Ёзда терлашни камайтиришга ёрдам берадиган 3 одат

Ёзда терлашни камайтиришга ёрдам берадиган 3 та одат
Инсон танасида уч миллионга яқин тер безлари мавжуд. Терлаш табиий физиологик жараён бўлиб, у орқали танадан токсинлар ва зарарли моддалар ҳам чиқиб кетади. Иссиқ ҳавода инсон организмида ўзига хос "кондиционер" — терморегуляция ишга тушади. У танани совутиб, ҳаддан ташқари қизиб кетишининг олдини олади.
Аслида терининг ҳиди бўлмайди, у шунчаки тузлар ва органик моддаларни ўз ичига олган суюқликдир. Ёқимсиз ҳиднинг сабабчиси тоза бўлмаган тана ва бактериялардир. Кундалик фойдаланадиган дезодорант ва антиперспирантлар янада самарали таъсир қилиши учун қуйидаги халқона усуллардан фойдаланиш тавсия этилади.
**Маврак чойи**
Тананинг ҳаддан ортиқ терлаши тиббиётда гипергидроз касаллиги деб аталади. Унга қарши мавракдан тайёрланган чой ва дамлама фойда бериши исботланган. Маврак таркибидаги флавоноидлар, алкалоидлар, урсол кислотаси ва олеин кислотаси туфайли организмдан ортиқча намлик чиқишини камайтиради.
**Талк кукуни**
Хушбўй ифор билан тўйинган талк ёки чақалоқлар учун мўлжалланган упа ҳам ортиқча терлашда самарали ҳисобланади. Болалар упаси нафақат чақалоқ терисини қизариш ва шикастланишдан ҳимоя қилади, балки намликни ўзига тортиб олиш хусусиятига ҳам эга. Сиз шунчаки терлаш кучайган жойларга оз миқдорда қўллашингиз керак. Бундай усулнинг ягона салбий томони — талкни кун давомида бир неча маротаба янгилаб туриш керак.
**Олма сиркаси**
Кечаси уйқудан аввал қўлтиқ соҳасига олма сиркасини суртиш, сўнг эрталаб душда ювиб ташлаш ҳамда доимгидек дезодорант қўллаш методи ҳам мавжуд.
Ортиқча терлашга қарши усулларнинг қайси биридан фойдаланишингиздан қатъи назар, шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг, чунки гипергидроз менопауза ёки жиддий касалликлар борлигидан огоҳлантирувчи белги бўлиши мумкин.

