Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли Европагача узайтирилиши мумкин

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли лойиҳаси келажакда Европага қадар чўзилиши мумкин бўлган йирик транспорт йўлининг бир қисмига айланиши эҳтимоли бор. Бу йўналиш Каспий денгизи, Озарбайжон ва Туркия орқали ўтади. Бу ҳақда Қаҳрамонмараш Сутчу Имом университети профессори Тўғрул Исмоил АзерТас ахборот агентлигига маълум қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг транспорт географиясини сезиларли даражада ўзгартириб, Ғарб бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини яратади. Профессорнинг фикрича, темирйўл Ўзбекистон орқали Каспий денгизига, сўнгра Озарбайжон ва Туркия орқали Европа мамлакатларига уланиши мумкин.
"Узоқ вақт давомида ички ҳудудда жойлашган давлат сифатида кўрилган Қирғизистон бу орқали Ғарб бозорларига қисқа йўл топади", — дейди Тўғрул Исмоил.
Унинг сўзларига кўра, бундай йўналишнинг ривожланиши Озарбайжон учун ҳам катта фойда келтиради. Бу мамлакатга Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт ва логистика хаби сифатидаги мавқейини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Эксперт лойиҳанинг келажагини Ўрта коридор (Хитой ва Европани Марказий Осиё, Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ҳамда Туркия орқали боғлайдиган йўналиш) билан боғлади. У Зангезур орқали ўтадиган транспорт йўлларини ушбу тизимнинг қўшимча ҳалқаси сифатида тилга олди. Ушбу йўналиш Озарбайжоннинг асосий ҳудуди, Нахчивон ва Туркия ўртасидаги алоқани таъминлаши мумкин.
Тўғрул Исмоилнинг қайд этишича, Марказий Осиё давлатлари транспорт йўлларини кўпайтириш, янги бозорларга чиқиш ва инвестициялар жалб қилишдан манфаатдор. Озарбайжон эса Шарқ ва Ғарб ўртасидаги транспорт ҳамда энергетика маркази сифатидаги ўрнини кучайтиришга интилмоқда.
Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилиши расман 2024-йилнинг декабр ойида бошланган эди. Йўлнинг Қирғизистон қисми Торугарт—Макмал—Жалолобод йўналиши бўйлаб ўтади ва Хитой ҳамда Ўзбекистон темирйўл тармоқларини бир-бирига боғлайди. Аввалроқ Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли Туркиягача узайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

