидаги барча совринлардан маҳрум қилиниши мумкин. Агар араблар шу можародан ҳам чиқиб кетмаса. Ахир коррупсияга мойил, шуурида жиноий пуллар орзуси яшовчи одамлар орасида «пул ҳал қилолмаган нарсаларни катта пул ҳал қилади» деган жиноий ибора бекорга тарқалмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.