Иқтисодиёт

Ўзбекистон Қувайт ва Сурия бозорларига чиқмоқда — нималар экспорт қилиняпти?

Экспорт жараёнида аввал фойдаланиб келинган Эроннинг Бандар Аббос порти ишлатилмаган

Ўзбекистон Қувайт ва Сурия бозорларига чиқишни мақсад қилган ҳолда, янги транспорт-логистика йўлакларини фаол шакллантирмоқда. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчихонаси миллий маҳсулотларни Қувайт ва Сурия бозорларига барқарор ва тезкор етказиб бериш учун янги логистика йўналишлари устида иш олиб бормоқда.

Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарилган гилам маҳсулотлари Қувайтнинг "Монтреал Ҳоусе Вҳолесале Со" компанияси билан тузилган шартнома асосида янги халқаро логистика йўналиши орқали муваффақиятли етказиб берилди. Бу жараёнда аввал фойдаланилган Эроннинг Бандар Аббос портидан фойдаланилмади. Туркиянинг "Гулф Сарго" логистика оператори янги йўналишни хавфсиз ва истиқболли деб баҳолаб, келгусида юкларни 15-20 кун ичида етказиб бериш мумкинлигини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчихонаси Ироқ орқали Қувайтга маҳсулот етказиб бериш имкониятларини ўрганмоқда. Шу мақсадда Ироқ Савдо вазирлиги, Савдо-саноат палаталари федерацияси ҳамда Курдистон минтақаси Савдо-саноат палаталари федерацияси билан музокаралар ўтказилди. Форс кўрфазидаги геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Эрон ҳудуди орқали муқобил логистика йўналишларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам таҳлил қилинмоқда.

Сурия йўналишида ҳам дастлабки натижалар қайд этилди. Жорий йил май ойида Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи ва дистрибюторлик маркази иш бошлагач, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан янги экспорт шартномалари имзоланди. Натижада Ўзбекистондан Сурияга илк бор ўсимлик ёғи, кир ювиш воситалари ҳамда маиший электр жиҳозларининг дастлабки партиялари экспорт қилинди. Импортёрлар маълумотига кўра, маҳсулотларни Туркия орқали Сурияга етказиб бериш муддати 10-15 кунни ташкил этмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги транспорт-логистика йўлаклари миллий маҳсулотларни Яқин Шарқ мамлакатлари бозорларига узлуксиз ва рақобатбардош шароитларда етказиб беришга хизмат қилади.

uzbekistantrade routeskuwaitcarpetslogisticssyriaexportmiddle east