Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари Ғазо учун 1 млрд доллар ажратди

Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари Ғазо учун 1 миллиард доллар ажратди

Европа комиссияси ва ўндан ортиқ давлат 13-июл куни Ғазога урушдан кейин тикланиш мақсадида 1 миллиард доллар ёрдам бериш ташаббусини эълон қилди. Бу ҳақда Реутерс хабар берди.

Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи 2023-йил октябр ойида Исроилга ҳужум қилганидан сўнг, бошланган можародан Ғазо ҳудуди ҳали ҳам вайронагарчилик ичида қолмоқда. 2025-йилнинг октябридан буён ҳудудда сулҳ амал қилмоқда. БМТ Ғазони қайта тиклаш ишларини қарийб 70 миллиард доллар деб баҳолаган.

“Ғазо жамоаси ташаббуси” нима билан шуғулланади?

Брюсселда донорлар йиғилишида бошланган “Ғазо жамоаси ташаббуси” (Теам Газа Инитиативе) бир қатор муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Европа комиссиясининг баёнотига кўра, лойиҳалар қуйидагиларни ўз ичига олади:

- сув таъминоти ва канализация тизимини тиклаш;

- вайроналар ва чиқиндиларни тозалаш;

- соғлиқни сақлаш тизимини қайта йўлга қўйиш.

Ташаббусда Европа комиссияси, Жаҳон банки, Европа инвестиция банки ва бир қатор давлатлар иштирок этмоқда. Улар орасида Испания, Дания, Буюк Британия, Германия, Норвегия, Финляндия, Италия, Нидерландия, Франсия, Япония, Швейсария, Швеция ва Белгия мавжуд. Шунингдек, Австралия ва Канада ҳам ушбу ташаббусга қўшилиши кутилмоқда.

“Бизнинг мақсадимиз аниқ: Фаластин халқи учун умид, чидамлилик ва яхши келажак барпо этишга ёрдам бериш”, деди Европа иттифоқининг Ўрта Ер денгизи бўйича комиссари Дубравка Шуика.

Европа комиссияси ҳар бир ҳамкор ушбу янги ташаббусга қанча маблағ ажратиши ҳақида аниқ маълумот бермади.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг ҳаво ва қуруқликдаги бомбардимонлари натижасида Ғазонинг қарийб 2 миллион аҳолиси бутунлай уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ҳозирда уларнинг аксарияти чодирларда ёки вайрон бўлган биноларда яшамоқда. Ҳудуднинг ўзи эса сезиларли даражада қисқарган ва уни ҲАМАС бошқармоқда.

Исроил қўшинлари ҳозирда Ғазонинг деярли 70 фоизини назорат қилмоқда. Улар бош вазир Бинямин Нетаняху томонидан ҲАМАС ҳужумларининг олдини олиш учун буфер зона деб аталган ҳудудда патруллик қилмоқда. Нетаняху Исроил бу ҳудуддан қўшинларини олиб чиқиб кетмаслигини таъкидлаб келмоқда.

ҲАМАС 6-июл куни Ғазо секторини қарийб йигирма йилдан бери бошқариб келаётган маъмурий органни тарқатиб юборишини эълон қилганди. Ушбу қарор минтақада фуқаролик бошқарувини жорий этиш учун технократик қўмитага йўл очади.

isroilg‘azoyevropa ittifoqiyordamhamastiklanishdonorlarmojarolar