Маҳаллий

«Закладка» усулида наркотик тарқатган шахслар қўлга олинди

Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиш билан шуғулланган икки нафар шахс ушланди. Тезкор тадбирлар давомида улардан 3 килограммдан ортиқ турли хил наркотик моддалар, шунингдек, уларни қадоқлаш учун мўлжалланган анжомлар мусодара қилинди.

«Закладка» усули орқали гиёҳванд моддалар тарқатган шахслар ҳибсга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида яшовчи, 1993-йилда туғилган фуқарога тегишли автомашина ва унинг яшаш хонадони холислар иштирокида текширилди.

Текширув натижасида 1,1 килограмм «Алфа-ПВП», 1,9 килограмм марихуана, 65 грамм героин ҳамда 16 грамм «5Ф-АПИНАСА» гиёҳвандлик воситалари топилди. Шунингдек, наркотикларни қадоқлашда ишлатилган зип-пакетлар ва электрон тарози ашёвий далил сифатида олинди.

Тезкор тадбир давомида ушбу шахсга гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиш бўйича топшириқ берган, 1988-йилда туғилган ва аввал гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган аёл ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Идора мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланишини кафолатлашини маълум қилди.

alfa-pvpmarijuanadrug bustuzbekistanarrestsdrug traffickingheroinlaw enforcement