«Худди шундай, жаноб прокурор»
«Ҳовли олма − қўшни ол» деган гапни айтган кишининг отасига раҳмат, онасига қуллуқ. Нега дейсизми?

«Худди шундай, жаноб прокурор»
«Ҳовли олма, қўшни ол» деган нақлнинг муаллифига минг раҳмат. Нима учун дейсизми?
Тўқсонинчи йилларнинг бошларида Тошкент марказидаги Дархон мавзесида, олти қаватли «московча» уйларда яшардик. Қўшниларимиз ҳам шунга яраша – вазирлар, вазир ўринбосарлари, прокурорлар, судялар, юқори лавозимли ҳарбийлар ва эндигина оёққа тураётган янги бойлар эди. Қўшничилик муносабатлари деярли сезилмасди. Кўпчилик ўз ишлари билан банд бўлиб, бир-бири билан киришиб-чиқишмасди.
Баҳорда ҳовлини тозалаш учун ҳашарга чорлаганимизда, элликдан ортиқ хонадондан атиги уч-тўрт киши пастга тушди. Баъзи хонадон эгалари вақтлари йўқлиги сабабли мардикор ёллашган эди.
Майли, шунга ҳам шукур, деб ҳовлини тозаладик, сув йўлларини очдик, дарахтлар тагини юмшатиб, уларга шакл бердик. Натижада кўрган кишининг баҳри-дилини очадиган гўзал ҳовли пайдо бўлди. Аммо...
Орадан уч-тўрт кун ўтиб-ўтмай, биз тозалаган жойлар яна ифлослана бошлади. Кимдир балкондан чиқинди тўла пакетни отганми, ҳовли бўйлаб сочилиб ётарди. Пакет ичида бўш консерва идишлари, конфет, сигарета, колбаса, балиқ тузламаси, қора-қизил увулдириқ ва оддий одамларнинг кўзи тушмаган бошқа қимматбаҳо егулик-ичимликларнинг қолдиқлари бор эди. Ҳатто нон бўлаклари ҳам сочилиб ётарди.
Ким шундай қилиши мумкин? Ўзимча журналистик текширув ўтказдим. Олти қаватли уйнинг ҳар қаватида иккитадан хонадон бор эди. Биринчи қават – йўқ, бу қўшнилар бундай қилишмайди. Иккинчи қаватда ўзимиз турамиз, қўшнимиз бир-икки ойдан бери уйига келмайди. Учинчи қаватдагиларга ҳам шубҳа йўқ...
Аста-секин юқорига кўтарила бошладим. Ўзбекистонда тартиб ўрнатиш учун келган десантчи прокурор яшайдиган хонадонга тўхтадим. «Ҳа, бу шу оиланинг иши. Бу домда «Марлборо» сигаретасини шу «тартибчи»дан бошқа ҳеч ким чекмайди. Қиммат конфетлар, колбасалар шундайларнинг дастурхонида бор».
Хулосам аниқлигига ишонч ҳосил қилгач, сочилиб ётган ахлатни пакетга жойлаб, юқорига кўтарилдим ва эшик қўнғироғини босдим. Пакетни менга ёвуз нигоҳ билан қараб турган хизматкор аёлнинг қўлига бериб, орқамга қайтдим...
Эртаси куни эрталаб прокурор Гайданов билан ҳовлида хизмат машиналаримизга ўтираётиб учрашиб қолдик. У менга ўдағайлаб, прокуророна пўписа қилди ва «Менинг уйим сенга мусурхонами?» деди.
Мен ҳарбийчасига «Худди шундай, жаноб прокурор», деб баттар жазава қўзғадим. Яна бир-икки жумладан кейин унинг попуги ўз-ўзидан пасайди. Чунки... қўлидаги сигарета уни аллақачон фош қилиб бўлган эди.
Аҳмаджон Мелибоев

