«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» миллий танлови ғолиб ва совриндорлари тақдирланди (фото)
Танловнинг туман ва шаҳар босқичида 124 минг нафардан зиёд ёшлар ўз истеъдод ва қобилиятларини намоён

«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» миллий танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди (фото)
Бугун «Ҳумо Арена» мажмуасида Президент соврини учун мамлакатимизда илк бор ташкил этилган «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг танлов ғолибларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 124 минг нафардан зиёд ёшлар ўз истеъдод ва қобилиятларини намойиш этди. Ушбу танлов кўплаб мактаб битирувчилари ҳаётида янги саҳифа очиб, 22 минг нафар йигит-қизга ишлаш, таълим олиш ёки меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш имкониятини яратди. Якуний натижаларга кўра, ўнта касб йўналишида энг юқори натижага эришган 120 нафар иштирокчи ғолиб ва совриндор деб топилди.
Табрикда танлов ғолиблари ва юқори натижа кўрсатган иштирокчилар орасидан Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириб, уларни «ВорлдСкиллс Интернатионал» халқаро касбий маҳорат мусобақасида муносиб иштирок этишга ҳозирдан тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Бу мақсадга эришиш учун энг кучли маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этиш, жамоани замонавий ускуналар ва ўқув-машқ базаси билан таъминлаш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбарининг қутловида бутун Ўзбекистон ёшларига халқимизнинг юксак ишончини оқлаш учун доимо изланиш, янги билим ва технологияларни эгаллаш, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда ўз касбининг энг илғор мутахассиси бўлиб етишишга даъват этилди.
Улар ўз меҳнати, билими ва кўникмалари билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, Янги Ўзбекистонни бунёд этадиган олтин авлод бўлиб етишишига ишонч билдирилди.

