1-ноябрдан бизнеснинг электр ва газга олдиндан тўлови 15 фоизга туширилади
Президент фармонига асосан, 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган тадбиркорлик субьектлари учун аванс тўлови миқдори 100 фоиздан 15 фоизга туширилади. Охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаган тадбиркорлик субьектлари бундан мустасно. Бизнеснинг электр энергияси ва газ сарфи тўғрисида ҳисобот топшириш мажбурияти ҳам бекор қилинади.

1-ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун электр ва газга олдиндан тўлов миқдори 15 фоизга туширилади.
Бу Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган фармонда кўзда тутилган.
Фармонга кўра, 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб, электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган, масофадан ўчириш (ёқиш) имкониятига эга ҳисоблагичи бўлган тадбиркорлик субьектлари учун қуйидагилар жорий этилади:
* Электр энергияси ва табиий газнинг ойлик истеъмоли учун олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори 15 фоиз этиб белгиланади (охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаганлар бундан мустасно).
* Электр энергияси ва газ сарфи тўғрисидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналарига топшириш мажбурияти бекор қилинади.
Шунингдек, 1-ноябрдан бошлаб истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини электрон тузиш орқали уларни қоғозда расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
**Молиявий жарималар ўртача 2 баробарга камайтирилади**
Фармон билан, уч ой муддатда барча турдаги молиявий ва маъмурий жарималарни тўлиқ хатловдан ўтказиб, мутаносиблик принсипидан келиб чиққан ҳолда уларнинг миқдорини ўртача икки баробар камайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилди.
Ушбу топшириқ ижросига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Бизнес-омбудсман масъул этиб белгиланди.

