Бошқа

Европадаги аномал иссиқнинг асосий сабаби аниқланди

Европадаги аномал иссиқнинг асосий сабаби аниқланмоқда

Европадаги рекорд даражадаги иссиқ ҳавонинг сабаби чўллардан келаётган субтропик антисиклонлар эканлиги маълум бўлди. Улар одатий океан антисиклонини сиқиб чиқаришмоқда. Бу ҳақда Камерино университети профессори, иқлимшунос Массимилиано Фаззини “РИА Новости” нашрига маълум қилди.

Олимнинг таъкидлашича, Саҳройи Кабир ёки Эрон платосидан келаётган антисиклонлар жуда кучли бўлиб, 6-8 километр баландликка етади. Ушбу иссиқ ҳаво массаси тоғ тизмаларидан ўтиб, пастга тушганда сиқилиш натижасида янада қизийди. Натижада ер юзасидаги ҳарорат ҳаддан ташқари кўтарилади.

Аввал Ғарбий Европада асосан океан антисиклонлари ҳукмронлик қилган бўлса, ҳозир чўллардан келаётган субтропик антисиклонлар кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, Яқин Шарқдаги чўл ҳудудлари Саҳройи Кабир шимолига қараганда тезроқ қизияпти.

“Ҳозирги иссиқ ҳаво тўлқинларининг бундай кучли бўлишига айнан шу сабабдир. Ер юзасидаги ҳаво дастлаб жуда иссиқ бўлади, пастга тушувчи ҳаво оқимлари эса уни янада қиздириб юборади,” деди Массимилиано Фаззини.

Рекорд даражадаги иссиқ ва “қизил” хавф

Июн ойининг ўрталарида Европада ғайритабиий иссиқ об-ҳаво кузатилди. Бир қатор мамлакатларда ҳарорат 40 даражадан ошди. Июн ойининг сўнгги ҳафтасида эса бир нечта Европа давлатида мутлақ ҳарорат рекордлари янгиланди. Вазиятнинг жиддийлиги сабабли қуйидаги давлатларда энг юқори — “қизил” хавф даражаси эълон қилинди: Франсия, Буюк Британия, Нидерландия ва Италия.

Айни вақтда Апеннин яриморолига (Италия ҳудуди) учинчи иссиқ ҳаво тўлқини яқинлашмоқда. Аввалроқ бу жазирама сабаб Европада 10 мингдан ортиқ одам вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Жазирама билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг аксарияти 65 ёш ва ундан катталар орасида қайд этилган.

Мутахассисларга кўра, аномал ҳарорат нафақат иссиқ уришига, балки юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларининг кучайишига ҳам олиб келади. Кекса ёшдаги инсонлар эса бундай хавф қаршисида энг заиф қатлам ҳисобланади.

iqlim o'zgarishiissiq havojaziramayevropaantisiklonrekord haroratxavf darajasisog'liq muammolari